Хусусан, мурожаатлардан бирида президентнинг 2020 йил 30 июлдаги «Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимоя ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 6038-сон фармони бўйича мурожаатчининг маҳалласида пул маблағлари тарқатиб бўлингани, бироқ эҳтиёжманд бўлишига қарамай, мурожаатчига оиласига пул берилмаганига изоҳ сўралган.
«Ҳурматли юртдошлар, муҳтарам президентимизнинг ушбу фармони бўйича назарда тутилган пул маблағлари ҳали тарқатилгани йўқ. Бу борада тегишли рўйхатлар қайта кўриб чиқилмоқда, аҳолининг эҳтиёжмандлик даражаси аниқланмоқда. Сиз назарда тутган пул маблағлари Коронавирус пандемияси даврида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 июлдаги 346-Ф-сонли фармойиши асосида тарқатилди.
Сизнинг саволингиздан келиб чиқсак, сиз ўзингиз яшайдиган маҳаллага мурожаат қилишингиз керак бўлади. Мурожаатингиз кўриб чиқилиб, сизга ёрдам кўрсатилади ёки асосли тарзда хулоса берилади», - деди вазирлик расмийси бу саволга жавобан.
Шунингдек, маҳалла раиси бир марта сайланса, ўн йиллаб ишлаб юравериши ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.
«Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари маҳалла раисларини тўғридан тўғри бўшатиш ваколатига эга эмас.
Зеро, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисидаги қонуннинг 4-моддасида белгилаб қўйилганидек, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятига давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг аралашувига йўл қўйилмайди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги маҳаллаларни қўллаб-қувватлайди, уларнинг самарали фаолият олиб боришига кўмаклашади. Ўз фаолиятига номуносиб деб топилган маҳалла раислари ҳақида фуқаролар йиғини кенгашига тавсия бериши мумкин.
Маҳалла раиси сайланади, уни халқ сайлайди. Халқ томонидан ишонч билдирилиб сайланган раис ўз ишига масъулият билан ёндашмаётган экан, аҳолининг ўзи уларнинг фаолиятига баҳо бериши керак. Маҳалла фаолиятига бефарқ бўлмаган фуқаро ўз маҳалласи раиси фаолияти бўйича бемалол фуқаролар йиғини билан маслаҳатлашиб қонуний баҳо бериши мумкин.
Ушбу қонуннинг 24-моддасига кўра, Фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) ваколатлари қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади:
- у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилганда;
- фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) умумқабул қилинган ахлоқ, одоб нормаларини қўпол равишда бузувчи, раис (оқсоқол) мақомини бадном қилувчи ва фуқаролар йиғини обрўсига путур етказувчи хатти-ҳаракатлар ва ножўя ишлар содир этган, шунингдек ўз вазифаларини мунтазам равишда узрли сабабларсиз бажармаган тақдирда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан қарор қабул қилинганда;















