Малакасиз ўқитувчилар, ўта юқори стандартлар, дарсликлар ва олийгоҳ имтиҳонларидаги номувофиқлик – математика таълимидаги муаммолар ҳақида мутахассис билан суҳбат
Тошкент шаҳар халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази профессори, физика-математика фанлари номзоди, математика ва иқтисодий билим асослари фанлари бўйича амалдаги 9та мактаб дарслиги ҳаммуаллифларидан бири Баҳодир Ҳайдаров математика таълимида мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими билан боғлиқ мулоҳазаларини баён қилди.
Математика фанини кўпчилик ҳисоб-китоб, фақатгина икс-игрек, косинус-котангесдан иборат, деб ўйлайди. Йўқ. Математиканинг асосий вазифаси фақат ҳисоб-китобни ўргатишдангина иборат эмас. У ўқувчиларни фикрлашга мажбур қилишда катта имкониятга эга бўлган фанлардан бири. Масала-мисоллар болаларни тафаккур қилишга ундайди, мия имкониятларини ишга солади, мулоҳаза қилишга, тўғри қарорлар қабул қилишга ёрдам беради. Масала-мисоллар бу – кичик тўсиқлар. Бу тўсиқлардан ўтиш кўникмасини шакллантириш орқали бола алгоритмга – тартибга, тўғри ёки нотўғрини англашга ўрганади. Чунки математикада ярим ҳақиқат ёки ярим ёлғон деган нарса йўқ – фақат ҳақиқат ёки ёлғон бор.
Мамлакатимизда математика фанини ўқитиш тизимини ислоҳ қилиш бошланди. Ҳозир математика таълими туб бурилиш нуқтасида турибди. Биз шу нуқтада адашмасдан, тўғри қарорлар қабул қилишимиз керак.
Дастур ва дарсликлар муаммоси
Дарсликлар яратиш билан 30 йилдан бери шуғулланиб келаман. Охирги йилларда математика фанида стандарт, ўқув дастури ва дарсликлар тинимсиз алмаштириляпти. Ўқитувчи янги дарсликка энди кўникди деганда бошқа дарслик беряпмиз. Ўқитувчи робот эмаски, бунга дарров кўникиб кетгани. Дастур ва дарсликлар масаласида барқарорлик мавжуд бўлсагина, таълимда сифат кўтарилиши мумкин.
Бунинг учун биринчи навбатда математикада ўқув дастури юкламасини имкон қадар камайтириш лозим. Ўқитувчилар таълим бериш билан эмас, дастур орқасидан қувиш билан овора. Бир мавзуни энди тушуняпман деганда, ўқувчини иккинчи мавзу кутиб туради. Математикада мавзулар бир-бирининг устига қурилишини ҳисобга олсак, бу бекатда синфнинг ярми тушиб қолади. Ўқитувчи маррага етиб борганда эса унинг ёнида ҳеч ким қолмаган бўлади. Бир мавзуни бир соат ўтганда яхшироқ натижа бўладими ёки 2-3 соат чуқурроқ кириб ўтгандами?!
Шу боис математика фанидан дастурни йирик-йирик мавзулардан иборат қилиб тузиб, уларни ўрганишга етарлича вақт берилса, самарани кўтарса бўлади. Ҳеч бўлмаганда оддий мактабларнинг 1-8-синфларида дастурни спиралсимон қилиб тузиш керак. Математикадан юқори натижаларга эришаётган давлатларда худди шундай йўл тутилган.
Шунингдек, дарсликлар сифатли чиқиши учун уларни амалиётга жорий қилишдан аввал камида бир йил синов муддатидан ўтказиш керак. 2017 йилда 10-11-синфлар тикланиши маълум бўлгач, 20 кун ичида дарслик ёзиб беришга мажбур бўлганмиз. Бунақада сифат бўлмайди. Янги дарсликдан аввал баъзи мактабларда синов тариқасида фойдаланиб кўриш, оддий ўқитувчилар улар билан танишиб чиқиши, кам-кўстларини кўриши, у апробация жараёнидан ўтиши керак. Шундан сўнг дарсликни такомиллаштириб, тўлиқ жорий қилиш мумкин.
