Ўзбекистон | 11:37 / 24.07.2020
6969
2 дақиқада ўқилади

Қонунчилик палатаси юборган парламент сўровига ички ишлар вазирининг жавоби кўриб чиқилди

Қорақалпоғистон Республикасида махсус қабулхонани қуриш ишлари 2019 йил май ойида якунига етказилган бўлса-да, объектни қабул қилиш жараёнида бир қатор камчиликлар аниқланган.

Фото: parliament.gov.uz

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид долзарб қонун лойиҳалари билан бир қаторда, қуйи палатанинг ўтган галги мажлисларида айрим вазирлик ва идораларга юборилган парламент сўровлари юзасидан келган жавоблар ҳам кўриб чиқилди.  

Парламент сайтида ёзилишича, ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг “Маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарнинг биноларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида”ги Қонунчилик палатасининг парламент сўровига жавоби муҳокама этилди.    

Қайд этилишича, 2017 йил 9 январдаги “Маъмурий қамоқни ўташ тартиби тўғрисида”ги Қонун ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилиниб, унга кўра, махсус қабулхоналар биноларини қуриш белгиланган эди.

Ҳозирги кунда Тошкент шаҳри, Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Сурхондарё, Тошкент, Қашқадарё, Фарғона, Хоразм вилоятларида маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган шундай махсус қабулхоналар биноларини қуриш ишлари якунланган бўлиб, фаолияти тўлиқ йўлга қўйилган.

Қорақалпоғистон Республикасида махсус қабулхонани қуриш ишлари 2019 йил май ойида якунига етказилган бўлса-да, объектни қабул қилиш жараёнида бир қатор камчиликлар аниқланган.

Шунингдек, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида 2019 йилда қурилиши лозим бўлган махсус қабулхоналар 2019 йилда объектлар қуриш ва уларни реконструкция қилиш манзилли дастурида ўз аксини топмаганлиги ва молиялаштирилмаганлиги сабабли қурилиш ишлари вақтинчалик кечиккан.

Самарқанд вилоятидаги махсус қабулхонада қурилиш ишлари жорий йил 25 июль кунига қадар якунланиши ва объектни 1 август кунига топшириш режалаштирилган.

Мажлисда парламент сўровига юборилган жавоб маълумот учун қабул қилинди, дейилади хабарда. 

Мавзуга оид