«Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов коронавирус асоратларидан вафот этди
Ииқтисодиёт фанлари доктори, профессор, «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Чингизович Жалоловнинг 4 август куни коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси хабар қилди.
Санжар Жалолов 2018 йилда Ўзбекистонга қайтган ва «Буюк келажак» кенгаши экспертлари таркибига кирган.
Санжар Жалолов Торонтода THETA Collaborative’да тиббиёт технологиялари бўйича консултант сифатида ишлагани боис Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасидаги ушбу йўналишни баҳолашни таклиф қилган. Соғлиқни сақлаш технологияларини баҳолаш мамлакатга қайси дори воситалари ҳақиқатда кераклиги ва уларнинг реал нархини чиқариш имконини беради.
«У ўз ғоялари ва хулосаларини расмий тақдимотлари ва оммавий ахборот воситаларидаги мақолаларида акс эттирган. У нима ҳақида гапираётганини биларди ва Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимининг самарадорлигини таъминлаш энг яхши халқаро тажрибанинг жорий этилишига ишонарди», дейилади хабарда.
Профессор Санжар Жалолов Тошкент фармацевтика институти ҳамда халқаро Вестминстер университетида маърузачи сифатида дарс берган. Университетда Жалолов ташаббуси билан жамоатчилик соғлиқни сақлаш факультети ташкил қилинаётганди.
Бундан ташқари, иқтисодиёт фанлари доктори Санжар Жалолов менежер сифатида турли халқаро лойиҳаларда иштирок этган ва нафақат соғлиқни сақлаш тизимидаги иқтисодий масалалар қишлоқ хўжалиги ҳамда давлат ва жамият институтларининг ривожланиши юзасидан ҳам таклифлар берган. Санжар Жалолов 58 ёшда бўлган.