Ўзбекистон | 19:30 / 31.07.2020
5697
7 дақиқада ўқилади
Реклама

Европа иттифоқининг “АGROCOMP” техник кўмак лойиҳаси қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришда муҳим омил бўлмоқда

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг асосий йўналишларидан бири сифатида қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, хусусан соҳага бозор муносабатларини кенг жорий қилиш, инвестициялар оқимини кўпайтириш, ресурстежамкор технологияларни жорий этиш иқтисодий барқарорликка эришишнинг ажралмас қисмига айланди.

Шу билан бирга, ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш, қулай агробизнес муҳитини ва юқори қўшилган қиймат занжирини яратиш, кооперация муносабатларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, соҳага бозор механизмларини, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шунингдек, илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш глобаллашув даврининг долзарб масаласидир.

Айнан ушбу мақсадларни ўзида мужассамлаштирган Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган “АGROCOMP” техник кўмак лойиҳаси
2017-2020 йиллар давомида Ўзбекистонда ҳам амалга оширилди.

 

Лойиҳанинг мақсадини Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов шундай тушунтиради – “Европа Иттифоқининг озиқ-овқат саноати ва агробизнес соҳасида фаолият юритаётган етакчи корхоналарининг илғор тажрибасини ўрганиш ва амалиётга татбиқ қилиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни самарали қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни сифат жиҳатдан янги рақобатбардошлик даражасига олиб чиқиш мақсадида профессионал мутахассислар тармоғини яратишдан иборат”.

Ушбу лойиҳа Италиянинг Формапер, Милан, Монца, Брианца, Лоди шаҳарлари савдо-саноат, ҳунармандчилик, ва қишлоқ хўжалиги палатаси ҳамда консорсиуми, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Қозоғистон Республикаси Савдо ва саноат корхоналари уюшмаси, Қарағанда вилояти савдо палатаси, Жамбил вилоятининг ишбилармон аёллар уюшмаси томонидан амалга оширилмоқда.

Мамлакатимизда ушбу лойиҳани амалга ошириш доирасида, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва Тошкент, Наманган вилоятлари пилот ҳудудлар сифатида танлаб олинди ҳамда ушбу ҳудудларда асосий ишлар ташкил этилди.

Хусусан, лойиҳанинг дастлабки босқичида Италия Республикасининг агросаноат йўналишидаги бир гуруҳ мутахассис ва амалиётчилари Ўзбекистонга келиб, соҳага оид 9 та узвий мавзуда ўқув семинарларини ўтказган бўлса, кейинги босқичда пилот ҳудудлардан саралаб олинган 60 дан ортиқ малакали ишбилармон ва мутахассислар Италия Республикасида “Stdy visit”, “Twinning” ва “Internship” дастурлари доирасида ташкил этилган амалиёт ўқувларида малака ошириши ташкил этилди.

Лойиҳа менеджери Фаррух Омоновнинг Европалик ишбилармонлар билан маҳаллий ишбилармонларнинг малака оширишига имконият яратилганлиги, шунингдек уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар натижадорлиги тўғрисида билдирган фикрига кўра, “Албатта, маҳаллий ишбилармонларимизга Европа Иттифоқининг озиқ-овқат саноати ва агробизнес соҳасида фаолият юритаётган етакчи корхоналар фойдаланилаётган илғор тажриба ўрганиш бу – янгилик, шу билан бирга ўз фаолиятига инновацион ғояларни татбиқ этишида имконият ҳамдир”.

“Лойиҳани Ўзбекистонда амалга ошириш жараёнида тажриба ва натижадорлик қуйидагилардан иборат бўлди”- дейилади Фаррух Омонов билан бўлган суҳбатда:

Биринчидан, лойиҳанинг дастлабки босқичида биз кўпроқ агробизнес соҳасида фаолият юритаётган мутахассислар, шунингдек тадбиркорлар малакасини ошириш ва ўрганилган хорижий тажриба асосида мавжуд фаолиятга инновацияларни жорий этиш ҳамда кенгайтиришга ҳаракат қилдик.

