Жаҳон | 23:56 / 27.07.2020
5210
4 дақиқада ўқилади

Коронавируснинг иккинчи тўлқини Испания туристик саноатини зарба остида қолдирди

Европа мамлакатлари Испанияда коронавируснинг янгидан авж олаётганидан хавотирда: Буюк Британия ва Норвегия бу мамлакатдан қайтаётган ҳамма учун карантин жорий этмоқда, Франция эса Каталонияга сафар қилмаслик тўғрисида огоҳлантириш чиқарди. Буларнинг ҳаммаси иқтисодиёти туризмга боғлиқ Испанияга янги зарба бўлмоқда.

Фото: Reuters

Коронавирусдан энг катта жабр кўрган мамлакатлардан бири Испания касалликнинг янгидан авж олишига дучор бўлмоқда. Инфекция тарқалишининг иккинчи тўлқини туризм соҳасига боғлиқ иқтисодиётга яна бир зарба бўлмоқда, деб ёзади Bloomberg.

25 июль куни Буюк Британия Испаниядан келаётган ҳар бир киши учун 14 кунлик карантин жорий этилишини эълон қилди. Бир неча ҳафта муқаддам Британия ҳукумати Испанияни ёзги ҳордиқ учун хавфсиз мамлакатлар тоифасига киритган эди. Карантин тўғрисидаги қарор Испанияда, айниқса Каталонияда касалланган сони янгидан оша бошлагандан сўнг қабул қилинди. Шанба куни кечқурун Каталония ҳукумати янги чекловларни жорий этиш ҳақида эълон қилди. Натижада, туристларга ўз режасини ўзгартириш учун имконият қолмади, деб ёзади Reuters.

Буюк Британиядан бир кун аввал Норвегия ҳам шунга ўхшаш чоралар ҳақида эълон қилган эди: бу мамлакатда Испаниядан қайтганлар учун 10 кунлик карантин жорий этилган. Бундан ташқари, Франция туристлар ўртасида пляжлари билан машҳур Каталонияга сафар қилмаслик ҳақида огоҳлантириш чиқарди.

Bloomberg’нинг ёзишича, бу чоралар ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизини туризм ташкил этувчи Испания учун саёҳатлар мавсумининг чўққига чиққан палласида бронлаш статистикасига жуда катта салбий таъсир ўтказади.

Испания шимоли-шарқида жойлашган ва янги зарарланиш ўчоғига айланган Каталония ҳудуди ҳукумати вазиятни ўзгартиришга ҳаракат қилмоқда. Барселонада тунги клублар ёпилган, барларда эса комендантлик соати жорий этилган. 200 минг кишини қамраб оладиган қисман изоляция режими шунингдек, Каталония таркибидаги Льейда провинциясининг Сегрия ҳудудида ҳам жорий этилган.

Туризм ва саёҳатлар бўйича жаҳон кенгаши Буюк Британия томонидан қабул қилинган чораларни саёҳатчилар учун «оғир зарба» деб атаган ва саёҳатлар учун глобал тўсиқлар эмас, маҳаллий чекловлар энг яхши ечим бўлиши мумкинлигини қайд этган. Британиянинг йирик Tui оператори 26 июль куни Испания ва Канар оролларига авиарейсларнинг барчасини бекор қилган, деб хабар беради Sky News.

Туристик гуруҳнинг баёнотида гарчи улар Испания каби йўналишлар бўйича хавотирга қўшилса-да, лекин бу мамлакатнинг ороллар билан қўшиб ҳисоблангандаги катта қисмида Буюк Британиядагидан кўра камроқ ҳолат аниқлангани айтилган.

Фото: Sky News

 

Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Испанияда коронавирусдан 28 мингдан кўп инсон қурбон бўлган. Бу – Буюк Британия, Италия ва Франциядан кейинги Европадаги тўртинчи кўрсаткич.

Испанияда карантин март ойида жорий этилгани боис, вирус бутун мамлакат бўйлаб тарқалишга улгурган. Чекловларнинг юмшатилиши ва туристик мавсумнинг бошланиши билан касалланганлар сони айниқса барлар ва клубларга борувчи ёшлар орасида сезиларли тарзда кўпайган.

Айни пайтда бутун жаҳон ҳукуматлари коронавируснинг иккинчи тўлқинига тайёргарлик кўрмоқда, бироқ анчагина зарар кўрган иқтисодиётлар билан кенг миқёсдаги чекловларни қайтаришга бўлган уринишлар кўп эмас, деб қайд этади агентлик.

«Аҳолини маълум муддатга қаҳрамонларча жамоавий ўзини қурбон қилиш актларига чорлаш мумкин, лекин доимий эмас», — дейди сиёсатшунос Фрэнсис Фукуяма. Унинг фикрича, чўзилиб кетган эпидемия – давом этаётган рецессия, иш ўринларининг йўқотилиши ва мисли кўрилмаган қарз юки билан тез орада сиёсий реакцияга айланувчи таранглик яратиши шубҳасиздир.

Мавзуга оид