Жамият | 12:01 / 07.08.2020
4536
4 дақиқада ўқилади

26,8 минг кишига 11,5 млрд сўм миқдорида ишсизлик нафақаси тўлаб берилди – Вазир

Бугун, 7 август куни Олий Мажлис Сенатининг видеоконференцалоқа тарзида бўлиб ўтаётган олтинчи ялпи мажлисида «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни муҳокама қилинди.

Муҳокамалар давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов ишсиз деб эътироф этиш ва ишсизлик нафақаси тайинлашни онлайн тарзда шаффоф ташкил этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги саволга жавоб берди.

«Пандемия даврида ишсизлик нафақалари тайинлаш долзарб масалага айланган. Чунки карантин даврида кўплаб ҳудудлардаги корхоналар вақтинчалик фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Бунда асосан норасмий секторда фаолият юритувчи фуқаролар жуда ҳам кўп азият чекишди.

Вазирлик қошидаги «Бандликка кўмаклашиш жамғармаси»дан ишсизликка субсидиялар тайинлаш механизми белгиланган. Аввалги тартиб бўйича ишсизлик нафақасини тайинлаш бандликка кўмаклашиш марказига 8та турдаги ҳужжатларни тақдим қилиш ва 11 кун муддат этиб белгиланган эди. Республика махсус ишчи комиссияси қарорига асосан таклиф киритиб, ҳужжатлар таркибини 3та ҳужжатга туширдик, карантин даврини ҳисобга олган ҳолда ишсизлик нафақасини 3 кун муддатда тайинлашни кўриб чиқдик.

1 август ҳолатига барча ҳудудлар бўйича 26 минг 800 нафар вақтинчалик ишини йўқотган фуқаролар ишсиз тоифасига киритилиб, 11,5 млрд сўм миқдорида ишсизлик нафақаси тўлаб берилди. Жамғармада шу йўналишга йўналтирилган яна 16 млрд сўм маблағимиз бор. Маҳаллий органлар билан биргаликда ҳудудлардан талабномаларни йиғдик, яна қарийб 28 минг нафар ишсиз фуқароларга 1-2 ой ичида ишсизлик нафақаларини беришни режа қилганмиз», дея Нозим Ҳусановнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

«Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни сенаторлар томонидан маъқулланди.

Нозим Ҳусанов пандемия даврида аҳолини иш билан таъминлаш борасида кўрилган тезкор амалий чоралар ҳақида ҳам ахборот берган.

«2020 йилнинг 1 август ҳолатига кўра, 617 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Шундан 506 минг нафари айнан пандемия даврига тўғри келди.

Ташқи миграциядан қайтган ва хорижга ишга кета олмаган фуқароларга субсидия ажратиш механизми жорий қилинди. Жумладан, фуқароларга энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 30 бараваригача миқдордаги маблағ шахсий томорқаларини ривожлантириш учун берилди. Ҳозиргача 25 минг оила иш билан таъминланиб, бунинг учун 54 млрд сўм маблағ сарфланди», деди вазир Сенатнинг 6-ялпи мажлисида.

Қайд этилишича, Хитойнинг камбағалликни қисқартириш борасидаги тажрибаси ўрганилиб, аҳоли энг кам иш ҳақининг 10 бараваригача бўлган маблағ асосида иқтисодий қўллаб-қувватланди. Натижада 3 ой ичида 318та кооператив ташкил қилиниб, 16 минг киши меҳнатга жалб қилинди. Бунинг учун жами 26 млрд сўм пул сарфланган.

«Йил якунигача яна 327та кооператив ташкил қилиш ва уларга 17 минг нафар аҳолини жалб қилиш режалаштирилган. Бундай кооперативларнинг17таси ҳунармандчиликка асосланиб, хотин-қизларни бирлаштиради.

Ўз-ўзини банд қилиш йўналишлари 24тадан 67тага кўпайтирилди. Шунингдек унинг тўлови 1 миллион 50 минг сўмдан 115 минг сўмга туширилди. Ҳозирда республикада 201 минг нафар фуқаро ўз-ўзини банд қилган. Йил якунигача бу кўрсаткич 50 минг нафарга етиши кутилмоқда», дейилади вазир ҳисоботида. 

Мавзуга оид