Light | 18:17 / 05.08.2020
31762
3 дақиқада ўқилади

Водийдаги «паром» — Наманган ва Мингбулоқ туманларини Сирдарё устидан боғловчи кема ҳақида эшитганмисиз?

Наманган вилоятида Сирдарёнинг икки соҳилидаги қишлоқларни боғлаб турувчи паром борлиги ҳақида кўп эшитган эдик. Вилоятга бўлган хизмат сафаримиз давомида атай Наманган туманига бориб мазкур сув транспорти воситасида дарёдан ўтдик.

Паром кема неча йиллардан бери Наманган туманининг Гулдиров ва Мингбулоқ туманининг Чордана қишлоқларини боғлаб турибди: маълумотларга кўра, мазкур паром ўтган асрнинг 60-йилларидан бери ишлаб келмоқда.

Ҳеч қандай ёқилғисиз ишлайдиган, ўтиш ҳақи арзон бўлган паром – юк машиналари, автомобиллар ва одамларнинг вақтини, маблағини тежаб, йўловчилар учун 30 километрлик масофани қисқартиради.

Биз тахминан ярим соат давомида жараённи тасвирга олган бўлсак, бу муддат ичида паром ўз устига машиналар ва одамларни олиб тўрт марта Сирдарёдан сузиб ўтди. Кўриниб турибдики, сувдан 30 тоннагача юкни олиб ўтиш қувватига эга бўлган кемага эҳтиёж катта.

«Сирдарё устида «паром» шу ердан тепароқдаги Қоракўл қишлоғи атрофида 1930-йилларида пайдо бўлган, — дейди шу ерлик отахон Холмуҳаммад Низомов. — Уруш йилларида ва ундан сўнг атрофдаги кўприклар қурилмагунча икки соҳилда яшовчиларни боғлаб турувчи асосий восита бўлган.

Кейинчалик, 60-йилларда – 50-60 йил олдин мана бу паром ишга туширилди. Сабаби, соҳилнинг бу бетида Наманган туманининг 500-600 гектар экин ер майдонлари мавжуд. Бу майдонларда пахта-ғалла ва турли экинлар экилади. Одамларни, қишлоқ хўжалиги техникасини олиб ўтиш учун паром керак бўлган.

Аҳоли уни «паром» деб атаб олган, аслида бу – кема. Ҳеч қандай ёқилғи ёки моторсиз сув оқими кучи билан ишлайди. «Забардаст Зафаробод» фермер хўжалиги тасарруфидаги кемамиз мана неча йиллардан бери халққа хизмат қилиб келяпти. Кунига 100дан ортиқ йўловчи, транспортни дарёдан ўтказади».

Биз ҳам хизмат автомашинамиз билан кемада дарёдан ўтдик. Ўзини «паромчи» дея таништирган ва камерага гапиришдан қочган Ўринбой ака битта транспорт воситасини дарёдан олиб ўтишга 5 минг сўм ҳақ олишини айтди. Йўловчилардан эса пул олинмас экан.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид