Жамият | 12:00 / 22.07.2020
7617
5 дақиқада ўқилади

«Дўстликдонмаҳсулотлари» ўз режаларини маълум қилди ва фаолияти билан таништирди

Бу йил мамлакатимиз деҳқонлари ғалла ҳосилидан юқори натижаларга эришдилар. Уларнинг бу ютуқларига уруғлик дон етказиб берадиган донни қайта ишлайдиган корхоналарнинг ҳам ҳиссаси катта. Шунингдек, етиштирилган мўл ҳосил ўрилганидан сўнг, уни омборларга қабул қилиш, қуритиш ва сақлашда «Ўздонмаҳсулот» АЖ таркибига кирувчи корхоналарнинг ҳиссаси беқиёс. Жиззах вилояти Дўстлик туманида жойлашган «Дўстликдонмаҳсулотлари» АЖ корхонаси ҳам деҳқонларга сифатли уруғлик, халқимизга эса сифатли ун маҳсулотлари етказиб бериб келаётган корхоналардан бири ҳисобланади.

Ғалла ўрими мавсумида ушбу корхонада иш қизғин бўлди. Бу корхонага келтирилган ғалла пешма-пеш қуритилиб, омборларга жойланди.

Шунингдек, пандемия шароитида хавфсиз ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш мақсадида корхонада қатор чоралар кўрилмоқда. Тиббиёт ходимлари ичкарига кириб келаётган ҳар бир ҳайдовчи ва бошқа ишчиларнинг ҳароратини текширишаяпти. Шунингдек, антисептик воситалар билан қўлларни тозалаб кириш ташкил этилган.

«Дўстликдонмаҳсулотлари» комбинати 1987 йилда қуриб ишга туширилган. Ўшанда унинг элеватор цехи 62,1 тонна ғалла сақлаш имкониятига эга бўлган. Шундан сўнг ушбу корхона йиллар давомида босқичма-босқич ривожланиб келаверган.

1990 йилда суткасига 250 тонна омихта ем ишлаб чиқарадиган мажмуа ишга туширилган.

1991 йилда суткасига 300 тона ун чиқарадиган тегирмон фойдаланишга топширилган.

1995 йилда комбинат «Дўстликдонмаҳсулотлари» АЖга айлантирилган.

2001 йилда суткасига 25 тонна арпа ёрма цехи ишга туширилган.

Бугун «Дўстликдонмаҳсулотлари» АЖ таркибида учта дон қабул қилиш шохобчалари бор. Жумладан, Арнасойдагиси 30 минг тонна, Дўстликдаги 43,8 минг тонна, Мирзачўлдагиси 42,6 минг тонна ғалла қабул қилиш имкониятига эга.

Шунингдек «Дўстликдонмаҳсулотлари» АЖ таркибида иккита уруғчилик цехи бор. Дўстлик туманида жойлашган биринчи рақамли уруғчилик цехи 2001 йилда, иккинчи рақамли уруғчилик цехи эса 2017 йилда қуриб ишга туширилган.

«Дўстликдонмаҳсулотлари» АЖ замон билан биргаликда одимлаш ва халқимиз дастурхонига сифатли ун етказиб бериш мақсадида ўз таркибидаги турли корхоналарида аниқ дастурлар асосида қайта реконструкция ишларини амалга ошириб келмоқда.

2013 йилда жамият таркибидаги суткасига 250 тонна ғаллани қайта ишлайдиган тегирмон қайта реконструкция қилинди.

«Дўстликдонмаҳсулотлари» АЖ охирги йилларда халқимиз дастурхонига нафақат ун, балки сифатли нон етказиб бериш ишларини ҳам бошлаб юборган. Шу мақсадда 2018 йилда Дўстлик тумани «Манас» МФЙ ҳудудида йилига 730 минг дона, Мирзачўл тумани «Ғалаба» МФЙ ҳудудида йилига 780 минг дона нон ишлаб чиқариш қувватига эга нон пишириш корхоналарини ишга туширди.

— Бугунги кунда «Дўстликдонмаҳсулотлари» АЖда жами 298 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилмоқда. Бундан ташқари, биз ҳар йили ғалла ўрими бошланиши арафасида яна 100 нафардан ошиқ одамни мавсумий ишга қабул қиламиз. Улар ғаллани қабул қилиш, қуритиш ва омборларга жойлаш ишларида ёрдамлашади.

Ишчиларимизга одатдаги иш кунларида бепул тушлик ташкиллаштирилган. Ғалла ўрими пайтида ишлар икки сменада ҳам олиб берилиши муносабати билан уларга уч маҳал иссиқ овқат тайёрлаб берилади.

Сўнгги йилларда соҳага берилаётган эътибор туфайли ишчи-хизматчиларнинг маошлари салмоқли оширилди. Уларга қулай шарт-шароитлар яратилди, — дейди корхонанинг ишлаб чиқариш бўйича директори Умар Омонов.

Бугун корхона лабораториясида қабул қилинаётган ғалланинг сифатини текшириш учун барча шароитлар яратилган.

Бундан ташқари, «Дўстликдонмаҳсулотлари» АЖ пандемия шароитида аҳолининг кам таъминланган қатламига ёрдам бериш мақсадида 100 нафар оилага 1 млн сўмдан маблағ улашди. Шунингдек, қўшни Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида сув омбори тўғони ўпирилишидан жабр чеккан хонадонларга ун ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Корхонада эртанги кунга ишонч билан ватан равнақи йўлида баҳамжиҳат, ҳалол меҳнат қилиш қадрият даражасига етган. Шу сабабли, «Куч бирликда» шиори остида келажак томон қадам ташлаётган «Дўстликдонмаҳсулотлари» АЖнинг хайрли ишлари янада қулоч ёяверади.

«Дўстликдонмаҳсулотлари» АЖ

Реклама ҳуқуқи асосида