Ўзбекистон | 20:37 / 23.07.2020
17731
4 дақиқада ўқилади

Кислород концентраторлари атрофидаги машмашалар: уни ишлатишда нималардан эҳтиёт бўлиш керак?

Юртимизда коронавирус инфекцияси яна авж олгач, COVID-19 касаллигига йўлиққан кўплаб инсонларда нафас етишмовчилиги муаммоси кузатилмоқда. Одамлар кўпчилиги умрида номини эшитмаган пульсоксиметр, кислород концентратори деган матоҳларнинг нималигини билиб олишди.

Фото: hamyarsalamat.com

Пульсоксиметр — қоннинг кислород билан тўйинганлик даражаси (сатурацияси)ни кўрсатадиган асбоб бўлса, кислород концентратори хона ичидаги ҳаводан кислородни тўплаб берувчи мосламадир.

Ўтган ҳафтада Smartgov Consulting компанияси ижрочи директори, иқтисодчи Азиза Умарова ўз блогида Ўзбекистонга зудлик билан кислород концентраторлари олиб кирилиши кераклигига жамоатчилик эътиборини қаратган эди.

Айни пайтда жуда кўпчилик кислород концентраторини харид қилиш учун излаб юрибди. Ҳаттоки бу мослама ҳақида президент ҳам гапирди. Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган йиғилишда ҳукумат раҳбарига топшириқлар берилди, зарурат бўлса, махсус самолёт ажратилиши, тадбиркорлар томонидан кислород концентраторларини Ўзбекистонга олиб кириш тартиб-таомилларини енгиллаштириш чоралари кўрилиши лозимлиги қайд этилди.

Бирин-кетин шифохоналар ҳам бу мослама билан жиҳозланиши бошланди. Ҳажми 5 литрлик шундай концентраторларнинг нархи хориждаги онлайн дўконларда 300 АҚШ доллари атрофида бўла туриб, Бухорода уларнинг 50 донаси ҳар бири 12 миллион сўмдан тиббиёт бирлашмаларига берилгани ҳам ижтимоий тармоқда катта норозиликлар ва эътирозлар келтириб чиқарди.

Бир томондан, ҳозирда Ўзбекистонда бу мослама нархи 1000 АҚШ долларидан кам эмаслиги ҳам ҳақиқат.

Қолаверса, кислород концентраторини ишлатишнинг ҳам ўзига хос йўл-йўриқлари бор. Бу муаммога биздан қарийб икки ҳафта аввалроқ дуч келган Қирғизистон врачларининг «Фейсбук»даги гуруҳида концентраторлардан фойдаланишдаги айрим эҳтиёт шартлар санаб ўтилган.

Аппаратнинг ўзи электр тармоғига уланади, шундан сўнг шланг бўйлаб сув орқали ўтиб, нафас йўлларига кислород оқими йўналтирилади.

Аммо ундан фойдаланишни мақсад қилганлар қуйидагиларни билиши ва унутмаслиги керак:

  • Ишлаб турган аппаратнинг ўзи (деразалари) ёпиқ хонада кислородга муҳтож одам билан қолдирилмаслиги керак! Бу бўғилишга олиб келади. Чунки аппарат ўша ёпиқ бўшлиқдаги барча кислородни сўриб олади.
  • Ё концентратор блоки бошқа хонага чиқарилиши керак, ёки бемор ҳамда кислород конецентратори турган хонанинг деразалари очиб қўйилиши керак.
  • Нафас олиш фақат бурун ёрдамида бажарилиши керак (агар кислород берувчи канюля бурунга тиқилган бўлса).
  • Нафас олиш ва чиқаришда гаплашмаслик керак.
  • Ўпканинг фақат юқори қисми эмас, у тўлиғича ишлаши учун жуда чуқур ҳам, жуда тез-тез ҳам нафас олмаслик керак.
  • Сатурация назорат остида бўлиши керак. У фақат 100 фоиз бўлиши керак эмас! Кислород — бу дори, агар у меъёрдан ортиқ бўлса у заҳарлаши мумкин ва бу шундоқ ҳам оғир аҳволдаги беморнинг ҳолатини баттарлаштириши мумкин… Айримларда гиперкания рўй бериши мумкин, бу эса жуда хавфли!
  • Шунингдек, кислород портлашга мойиллигини ҳам унутмаслик керак. Сигарет, гугурт, ёғлар ва бошқа енгил ўт олувчи моддалар билан контакт рўй беришининг олди олиниши керак.
  • Концентратор блокидан хонадаги ҳаво қизиб кетиши мумкин, буни ҳам ёз фаслида инобатга олиш зарур.

Мавзуга оид