Ўзбекистон | 20:51 / 28.07.2020
10322
4 дақиқада ўқилади

«Дориларни беморларга етказишни шахсан ўзим назорат қиламан»: Зойир Мирзаев коронавирус бўйича янги тартибларни маълум қилди

Қашқадарёда коронавируснинг тарқалишини олдини олиш масалаларига бағишланган йиғилишда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев касаллик билан кураш тизими ўзгартирилишини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, қишлоқ врачлик пунктлари, қишлоқ оилавий поликлиникалари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли поликлиникалар томонидан коронавируснинг аломатсиз шакли билан касалланган беморларга кунига бир марта телефон орқали, умумий ҳолатда тана ҳарорати, шикоятлари, йўтал, нафас қисиши, ҳолсизлик, терлаш, диарея каби масалалар бўйича мурожаатлар қабул қилиниб аниқланади.

Даволаш ишлари қишлоқ врачлик пункти, қишлоқ оилавий поликлиникасидан бириктирилган шифокорлар томонидан олиб борилади. Уй шароитида даволанаётган бемор ва уларнинг яқинлари агар аломатсиз шакли кузатилганда ҳар куни икки марта телефон орқали аҳволи хабар олинади.

Шифохонага ётқизилган беморларнинг эса улар билан мулоқотда бўлган қариндошлари ўн кун давомида уйида карантинга олинади.

Уйида даволанаётган, касалликнинг енгил шаклини ўтказаётганлар мобил бригада томонидан икки кунда бир марта хабар олинади. Коронавирусга чалинган беморлар учун махсус дорилар мобил бригада томонидан етказиб берилади.

«Мен ҳурматли фуқароларга етказмоқчиман, куни кеча республика комиссияси томонидан Қашқадарё вилоятига уй шароитида даволанаётган беморлар учун 3 минг дона дорилар тўплами етиб келди. Бунинг тақсимоти вилоят комиссияси, яъни ўзимнинг назоратимда бўлади.

Мазкур масала учун вилоят комиссияси томонидан алоҳида ишчи гуруҳ тузилади. Туман, шаҳарлар ҳокимликлари ҳар куни неча беморга қанча, қандай турдаги дорилар кераклиги юзасидан бланка тўлдириб вилоятга юборади. Беморнинг аниқ манзили, исм-фамилияси билан. Етказиб бериш муддати бир суткани ташкил этади», деди вилоят ҳокими.

Маълум қилинишича, беморлар тўғрисида ахборот бериш ва назорат қилиш тизими қуйидагича ишлайди:

Тиббиёт бирлашмалари ҳар куни туман ИИБ органлари билан биргаликда коронавирусга чалинган, уй шароитида даволанаётган беморлар бўйича ахборот алмашади. Профилактика инспектори беморлар рўйхатини маҳалла фуқаролар йиғинига тақдим этади. Яъни тиббиёт бирлашмаси ИИБга, ИИБ профилактика инспекторига ва шу куннинг ўзида профилактика инспектори рўйхатни маҳалла раисига беради. Ҳар кунлик янги беморларни таҳлил қилиш ва рўйхатини олиб бориш мақсадида ички ишлар органлари таянч пунктларида беморларни қайд этиш китоби юритилади.

Вилоят ҳокими аҳолининг эпидемиологик осойишталигини таъминлашда ҳиссасини қўшиш истагида бўлган фуқароларга ҳам мурожаат қилди.

«Касалликни тақсимлаш, даражасига қараб йўналтириш мақсадида икки кун муддатда учта манзилда йўналтириш марказлари ташкил этиляпти. Бу марказларга ҳам малакали врачлар, вирусолог, эпидемиолог, психологлар керак.

Биз шартнома асосида ишга қабул қилиб, Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартиб асосида, масалан, врачларга бир кунга бир миллион сўмдан пулини тўлаб беришга кафолат берамиз. Агар мана шундай пайтда халққа ёрдам бериш истагидаги мутахассислар бўлса, эртадан бошлаб Қарши шаҳрида улар билан танлов асосида шартнома тузиш бошланади. Малакасига қараб врач, ўрта тиббиёт ходими, кичик тиббиёт ходими каби гуруҳларга ажратиб олинади. Биз гуруҳни шакллантириб қўямиз. Бемор қабул қилинган кундан бошлаб фаолиятларини йўлга қўяди. Беморлар учун ҳам, тиббиёт ходимлари учун ҳам барча шароитларни тайёрлаб қўямиз, истовчилар келиб кўришлари мумкин», деди у.

Мавзуга оид