Сингапурнинг мактаб дарсликларини кўрсангиз, ҳаммаси алоҳида – ўқувчи учун керакли билимлар берилган дарслик, мустақил топшириқлар учун иш дафтари, ўқитувчи учун услубий қўлланма ҳамда қатор мультимедиявий электрон ресурслар яратилган. Бизда ҳам шу шаблон асосида 1-11-синф дарсликларини янгилаш режалаштирилган. Лекин бу тизим тўлиқ янгиланиши учун 11 йил кутиш керак эмас. 1-4-синф, 5-9-синф, 10-11-синфнинг ўзига хослигини инобатга олган ҳолда, биринчи йили 1-синф, 6-синф, 10-синф, иккинчи йили 2-синф, 7-синф, 11-синф тарзида янгилашни бошлаш керак. Шунда ҳаммаси беш йил ичида тартиб билан янгиланади. Илгаригидек 8-синф дарслигини ўзгартириб, унда 7-синфлар ўқимаган нарсалар киритилгани каби бўшлиқлар пайдо бўлмайди.
Яна бир таклиф. Дарсликларни тушунишни осонлаштирадиган расм, схема, диаграмма ва графиклар билан тўлдириш керак. Бунинг учун дарслик саҳифаларини кўпайтириш лозим бўлади. Бу катта маблағ ва китоб вазнининг ошиб, санитария нормаларига тўғри келмаслиги дегани. Бунинг ечими оддий. Дарсликни икки қисмга бўлиш керак – ҳам ўқувчи кўтарадиган вазн камаяди, ҳам дарсликдан фойдаланиш муддати икки каррага ошгани учун кетказилган маблағ ўзини оқлайди. Бунинг учун эса 10 йил давомида маънан ва мазмунан чидаб берадиган дарсликлар яратиш лозим бўлади.
Янги авлод муаллифларига зарурат
Дарсликларни яратиш билан шуғулланаётган муаллифлар қариб қолди. Чунки охирги йилларда дарслик ёзиш учун тендер ўтказилмай қўйилди. Ҳар гал қайта нашрда ҳам 15 йил аввалги муаллифларнинг дарслиги чиқаверса, янги муаллиф қаердан келсин?
Кимдир битта жамоа тузиш таклифини юқоридан туриб беради. Жамоани мажбурий тузиб бўлмайди. Бу ижодий жамоа, шунчаки бошқа давлат дарслигини таржима қилиб, дўппи кийдирадиган машина эмас. Математика фанидан жаҳон андозаларига жавоб берадиган, илмий-услубий меросимизга асосланган миллий дарсликни ярата оладиган жамоа тузса бўлади. Жамоа ғоялар генератори, олим, малакали услубчи ва амалиётчидан иборат бўлиши лозим. Жамоада тажрибали муаллифлардан тортиб, ёш, ижодий фикрлайдиган мутахассисларгача бўлиши лозим. Дарсликдаги ҳар бир мавзу ўқув максадларидан бошланиб, бу мақсадга олиб борувчи мазмун, мустаҳкамлаш ва баҳоловчи масалалардан иборат тизимга эга. Дарслик яратишда бу тизимни автоматлаштириш ва назорат қилишни компьютер зиммасига юклаш мумкин. Унинг структураси, саҳифалар тақсимоти, дизайни, ундаги узвийликни назорат қилишни компьютерга топширган маъқул.
Давлат таълим стандартидаги номувофиқлик
Ҳозир давлат стандарти бўйича ўқувчиларни имтиҳон қилсак, неча фоизи ўта олади, деб сўрасам, ўқитувчиларнинг аксарияти “20 фоиз” деб жавоб беради. Давлат таълим стандарти бу – ҳамма билиши керак бўлган минимал талаб. Шуни бажарса, аттестат берилади, бажара олмаса берилмаслиги керак. Модомики, 20 фоиз ўқувчи давлат стандартини бажарса, бу ўзлаштириш кўрсаткичи 20 фоиз, қолган 80 фоиз ўқувчи “брак” дегани.
Бунинг ҳам ўз сабаблари бор. Биринчидан, давлат таълим стандартлари талаблари жуда юқори белгиланган. Бу ўқувчи учун ошиб бўлмайдиган тўсиқ. Стандарт ўқувчи оша оладиган даражада, фаолиятида керак бўладиган ҳаётий эҳтиёжлардан келиб чиқиб белгиланса, натижа бўлиши мумкин. Бутун дунё мамлакатларида стандартлар анча паст, ҳаётий эҳтиёжларга қурилган ва илмий асосланган. Биз эса жуда юқори нуқтани белгилаб, келажакда ҳаммага керак бўладими-йўқми – буни ўйламай, ҳаммани шуни билишга ва уддалашга мажбурлаяпмиз. Йўқ, ўқувчиларнинг ҳаммаси ҳам амалдаги стандарт даражасида математикани ўзлаштира олмайди. Стандарт талабларини пасайтириш ўзи шундоқ ҳам паст ўзлаштириш даражасини баттар тушириб юбормайдими? Бу қайси андоза билан баҳолашга боглик. Бир кесмани метрларда ўлчаб, “5” деб ўлчаш ҳам, уни дециметрларда ўлчаб “50” деб аниқлаш ҳам мумкин.
Баҳолаш тизими
2019 йилда Сирдарёда Давлат тест маркази математика ўқитувчиларини абитуриентлар учун тайёрланган база асосида тест синовидан ўтказди. Имтиҳонда ўқитувчиларнинг 85 фоизи қониқарсиз, 15 фоизи қониқарли натижа кўрсатган. Лекин бу 85 фоиз ўқитувчи ёмон дегани эмас. Гап шундаки, мактаб ўқитувчилари ҳозирга қадар 9-синфгача дарс бериб келган. 10-, 11-синф коллеж-лицейларга ўтиб кетгани учун дастурнинг бу қисмини унутишган. Лекин абитуриентлар учун тест синови айнан ўша синф дастурларидан олинган. Шунингдек, ўқитувчилар учун фақат 3-даражали қийинликдаги тестлар берилган. Қарабсизки, 85 фоиз ўқитувчининг натижаси қониқарсиз, деб бонг урилди. Йўқ. Бундан фақат 15 фоиз ўқитувчи яхши деган хулосага келиш мумкин холос. 85 фоиз ўқитувчи ҳақида эса ҳеч нарса деб бўлмайди. Агар уларга 1- ва 2-даражали қийинликдаги тестлар берилса, шундагина ҳақиқий ҳолат маълум бўлиши мумкин.
Баҳолашнинг самарали ва илмий асосланган тизимини яратмасак, бундай нотўғри талқинлар кўп бўлади. Баҳолаш тизими илмий жиҳатдан асосланган бўлиши шарт – кимни, нимани, нега, нима билан ва қандай баҳолаяпмиз деган саволларга жавоб берган ҳолда баҳолаш мезонлари, ускуналари ва индикаторларини яратиш керак бўлади.
Шу номувофиқлик сабабли ҳам кириш имтиҳонларидаги тестлардан ўтиш учун мактабда олинган билим етарли бўлмай қолди. Атайлаб сунъий тўсиқлар қўйилди. Аслида мактабда бериладиган билим ва кўникмалар тестга эмас, ҳаётга тайёрлаши лозим. Мактабда берилган билим даражасидан келиб чиқиб эмас, келгусида мутахассисга керак бўладиган билим ва кўникмалардан келиб чиқиб тест тузилиши керак. Мактаб битирув имтиҳонларини олий ўқув юртига қабул имтиҳонлари билан бирлаштириш тўғри ечим. Бунда обдон ўйлаб қарор қабул қилиш керак. Тестология асосларига кўра, илмий асосланган, самарали тест базасини яратиш ва жорий қилиш учун, хорижий маслаҳатчилар ва ўқитилган маҳаллий мутахассислар, катта маблағ ва 3-5 йил керак булади.
Мактаб фаолиятини олийгоҳга кириш кўрсаткичи билан баҳолаб бўлмайди
Яқинда мактаблар фаолиятини олийгоҳга кирган ўқувчилар сони билан баҳолаш таклиф қилинди. Бу самара бермайдиган ечим. Мактаб ўқувчиларни тестга эмас, ҳаётга тайёрлаши керак. Ҳозирги баҳолаш тизими асосида мактаб устидан бундай ҳукм чиқариш тўғри бўлмайди. Қолаверса, ҳозирги шароитда ўқувчилар мактаб эмас, репетиторлар, ота-оналар маблағи эвазига тестга тайёрланяпти. Мактаб таълимини баҳолаш ва ОТМга қабул тизимлари илмий асосда уйғунлаштирилмас экан, бу чора керакли натижа бермайди. Йирик компаниялар мутахассисларни қанча кўп нарсани билиши ёки нима юмушни уддалашига қараб эмас, янги шароитга мослашувчанлиги, мустақил ўрганишга мойиллиги ва креативлигига қараб ишга олмоқда.
Яна бир гап. Бизда тест топшириқлари шакли битта қолипга солинган, яъни битта савол ва 4та жавоб вариантидан фақат биттаси тўғри қилиб тузилади. Бу тест шакли жуда қўпол бўлиб, ёпиқ тестлар сирасига киради. PISA тестлари сингари бир нечта жавоби ёпиқ тест, қисқа битта сўз ва сондан иборат очиқ тест ёки атрофлича жавоб бериш ёки масалани ечиш талаб қилинадиган очиқ тестларин жорий қилиш мумкин. Бу шаклларга ўтилса, таваккалчиликка асосланган ёпиқ тестлардан, тест топшириш жараёнига ижодийлик, креативликни ҳам қўшиш мумкин бўлади.
