17:46 / 08.08.2020
27374

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор Анвар Эргашев вафот этди

Анвар Эргашев Миллий симфоник оркестри бош дирижёри ва Алишер Навоий номидаги Давлат академик театри бадиий раҳбари лавозимларида фаолият юритган. 

Таниқли композитор ва дирижёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Ўзбеккино” миллий агентлиги бадиий кенгаши аъзоси Анвар Эргашев вафот этди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” хабар берди

Анвар Эргашев 1954 йил 19 апрель куни Фарғона шаҳрида туғилган. Тошкент давлат консерваториясида фортепиано, композиция ва опера-симфоник дирижёрлиги ихтисослари бўйича таҳсил олган. У Миллий симфоник оркестри бош дирижёри ва Алишер Навоий номидаги Давлат академик театри бадиий раҳбари лавозимларида фаолият юритган. 

А. Эргашев 50дан ортиқ бадиий ва мусиқий фильмлар, спектакллар бастакори, кўплаб қўшиқ ҳамда мусиқалар муаллифи. Унинг кинодаги ишлари сирасига “Бомба”, “Шариф ва Маъриф”, “Осмондаги болалар”, “Аланга ичидаги фаришта”, “Оқ бино оқшомлари”, “Уч қирол жанги”, “Ойи” фильмлари киради. Етук композиторнинг сўнгги иши бир неча ой олдин премьераси бўлиб ўтган “101” киноасари эди.  

“Ўзбеккино” миллий агентлиги жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирган.

Top