Жаҳон | 10:53 / 23.07.2020
4279
2 дақиқада ўқилади

Дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 15 миллиондан ошди

Бутун дунёда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 15 миллиондан ошди. Бу ҳақда онлайн тарзда ҳукуматлар берган маълумотлар ва расмий манбалар ахбороти асосида статистикани тақдим этиб бораётган АҚШнинг Жонс Ҳопкинс университети маълум қилган.

Шу вақтгача 622 мингдан ошиқ киши коронавирус қурбони бўлган.

Сўнгги пайтларда касалланишлар сони бутун дунёда кескин ошиб бормоқда. Кунига 230-240 мингта янги касалланиш ҳолати қайд этилмоқда. Июль бошида кунига 180-190 мингта янги ҳолат қайд этилаётганди.

  • Тасдиқланган ҳолатлар сони бўйича ҳамон АҚШ етакчилик қилмоқда, бу мамлакатда коронавирусдан зарарланганлар сони 3,969 млн. Бразилия иккинчи ўринда (қарийб 2,22 млн ҳолат), учинчи ўринда — Ҳиндистон (1,19 млн ҳолат), тўртинчи ўринда — Россия (789,1 минг ҳолат), бешинчи ўринда — Жанубий Африка Республикаси (394,9 минг ҳолат).
  • Дунё бўйича касалланиш ҳолатлари сони 15,2 миллионни ташкил этмоқда. Бир ой олдин, 28 июнь куни касалланиш ҳолатлари сони 10 миллионлик нуқтадан ўтганди.
  • АҚШ ҳукумати Pfizer компаниясига коронавирус инфекциясига қарши 100 млн доза вакцина тайёрлаш ва етказиб бериш учун 1,95 млрд доллар тўламоқчи. Ҳозирда вакцина клиник синов босқичида турибди.
  • Нью-Йоркдаги Колумбия университети олимлари антитаначалардан «коктейл» тайёрлашгани, бу коронавирусни йўқ қилиши мумкинлигини айтиб чиқишди. Ҳозирча тадқиқотлар жониворларда ўтказилмоқда, октябрь ойида уни одамларда клиник синов қилиш кутилмоқда. Тадқиқот иштирокчиларининг маълум қилишича, препарат вакцина ўрнини эгаллаши ва касалларни даволашда профилактика сифатида қўлланиши мумкин.
  • Бразилияда пандемия даврида кунлик зарарланиш бўйича рекорд қайд этилди — 67 860 кишида инфекция аниқланди. Аввалги рекорд 19 июнь куни қайд этилган, ўшанда Бразилияда 54 771 кишида коронавирус аниқланганди.

Мавзуга оид