Натижада, Европалик мутахассислар томонидан ўтказилган семинарларда қатнашган Ўзбекистонлик мутахассислар ва тадбиркорлар соҳага оид ўзлари учун керакли бўлган маълумотлар билан тажрибаларини бойитишди.

Иккинчидан, биринчи босқичда фаол иштирок этган 60 нафар мутахассисларимиз Италияда ташкил этилган хорижий амалиётда қатнашиб илғор Европа тажрибасини ўрганиб ортга қайтишди.

Натижада, мамлакатимизда боғдорчилик йўналишида, жумладан олма, ўрик, гилос ва бошқа қатор меваларнинг янги тур ва навлари пайдо бўлишига эришилди ҳамда Европанинг “Vitro plant” ва “Баттистини” кўчатзорлари билан кооператив алоқалар йўлга қўйилди.

Учинчидан, лойиҳа доирасида олинган тажрибани оммалаштириш бўйича коронавирус пандемиясигача бўлган даврда семинар ташкил этилган бўлса, карантин чекловлари шароитида эса, онлайн вебинарлар ташкил этиб, ишбилармонлар ва соҳага қизиқиши бўлган аҳолининг бизнес ва агросаноат соҳасида билимларини мустаҳкамлаш бўйича тизимни йўлга қўйдик.

Натижада, айнан коронавирус пандемияси Ўзбекистонга кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш бўйича дастлабки кўрилган чоралар давридан бошлаб бугунги кунга қадар 50 дан ортиқ онлайн (бепул) вебинарлар ташкил этилди. Ушбу вебинарларнинг ҳар бирига ўртача 60-70 нафардан ишбилармонлар ва уларнинг вакиллари иштирок этди.

Вебинарларга европалик соҳа профессионаллари билан ҳамкорликда тажриба орттирган ва кўп йиллик тажрибага эга бўлган спикерлар жалб этилиб, улар томонидан бизнесни ташкил этиш, бошқариш, маркетинг, менеджмент, сервис ва бошқа мавзулар қамраб олинди.

Вебинарлар қайта намойиш учун ёзиб олинган бўлиб, улар https://t.me/bmguz телеграм каналига жойлаштирилиб борилади.

Тўртинчидан, лойиҳа доирасида ёшлар, хотин-қизлар фермерлиги ва тадбиркорлигига алоҳида эътибор қаратилиб, янгидан фаолиятини ташкил этган ишбилармонларга бизнес-режалар тайёрлаш, бизнесга оид бепул консультациялар олиш, юридик ва психологик кўмак олиш ҳамда агросаноат йўналиши учун тижорат банкларининг хорижий кредит линиялари тўғрисида ахборот олишларига амалий кўмак бериб борилди.

АGROCOMP” 2017-2020 йилларга мўлжалланган лойиҳа бўлса-да, ушбу давр мобайнида қишлоқ хўжалиги саноати ва агробизнес соҳасида энг муҳими мутахассислар синфи шаклланди, эндиликда улар билан соҳани ривожлантириш, шу жумладан қишлоқ хўжалигида плантациялар ташкил этиш орқали маҳсулот етиштириш ва уларни қайта ишлаш борасидаги ишлар тизимли давом эттириш режалаштирилган.

Шунингдек, лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири сифатида бошланган ва бугунги кунда Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг барча бўғинларида кўрсатилаётган хизматлар, шу жумладан, янгидан фаолиятини ташкил этган ишбилармонларга бизнес-режалар тайёрлаш, бизнесга оид бепул консультациялар, тижорат банкларининг хорижий кредит линиялари тўғрисида ахборот, ҳамда агросаноат йўналиши учун юридик кўмак бериш лойиҳа якунланганидан сўнг ҳам доимий равишда кўрсатиб борилаётганлиги “АGROCOMP” лойиҳасининг муваффақиятли амалга оширилганлигини ва долзарблигини тасдиқлайди.

Мавзуга оид