Жаҳон | 09:00 / 29.07.2020
27323
2 дақиқада ўқилади

Хитой фазовий қурилмаси Ер ва Ойнинг бирга тасвирланган антиқа суратини жўнатди

Хитойнинг Марсни ўрганишга мўлжалланган “Тяньвэнь-1” (Самога саволлар-1) зонди Ер ва Ойнинг сайёрамиздан 1,2 млн км узоқликдан олинган умумий суратини жўнатди. 

Фото: CNSA

Суратда Ер ва унинг табиий йўлдоши – Ой ярим тўлишган кўринишда тасвирлаган.   

Хитойнинг миллий космик агентлиги CNSA’нинг хабар қилишича, сурат зонд фазога учирилгандан 3 кун ўтгач 1,2 млн км масофадан олинган.

Қурилма фазога 23 июлда Хайнань оролидаги Вэньчан космодромидан “Чанжчэн-5” ракетаси ёрдамида учирилган. Айни вақтда у Қизил сайёрагача босиб ўтиши керак бўлган 55 млн кмлик масофадан 1,5 млн кмдан кўпроғини учиб ўтди.

Зонднинг Марсгача парвози 6-7 ой вақт олиши ва у Қизил сайёрага тахминан 2021 йил февралда етиб бориши кутилмоқда. Шундан кейин қурилма Марс орбитасига чиқиб, май ойида унга қўниш учун жой танлаш билан машғул бўлади.

Зонд Қизил сайёрага қўнгач, 3 ой давомида унда илмий тадқиқотлар олиб боради. Хитойнинг Марсни ўрганиш бўйича илк миссияси муваффақиятли кечса, олимлар Қизил сайёранинг атмосфераси, рельефи, геологик характеристикалари, магнит майдони хусусиятлари ҳақидаги маълумотларга эга бўлишади. Шу билан бирга, миссиянинг асосий мақсади Қизил сайёрада ҳаёт изларини излашдан иборат ҳисобланади.

Мавзуга оид