Ўзбекистон | 14:49 / 11.08.2020
4126
2 дақиқада ўқилади

Божхоначилар 663 млн сўмлик дори воситалари ва 1200та пульсоксиметрнинг ноқонуний савдосига чек қўйишди

Пандемия даврида аҳолининг айрим дори-дармонларга нисбатан эҳтиёжи ортиб бормоқда. Бу вазиятдан мўмай даромад орттириб қолишга уринаётган айрим шахслар эса сифати кафолатланмаган дори воситаларини яширин равишда пуллаб, фуқаролар саломатлигини жиддий хавф остига қўйиши мумкин.

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати ана шундай уринишлар билан боғлиқ иккита ҳолат ҳақида хабар берди.

Биринчи ҳолатда, қўмитанинг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида тезкор тадбир ўтказилган.

Тадбирда фуқаролар Б.М. ҳамда В.А. 5 дона қоғоз қутига жойланган, сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган, чет элда ишлаб чиқарилган 2000 қути дори воситаларини сотишга уринаётган вақтида тўхтатиб қолинган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Шунингдек, фуқаро В.А. бошқарувидаги «Каптива» русумли автотранспорт воситаси ҳам белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автоулов салонида ҳам 600 қути дори воситалари борлиги аниқланган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур дори воситаларининг умумий қиймати 663 млн сўмни ташкил қилмоқда. Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

Яна бир тезкор тадбир қўмитанинг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ҳамда «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан пойтахтнинг Яккасарой туманида ўтказилган.

Тадбирда фуқаро А.А. 12 дона қоғоз қутига солинган 1200 дона пульсоксиметрни сотишга уринган вақтида тўхтатиб қолинган.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Тиббий буюмлар дорихоналардан ташқарида 120 миллион сўмга реализация қилинаётган бўлган. Пульсоксиметрлар ҳозирда вақтинча сақловга олинган ва ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид