Ўзбекистон | 21:30 / 07.01.2023
23607
7 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяга ишга боришдаги коррупция – нега миграция масъуллари қишлоқларга кириб бормаган? Собиқ вазир билан интервью

Kun.uz ташқи меҳнат миграцияси билан боғлиқ муаммолар ҳақида мақола эълон қилганди. Суриштирувда икки йил олдин давлат раҳбарига тақдим этилган, ўзбекистонликларни Японияга ишга боришга тайёрлайдиган махсус марказ фаолиятига масъуллар томонидан қўйилаётган тўсиқлар ҳақида сўз юритилган эди. Kun.uz иккинчи томонга ҳам микрофон тутди: мавзу доирасида собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов билан суҳбатлашилди. 

Шокир Шарипов:

— Мен учун баъзи ўзгармас ҳақиқатлар бор, тепамизда Қуёш тургани каби. Ўзим кузатганим боис булар мен учун исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат. Шулардан бири – Жанубий Кореяга ишга бориш масаласида: қишлоқларда «Кореяга кетибди», «Кореядан ишлаб келибди» мавзуси – машҳур. Шу ерда мен кузатган нарса — қанақадир шахслар бор, уларга Кореяга кетмоқчи бўлганлар пул олиб бориб беради. Ҳозир ушбу рақам 15 минг долларга чиққан. Кейинчалик пул берганлар қаергадир олиб бориб, корейс тилига ўқитилади ва кейин Жанубий Кореяга ишга кетади. Буни қандай изоҳлайсиз?

Нозим Ҳусанов:

Айтган ҳолатингиз мавжуд, хабаримиз бор. Аммо бу – бозор талаби. Ҳар бир фуқаро даромад топиш истагида. Фуқароларимизнинг бир қисми хорижга, жумладан, Жанубий Кореяга бориб, яхши даромад олаётганига ўзимиз ҳам гувоҳ бўлганмиз. Шунинг учун ҳам, юқори талаб бўлганидан, сиз айтаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорлик субъектлари деймизми, уддабуронлар шундай бир ўқув марказлари ташкил қилганини биз ҳам эшитганмиз. Ўтган йил июн ойида, Корея ҳукумати билан ўзаро келишувга асосан Кореянинг Инсон ресурслари маркази томонидан имтиҳонлар ташкил қилдик. Бир ой олдин имтиҳон кунларини, оnline ариза билан мурожаат қилишни, рўйхатдан ўтишни ва имтиҳонда қатнашиш имкониятини барчага очиқ-ойдин эълон қилдик. Ва 15,5 минг фуқаро оnline порталимизга ариза билан мурожаат қилиб, рўйхатдан ўтишди. Имтиҳон бир неча кун бўлиб ўтди. Якунда 13 мингга яқин фуқаро келиб, имтиҳонда қатнашди. Бу фуқароларимиз орасида ушбу йўналишга қизиқиш кўплигидан далолат беради

Шокир Шарипов:

— Қишлоқларда кимлардир пул олиб ўқитяпти ва менинг кузатишим бўйича, айнан шу орқали Кореяга кетишяпти. Қишлоқда одамлар фақатгина ўша битта йўл билан, яъни кимларгадир катта пул бериб кетишяпти.

Нозим Ҳусанов:

“Айнан шулар кетишяпти” деган фикрингизга қўшилмайман. Хабарингиз бор, Жанубий Корея давлатига меҳнат муҳожирлигига бориш фаолияти 2007 йиллардан бошланган. Бу йўналишда айнан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги Ташқи меҳнат миграция агентлиги шуғулланади. Буни ҳамма билади, бир-икки йиллик лойиҳа эмас. Лекин юқорида айтганингиздек, ўша фуқаролар орасида қўштирноқ ичидаги тадбиркорларимиз “айнан бизга келиб ўқисанг, биз сенга таъминлаймиз”, деган ёлғон хабарларни тарқатиш ҳолатлари ҳам бор. Бундай ҳолатлар ҳудудий ваколатхоналаримиз ходимлари томонидан аниқланиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиб борилади. Шу билан биргаликда бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ОАВда тўхтовсиз эълонлар бериб борамиз.

Шокир Шарипов:

Айтмоқчисизки, ўша қўштирноқ ичидаги бизнес билан шуғулланаётганларнинг коррупцион алоқалари йўқ.

Нозим Ҳусанов:

Йўқ, бугунги кунда буни аниқ айта оламан. Чунки охирги икки йилда биз максимум ҳаракат қилдик ва Жанубий Кореяга ишга жўнатиш жараёнида инсон фактори минимумга тушди. Олдинлари фуқаро марказга келиб ариза ёзарди. Ҳозир ҳаммасини online қилганмиз: online порталга ариза беради, ўзининг анкетасини тўлдиради, СМС орқали код олади, имтиҳон куни фуқаролик паспорти билан келади ва унга алоҳида ID калит берилади. Имтиҳон натижаларини эса online порталнинг ўзидан кузатиб туриши мумкин бўлади. Имтиҳондан ўтгандан сўнг тўлдирадиган анкета формалари бор, уни ҳам фуқаро хоҳласа ўзи мустақил тўлдириши ёки агентликка келиб, мутахассисдан ёрдам олиши мумкин. Ушбу анкета сайтга жойланганидан кейин имтиҳондан ўтган фуқароларнинг алоҳида базасига киритилади. Мазкур СПАС база Жанубий Корея ҳукумати билан қилган келишувимизда бор. Кореядаги иш берувчилар ушбу базадан ўзига мос номзодларни излайди: ёшига, мутахассислигига, тажрибасига, имтиҳон балларига қарайди. Шу тариқа ишчини танлайди ва лозим топган тақдирда online суҳбат ташкил қилиши мумкин. Суҳбатлардан кейин эса фуқарога шартномани, меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи чақирув қоғозини беради.  

Шокир Шарипов:

Нега қишлоқларда одамлар фақатгина мен айтаётган шахсларга пул бериб, Жанубий Кореяга кетишга имкон топяпти? Нега бу борада тушунтириш ишлари олиб борилмайди? Уларда “шу одамга пул берсам, кета оламан”, деган қатъий фикр шаклланган. Нега вазирлик бўлимлари маҳаллаларга кириб, кетишнинг ортиқча чиқимсиз ва қонуний йўлини тарғиб қилмайди?

Нозим Ҳусанов:

Дейлик, сизга кийим керак. Магазинга ёки бозорга бориб сотиб оласиз, тўғрими? Сизга кимдир олиб келиб, “мана сенга кийим” деб тавсия қилишини пойлаб ўтирмайсиз. Мен фуқароман, ниятим Кореяга бориш, ҳатто мактаб боласи ҳам Кореяга кетиш учун тегишли идора борлигини билади. Телефон ҳамманинг қўлида бор, барча маълумотлар чиқади. Ташқи меҳнат миграция агентлигининг, вазирликнинг сайтига кириб кўрсангиз, бир ойда бир неча маротаба мана шундай маълумотлар чиқариб борамиз. Кечирасиз-ку, ҳар бир фуқарога эшигини тақиллатиб, “сиз Кореяга бормоқчимисиз, манавига қаранг”, дейишга куч етмайди. Албатта, ҳаракатлар бор. ОАВни ҳам жалб қилган ҳолда кўпроқ ҳаракат қилишимиз керак бу борада.

Суҳбат давомида Ўзбекистоннинг Жанубий Корея меҳнат бозоридаги потенциали, Японияга ишга боришга тайёрлайдиган махсус марказ фаолиятига қўйилаётган тўсиқлар, амалга оширилаётган ишлар ва ҳаракатлар ҳақида сўз боради. Суҳбатни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Шокир Шарипов суҳбатлашди.

Мавзуга оид