Йирик миқёсда тадқиқотлар ўтказишнинг аҳамияти
Таълим сифатини, ўқувчилар саводхонлигини баҳоловчи халқаро дастур – PISA тадқиқотлари мавжуд. Мазкур дастур баҳолаш тизими асосида ўз миллий баҳолаш тизимимизни яратиш вазифаси қўйилган.
Бизга ҳам кейинги қадамларни белгилаш учун шу каби глобал миқёсдаги тадқиқотлар керак. Аммо бир-икки кишининг айтган гапи билан хулосалар қилишга одатланганмиз. Биров мактаб дарсликлари мураккаб, соддалаштириш керак, деса шарт олиб ўзгартиришади. Ваҳоланки, бу дарслик неча кишининг таҳлилидан ўтган. Модомики, илмий асосга қурилмаган қарорлар қабул қилсак, натижа яхши бўлмайди.
Малакали ўқитувчилар масаласи
Сингапур тажрибасига кўра, ўқитувчи университетни битирган бўлса, бу ҳали у дарс бера олади дегани эмас. Мактабда дарс беришга лойиқлигини махсус имтиҳонлардан ўтиб асослаб берса, кейин лицензия берилади. Шундан кейин яна мактабда танловда иштирок этиб, ундан ўта олсагина ишга қабул қилинади.
Кўп йиллик тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, Тошкент шаҳрида ўқитувчиларнинг 20-30 фоизи дарс беришга ярамайди. Нега? Чунки рақобат муҳити йўқ. Педагог кадрлар кўп бўлса, улар орасида рақобат бўлса, ишга қабул қилишда энг яхшилари ўтади, сифат ҳам ўсади. Яна бир муаммо ўқитиш методикаси билан боғлиқ. Ўқитувчиларимиз энг осон усулни танлаб олишган. Болаларни тинчитиб, олдин янги материални тушунтириб, сўнг масала ишлаб кўрсатишади. Ким тушунтирилган нарсани қайтариб, андозага кўра масалани ечиб берса, “беш” баҳо қўйиб беришади. Кечирасиз, бу энг минимал талаб ва бунинг учун “уч” қўйилади. Яхши ва аъло баҳо олиш учун янги билимни ўрганибгина қолмай, таҳлил қилиб ижодий ёндашиши, ўз муносабатини билдириши лозим бўлади.
Ўқиб тушуниш кўникмасини такомиллаштиришга эҳтиёж
Халқаро тадқиқотлар ўқувчиларнинг математик саводхонлик даражаси она тили бўйича ўқиб, тушуниш кўникмасига бевосита боғлиқлигини кўрсатади. Ўқувчиларимиз ўқиган нарсасини тушунмайди, шариллатиб ўқигани билан матннинг моҳиятини гапириб бера олмайди. Ваҳоланки, матнни тушунмаса, математик масаланинг мағзини қандай қилиб чақиш мумкин? Шу нуқтаи назардан, она тили ва адабиётни ўқитиш мақсадларини қайта кўриб чиқиш, ўқитиш услубларини ўзгартириш, матнни ўқиб, тушуниш кўникмаларини мустаҳкамлашга эҳтиёж сезилади.
Математика фанини ўқитишни такомиллаштириш бўйича ўзимизда етарлича илмий мерос ва ресурслар мавжуд. Фақат уларни 21 аср талабидан келиб чиқиб, замонавий таълим технологиялари, илғор хорижий ёндашув ва тажриба билан бойитиш керак. Шунингдек, математика таълимида қуруқ назариядан қочиб, амалиётга кўпроқ ўрин бериш лозим.
Саодат Абдураҳмонова суҳбатлашди.
Тасвирчи – Муҳаммаджон Ғаниев.
Мавзуга оид
01:05 / 14.11.2024
Олий математика сунъий интеллектнинг заиф томони бўлиб қолмоқда — тадқиқот
16:40 / 08.10.2024
Хитойда математикани ўзлаштиришга қийналаётган болалар учун махсус клиника очилмоқда
18:19 / 25.05.2024
Ўзбекистонда иккинчи марта ёш математиклар халқаро олимпиадаси ўтказилади
15:40 / 07.12.2023