Жаҳон | 22:20 / 04.08.2020
7346
2 дақиқада ўқилади

Компьютер сичқончаси ихтирочиларидан бири 91 ёшида вафот этди

Компьютер сичқончаси ихтирочиларидан бири, америкалик олим Уильям Инглиш 91 ёшида вафот этди. У дунёдаги илк компьютер сичқончасини 1963 йилда яратган.

Фото: SRI INTERNATIONAL

Ихтирочининг ўлимига нафас етишмовчилиги сабаб бўлган. Олим 26 июлда вафот этган, бироқ бу ҳақида эндигина маълум қилинди.

Инглиш электротехникани ўрганган ва Стэнфорд тадқиқот институтида ишлаган. У университетда бошқа бир техник Дуглас Энгельбарт билан танишиб қолган. Айнан Энгельбарт Инглиш яратган компьютер сичқончаси ғоясини берган. 

Дунёдаги биринчи сичқонча бир тугма ва остида икки ғилдиракдан иборат ёғоч блокдан иборат бўлган. Ғилдираклар вертикал ва горизонтал ҳаракатланишни қайд қилиш учун бир-бирига нисбатан 90 даража бурчак остида жойлашган бўлган. 

Инглиш ва Энгельбартнинг сичқончаси илк бор 1968 йилда оммага тақдим қилинган. Кейинроқ Инглиш ўз сичқончасидаги ғилдиракларни шарчага алмаштирган. Бундай сичқончалар 1990-йиллар охиригача долзарб бўлиб қолган.

Ҳанузгача олимлар компьютер сичқончасини нега айнан “сичқонча” деб аташгани номаълумлигича қолмоқда. Баъзи тахминларга кўра, бунга сичқончанинг кичик ўлчамга эгалиги ва сичқон думини эслатувчи кабели сабаб бўлган. 

Олимларнинг ўзлари эса қурилмани нега шундай аташганини эслай ҳам олишмаган. 

“Илк маърузамиз учун уни қандайдир аташимиз керак эди. “Тугмачали жигарранг қути” деган ном у учун аниқ тўғри келмасди”, деб айтган Инглиш.

Мавзуга оид