Адлия вазирлиги «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига чиқарди.
Лойиҳада инсон соғлиғига ва жамиятга зиён етказмайдиган фаолият турларини лицензиялашдан чиқариб ташлаш ҳамда хавфлилик даражаси паст бўлган фаолиятларни тартибга солишнинг муқобил усулларига ўтказиш таклиф қилинмоқда. Мазкур йўналишда риэлторлик, яъни халқимиз тилида «маклерлик» фаолиятини лицензиялашни ҳам бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Фармон лойиҳасида бу соҳани такомиллаштириш борасида қуйидагилар таклиф этилмоқда:
- риэлторлик фаолияти турини лицензиялашдан чиқариш;
- кўчмас мулк билан боғлиқ барча риэлторлик хизматларини амалга ошириш имкониятини берувчи ягона ахборот тизими жорий қилиш ва риэлторлик хизматларини ушбу тизим орқали бажариш тартибини белгилаш;
- риэлторлик ташкилотларнинг жамоат бирлашмаларини Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигидан аккредитациядан ўтказиш ва ўзини-ўзи бошқариш механизмини жорий этиш.
Бугунги кунда риэлторлик фаолияти қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади?
Риэлторлик фаолияти соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 10 майдаги 129-сон қарори билан тасдиқланган Риэлторлик фаолиятини лицензиялаш тўғрисида Низом
ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Муаммолар ва ечим
Мазкур фаолият турини лицензиялаш масаласида қуйидаги жиддий муаммолар мавжуд:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги ПФ–5409-сон Фармони билан, 2018 йил 1 июндан кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензиянинг бекор қилиниши, риэлторлик фаолиятининг бошқа йўналишлари учун лицензиялаш ваколати эса Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига берилиши белгиланган бўлса-да, бугунги кунгача «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун ва бошқа тегишли қонун ҳужатларига ушбу Фармон талабларидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 январдаги ПФ–5630-сон Фармонида Давлат рақобат қўмитаси тугатилиши муносабати билан риэлторларни сертификатлаш бўйича ваколатлар Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилиши белгиланган бўлса-да, бугунги кунгача риэлторларнинг малака сертификатини бериш тартибини белгилайдиган асосий ҳужжатга (Адлия вазирлигида 10.06.2011й. 2236-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом) мазкур Фармон талабларидан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмаган.















