Ўзбекистон | 21:37 / 11.08.2020
19101
3 дақиқада ўқилади

COVID-19 беморларини уйда даволаган шифокорлар жавобгарликка тортилиши бўйича қўшимча изоҳ берилди

Ўтган ҳафта Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири буйруғи қабул қилиниб, коронавирус беморларини шифохонадан ташқарида даволаган тиббиёт ходимлари суд орқали жавобгарликка тортилиши белгиланган эди. Вазирликнинг Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Барно Абдусаматова бу борада изоҳ берди.

«Ушбу буйруқ асосан уйда нотўғри даволаш натижасида келиб чиққан асоратлар натижаси бўйича маълумотлар тўпланган ҳолда чиқарилган эди. Шуни тушунтириб ўтмоқчиманки, уйда даволаниш бекор қилингани йўқ. Касалликнинг енгил даражасида уйда даволаниш тавсия этилади ва бу жараённи поликлиникадаги амбулатор шифокорларимиз олиб бормоқда», – деди Барно Абдусаматова «Ўзбекистон 24»га берган интервьюсида.

У хусусий клиникаларга ҳам коронавирус беморларини даволашга рухсат берилганини таъкидлаб, шифокорлар онлайн тартибда ҳам беморларга ўз тавсияларини бериши мумкинлиги, лекин бу вазирлик ишлаб чиққан тавсияларга мос бўлиши кераклигини қайд этди.

«Амбулатор шароитга, саралаш ва тақсимлаш марказларига ҳамда стационар шароитга беморларнинг жуда оғир аҳволда келгани, уларнинг инъекцион ва инфузион терапияларни уйда олишгани ва нотўғри тавсиялар берилгани буйруқ чиқарилишига сабаб бўлди», – деди штаб аъзоси.

Барно Абдусаматованинг қўшимча қилишича, агар шифокорлар даволашни Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган тавсиялар асосида олиб борса, уларга ҳеч ким даволашни ман этмаган.

  • Эслатиб ўтамиз, «Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш мезонларини тартибга солиш ва ретро-проспектив таҳлил ўтказиш тўғрисида»ги вазир буйруғи ҳақида 7 августда эълон қилинган эди. Буйруқда, коронавирус билан касалланган беморларни даволаш учун мослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларидан ташқарида беморларни даволамаслик ва белгиланган муолажаларни олиб бормаслик тўғрисида мамлакатдаги барча тиббиёт муассасаларида фаолият юритаётган шифокор ва ўрта тиббиёт ходимларидан кафолат хатлари олиниши белгиланган. Хусусий клиникалар раҳбарларига ҳам шу қоидага амал қилиш тавсия этилган.

Мавзуга оид