Ўзбекистон | 09:36 / 30.07.2020
45350
5 дақиқада ўқилади

Пандемия вақтида касал бўлмаслик учун нималарга эътибор бериш керак? Халқ табобати мутахассиси билан суҳбат

Пандемия даврида халқ табобатининг ўрни қандай? Қандай шифобахш воситалар бугунги кунда асқотиши мумкин? Ана шундай саволларга жавоб олиш учун Халқ табобати ассоциацияси раиси Рўзимуҳаммад Хонназаров билан суҳбат уюштирдик.

– Рўзимуҳаммад Абдуқаҳҳорович, бугунги таҳликали кунларда пандемия шароитида инсон касал бўлмаслик учун нималарга эътибор қилиши керак?

– Одамлар орасида энг хавфли касаллик бу – фаросатсизликдир дейди шайхурраис Абу Али ибн Сино. Билиб-билмай дорихоналардан ҳар хил дори воситаларини сотиб олиб истеъмол қилишни бас қилиш шарт. Дорингиз овқат бўлсин, овқатингиз дори.

Тўрт фасли тўкис бўлган Ўзбекистонда ҳозир ёз, айни пишиқчилик пайти. Сархил мевалар турли витамин ва минералларга бойдир. Шулар билан озиқланинг. Пиширилган овқатни бир кунда бир марта истеъмол қилинг, чунки мамлакатимизда ҳукм сураётган ҳаво ҳарорати шуни тақозо қилади.

Ўз тана ҳароратингиздан паст бўлган совуқ сув ичманг, иложи бўлса фақат қайнатилган ёки қайнатиб совутилган сув ичинг. Газли ва рангли ичимликларни мутлақо истеъмол қилманг, шунга одатланинг.

Ҳакимлар иттифоқ бўлиб айтишларича, ҳар бир одам ўз мизожини яхши билиши лозим. Акс ҳолда, ўзига касаллик орттириб олиши мумкин. Содда қилиб айтганда, мизож иссиқ ва совуқ бўлади. Мизож совуши уч хил – секин совиш, ўртача совуш ва тез совуш. Учинчиси ўта хатарли. Одам чанқаб, исиб кетган пайтларда, одатда, чанқовбосди совуқ ичимликлар ичиши одат тусига кирган. Меъёрни билмай, танани кучли совитса, яъни музхонада сақланган ичимликларни истеъмол қилса, унинг салбий оқибатлари ўзини куттириб қўймайди. Ҳар қандай вируснинг ривожланишига шароит яратиб беради. Бунга мисол келтиришим шарт эмас, деб ўйлайман.

Мен буларни шунчаки эрмак учун айтаётганим йўқ. Ҳар гал умрнинг заволи бўлган музқаймоқ ялаётган бола-бақрани, музхоналарга ичимлик қўйиб ичаётган одамларни кўрганимда... Афсуски, ҳар бир одамни қўлидан тутиб, қайтаришнинг иложи йўқ-да. Ҳамма ҳам айтганларимизни тўғри қабул қилавермайди.

– Соҳангиз илмидан келиб чиқиб, юртдошларимизга қандай тавсиялар берган бўлардингиз?

– Халқ табобати инсон саломатлиги учун бадантарбия нақадар муҳимлигини қайта-қайта таъкидлайди. Ҳозирги замонда одамлар деярли пиёда юришмайди, айниқса шаҳарларда жисмоний иш жуда кам. Аксига олиб одамлар яхши овқатланишади, овқат турлари икки-уч баробар кўпайди. Яъни емак-ичмак бисёр, бироқ уларнинг кучини сарф қилиш жуда камайди. Бу эса касалликнинг хилини ҳам, сонини ҳам кўпайтиради, албатта.

Бинобарин, эндиликда одамлар бадантарбия билан ҳар доимдагидан ҳам кўпроқ шуғулланишлари шарт. Қўпол бўлса ҳам, айтишга мажбурман, қориннинг катталиги бу касаллик, иллат. Ҳомиладор аёллар бундан мустасно албатта. Пайғамбаримиз (с.а.в) «Қорни катталар биздан эмас» деганларидан уялмай қўйдик. Ахир, ибодатнинг яхши бўлиши ҳам бадан саломатлигига боғлиқлигини унутмаслигимиз керак.

Ҳакимлар иттифоқ бўлиб дейдиларки, инсон касал бўлмаслиги учун меъёрида ва ундан ҳам камроқ овқат ейиши керак. Меъёрни билиш учун нафсни тийиш керак.

– Халқ табобатида коронавируснинг давоси борми? Қандай неъматлар бу касалликка қарши курашишимизда ёрдам беради?

Албатта, давоси бор. Давоси бўлмаганда шунча одам бу иллатдан шифо топармиди? Тиббиётда «давоси йўқ» деб одамлар кўнглига таҳлика солиш, бу – ҳам дунёвий, ҳам диний нуқтайи назардан нотўғри деб ҳисоблайман. Расул алайҳиссаломнинг: «Ўлимдан бошқа ҳар бир дард учун даво бор» деган сўзларини унутмаслигимиз лозим.

Инсоннинг танаси ҳар қандай касалликка қарши, авваламбор, ўзи курашади, биз унга фақат зарурий озуқаларни етказиб беришимиз лозим.

Халқ табобатида улар талайгина. Масалан, асал, қовоқ, қовун, ялпиз, укроп, пиёз, саримсоқ, турп, гуруч, қора седана, анжир, ёнғоқ, узум, беҳи... Бу мева ва сабзавотларнинг бари халқ табобатида дори ҳисобланади. Уларнинг шифобахшлигини санаб ўтиришга ҳожат йўқ деб ўйлайман.

Шу билан бирга, касалликларни даволашда табибга ҳам кўп нарса боғлиқ. Табибнинг қўли эм бўлмаса, қуруқ «техника» – қирқиш, ямаш, кесиш, санчиш, ўлчашлар билангина иш битмайди. Аксарият табиблик ҳам наслдан наслга, авлоддан авлодга, қондан қонга ўтадиган илоҳий бир кароматдир.

Айни пайтда, Ўзбекистон халқ табобати ассоциациясига аъзо бўлган кароматли табиблар юртимизда талайгина. Бугун улар ҳам соғлиқни сақлаш тизимида халқ табобатининг расмий тан олинган усулларини қўллаш орқали аҳоли саломатлигини асрашда ўз ҳиссаларини қўшиб келаётганини эътироф этиш жоиз.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди

Мавзуга оид