Жаҳон | 22:50 / 08.10.2024
4573
2 дақиқада ўқилади

Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган марафон уч ойда 378 минг евро тўплади

Июл ва август ойларида ташкилотчилар 100 нафардан зиёд сиёсий маҳбусга ёрдам кўрсатишга муваффақ бўлган.

Фото: AFP

Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлаш муносабати билан 2024 йилнинг ёзида ўтказилган «Сен ёлғиз эмассан» марафонида 378 минг евродан ортиқ маблағ тўпланди, деб хабар беради «Медуза».

Марафон 12 июн куни бўлиб ўтганди. Унда «Медуза», «Дожд», «Медиазона», «Қўллаб-қувватлов хизмати» ва бошқа мустақил медиалар иштирок этган. Марафон якунланган бўлса-да, донатларни йиғиш ҳозир ҳам давом этмоқда.

Июл ва август ойларида ташкилотчилар 100 нафардан зиёд сиёсий маҳбусга ёрдам кўрсатишга муваффақ бўлган. Ёрдам бир вақтнинг ўзида ҳамда мунтазам равишда амалга ошириб келинмоқда.

Сиёсий маҳбусларни қўллаб-қувватлашга қаратилган марафон иккинчи маротаба ўтказилмоқда. Биринчи сафар у 2023 йилда ташкил этилган бўлиб, 39,43 миллион рубл тўпланганди.

«Россияда сиёсий сабаблар туфайли таъқибга учраганлар, шунингдек, уларнинг оилаларига ёрдам керак… Хавфсизлик нуқтаи назаридан биз доим ҳам рублда хайрия қилинган маблағларни қабул қила олмаймиз», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 1 август куни Россия ва Ғарб мамлакатлари кенг кўламли маҳбуслар алмашувини ўтказганди. Шу куни россиялик сиёсий маҳбуслар бўлган самолёт Германиянинг Кёлн шаҳридаги аэропортга келиб қўнган эди. РФ ҳукумати Германия ва АҚШга Владимир Кара-Мурза, Иля Яшин, Олег Орлов, Андрей Пивоваров, Саша Скочиленко, Лилия Чанишева, Ксения Фадеева, Вадим Останин, Кевин Лик, Демур Воронин, Герман Мойжес, АҚШ фуқаролари Пол Уилан, Эван Гершкович, Алсу Курмашева, Германия фуқароси Патрик Шебелни топширган. Шунингдек, Беларус Германия фуқароси Рико Кригерни қайтарган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид