“Док-1 Макс” сиропи билан боғлиқ воқеалар фонида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимида кутилгандан ҳам кўра катта муаммолар борлиги кўриниб қолди. Соҳада кадрлар, керакли асбоб-ускуна, қурилмалар масаласидан ташқари, тизимнинг ўзи нотўғри йўлга қўйилганига қайта-қайта гувоҳ бўлиб боряпмиз.
“Ҳозирги тизим биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятига эга, холос, ундан у ёғига ўтолмайди”, – дейди Халқ табобати ассоциацияси раиси Рўзимуҳаммад Хонназаров Kun.uz билан суҳбатда.
Унинг айтишича, инсон танасини дорихона маҳсулоти билангина даволаниб бўлмайди, бу ҳам вақтинчалик биринчи тиббий ёрдам ҳисобланади.
“Замонавий тиббиётни халқ табобати билан мувофиқлаштириш керак”
— Мисол билан тушунтираман. Масалан, одам инсулт ёки инфаркт бўлди, уни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб боришади. 3 кундан 5 кунгача муолажа қилинади. Ундан кейин шифокорлар яқинларини чақириб: “Олиб кет”, дейди. Қаерга деса, уйга... Яъни реабилитация қиладиган марказлар йўқ. Ваҳоланки, инсулт бўлган одамни даволаш ва оёққа тургизиб юбориш учун 3 ой керак. Шифокорлар эса 5 кунгача ушлаб туриб, даволашга ҳаққи бор. Ундан кейин бемор кўчада қолади. Шунинг учун ҳам одамлар табиб қидиради.
Агар мен соғлиқни сақлаш вазири ёки шу соҳани мувофиқлаштирувчи орган раҳбари бўлганимда, соғлиқни сақлаш тизимидаги тез тиббий ёрдам, хирургия, туғуруқхоналарни қолдириб, қолганларини халқ табобатига ўтказган бўлардим. Чунки халқ табобати даволашга, профилактикага қаратилган. Ҳозирги боши бу ерда, думи бошқа ерда бўлган бунча катта тизим самарали эмас. Ўзбекистонда тез ёрдам кўрсатиш яхши, лекин қолгани-чи? Инсулт бўлиб қолса, 5 кун тез тиббий ёрдам кўрсатади. Ундан кейин нима қилади? 90 кун ким қараши керак? Бунинг давоми йўқ. Пули бор одамлар хусусий шифохоналарга боради, лекин қурби етмайдиганлар-чи? Кейин нима қилади, маҳаллага чиқиб ҳамшира қидиради. Бундай ҳолатлар жуда кўп.
Шунинг учун буларни қисқартириб ёки соддалаштириб самарали ишлайдиган тизимга ўтиш керак. Яъни замонавий тиббиётни халқ табобати билан мувофиқлаштириш керак бўлади. Интеграция қилиб, профилактика қисмини табобат йўналишида даволайдиган клиникаларга айлантириш керак. Шунда бир самара бўлиши мумкин.
“Рекламаларнинг ўзи касалликка, ўлимга чорлайди”
— Тиббиёт соҳаси ривожланган қайси мамлакатга: Ҳиндистон, АҚШ, Япония, Германияга қараманг, улар бизга ўхшаб фақат дорихона маҳсулотини истеъмол қилаётгани ёки фақат дорини томчилаб қуйиш терапияси йўқ. Уларда витаминлар, минераллар, гиёҳлар асосий даволовчи восита ҳисобланади. Шунга ўтиш керак.














