Ўзбекистон | 08:32 / 31.07.2020
10348
3 дақиқада ўқилади

«Баҳолаш фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди

Қонуннинг мақсади баҳолаш фаолиятини амалга оширганда юзага келадиган муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси эълон қилинди.

Баҳолаш фаолияти мустақиллик, холислик, ҳалоллик, профессионал лаёқатлилик ва махфийлик принциплари асосида амалга оширилади.

Баҳоловчи тарафкашликдан холи бўлиши, ўзининг номига доғ туширадиган омилларга йўл қўймаслиги лозим.

Мустақилликка тўсқинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, баҳоловчи ташкилот баҳолаш хизматларини кўрсатишдан бош тортиши керак.

Баҳоловчи жамоат манфаатлари устуворликларига риоя қилиши, холис бўлиши ва тарафлилик, манфаатлар тўқнашуви ёки бошқа шахсларнинг босими сабабли ўзининг профессионал фикрини хавф остига қўймаслиги, баҳоловчи ташкилот обрўсига салбий таъсир кўрсатадиган ҳолатларга йўл қўймаслиги лозим.

Баҳоловчи ушбу Қонун талабларига риоя қилиши, муносиб профессионал лаёқатлилик даражасига эга бўлиши ҳамда касбий билимлар ва кўникмаларини баҳоловчи ташкилот таркибида баҳолаш хизматларини сифатли кўрсатиш учун етарли даражада сақлаб туриши лозим.

Баҳоловчилар ҳамда баҳоловчи ташкилотлар ходимлари баҳолаш хизматларини кўрсатиш чоғида ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларни ушбу баҳолаш хизматлари кўрсатилган шахсларнинг ёзма розилигисиз ошкор қилишга ва бошқа шахсларга беришга ҳақли эмас.

Баҳолаш стандартлари ўзаро бир-бирига боғланган нормалар ва қоидалар мажмуидан иборат бўлиб, қуйидагиларни белгилаб беради:

баҳолаш тушунчаси ва принциплари;

баҳолаш фаолиятида қўлланиладиган атамалар ва таърифлар;

қиймат турларига қўйиладиган талаблар;

дастлабки ахборотга қўйиладиган талаблар;

баҳолашни ўтказиш тартиби;

баҳолаш ёндашувлари ва усулларини қўллаш хусусиятлари;

баҳолаш натижаларини расмийлаштиришга талаблар;

бошқа талаблар.

Баҳолаш стандартлари халқаро баҳолаш стандартларининг принциплари ҳамда энг яхши хорижий амалиётлар асосида ишлаб чиқилади ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ келиши лозим.

Баҳолаш стандартларига қўшимчалар ва ўзгартишларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш, киритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.

Баҳолаш фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардир:

илғор халқаро амалиёт асосида баҳолаш фаолиятини ва баҳолаш хизматлари бозорида ҳалол рақобатни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

объект қийматини баҳолашнинг роли, аҳамиятини ҳамда баҳоловчи ташкилотларнинг кўрсатилаётган баҳолаш хизматлари сифати учун жавобгарлигини ошириш;

баҳоловчиларни касбий тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш;

баҳоловчи ташкилотлар иши сифатини ташқи назорат қилишнинг ишбилармонлар ҳамжамиятининг баҳоловчи ташкилотлар иши натижаларига бўлган ишончини сақлаб туришга қаратилган таъсирчан тизимини шакллантириш;

маҳаллий баҳолашни хорижий баҳолаш хизматлари бозорларига олиб чиқиш;

ёшларни баҳолаш фаолияти билан шуғулланишга жалб қилиш ҳамда профессионал жамоат ташкилотларининг тегишли олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорлигини таъминлаш.

Мавзуга оид