У ёки бу амалдорнинг порахўрлигини кўз билан аниқлаш осон иш эмас. Коррупция табиатан махфий бажарилади. Бироқ Франциянинг Монпелье университетидан Павло Блаватский бошлиқ олимлар жамоаси ўтказган янги тадқиқот сиёсатчиларнинг тана массаси индекси ва уларнинг коррупцияга мойиллиги ўртасида қизиқ боғлиқлик борлигини аниқлашди.
Олимнинг ўзи тушунтиришича, унинг жамоаси 15та собиқ совет республикаларидаги (Арманистон, Беларусь, Гуржистон, Латвия, Литва, Молдова, Озарбойжон, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Эстония, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон) 299 нафар амалдорга диққатни жамлашган — уларнинг исмлари ошкор этилмаяпти. Блаватский бу сиёсатчиларнинг тиббий картасини қўлга кирита олмаган, шу сабабли у уларнинг фотосуратларини (2017 йилги) компьютер назари алгоритми ёрдамида таҳлил қилиб, уларнинг тана массаси индекси (ТМИ)ни (Transparency International, World Bank, Index of Public Integrity ва бошқаларнинг индекслари ва маълумотларига кўра) умум қабул қилинган коррупциялашганлик мезонлари билан солиштирган.
Олимларнинг аниқлашича, «юқори мартабали мансабдорларнинг фотосуратларига қараб ҳам латент сиёсий коррупциялашганликни аниқласа бўлар экан».
Умуман олганда, тадқиқотда «иштирок этган» барча амалдорларнинг ТМИси юқори чиқди, деб ҳикоя қилади Блаватский. 299 кишидан 96 нафарида (32 фоизида) ТМИ 35–40га тенг бўлди (бу жиддий, кескин семирганликни билдиради). Хусусан, бу Ўзбекистондаги амалдорларининг 24 нафаридан 13 нафарида (54 фоиз), Тожикистон амалдорларининг 18 нафаридан 8 нафарида (44 фоиз), Украина амалдорларининг 24 нафаридан 10 нафарида (42 фоиз) кузатилган. Яна 13 нафар амалдорда (4 фоиз) ТМИ 40дан ҳам ўтган: фотосуратларга кўра, Қозоғистоннинг 20 амалдоридан 3 нафари (15 фоиз), Украинанинг 24 амалдоридан 2 нафари (8 фоиз) ниҳоятда семириб кетган бўлиб чиққан. Нормал вазн (ТМИ 18,5дан 25гача) Озарбойжон, Эстония, Гуржистон, Қозоғистон, Латвия, Литва, Украина ва Ўзбекистонда бир нафардан жами 10 нафар амалдорда (3 фоиз) кузатилган. Блаватскийнинг маълумотларига кўра, амалдорларнинг бирортаси меъёрдан кам (ТМИ 18,5дан паст) вазнга эга бўлмаган.








