Light | 15:54 / 11.08.2020
31393
4 дақиқада ўқилади

Қуруқ кўзлар синдроми: у кимга ва қачон хавф солиши мумкин?

Кўз қуриши касаллиги кўз ва кўзёш ҳолати билан боғлиқ ҳолатда юзага чиқади, уни қуруқ кўзлар синдроми деб ҳам аташади.

Фото: Katelyn/ISO Republic

Кўзлар доимий равишда кўзёш ишлаб чиқаради ва бу ёшлар кўз юзасини намлантириб туриш вазифасини бажаради. Кўз қуриши касаллигига чалинган инсонларда эса етарлича кўзёш ишлаб чиқарилмайди ёки кўзёшлар кўз юзасини намлантиришга улгурмай буғланиб кетади. Баъзиларда мана буларнинг ҳар иккиси ҳам кузатилади. Натижада кўзлар қуруқ ва қадалаётгандек бўлаверади.

Кўз қуриши касаллиги офтальмологлар томонидан энг кўп учрайдиган касалликлардан бири сифатида эътироф этилади. 50 ёшдан ошган 30 фоиз одамда бу касаллик кузатилади.

Бироқ, афсуски, кўпчилик кўз қуриши касаллиги ўзида кузатилса, эътибор билан қарамайди, уни қариликнинг белгиси сифатида кўришади, даволаш ёки олдини олишга ҳаракат қилмайди.

Кўз қуришига нима сабаб бўлади?

Қуруқ кўзлар синдроми етарлича ёш ишлаб чиқарилмаслиги, кўзёшлар сифати бузилиши ёки ҳар иккаласи туфайли юзага келиши мумкин. Кўзёш ишлаб чиқариш тизимида бирор қисм яхши ишламаса ҳам, шундай муаммо кузатилади.

Кўз қуриши натижасида кўз юзасида қуруқлик ва яллиғланиш кузатилади.

40 ёшдан катта аёлларда, контакт линза тақадиганларда ва кўз жарроҳлигини бошидан ўтказганларда қуруқ кўз синдроми кузатилиши эҳтимоли юқорироқ ҳисобланади.

Бу касалликка турли касалликлар, инсоннинг тиббий ҳолати ва атроф-муҳит ҳам таъсир кўрсатиши мумкин.

Қуруқ, шамолли, тутунли ёки совуқ ҳаво ҳам кўз қуруқлашишига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, компьютер ёки бошқа электрон техникаларга узоқ муддат доимий тикилиб ўтириш ҳам қуруқ кўз синдромига олиб келади.

“Бегона тана сезгиси”

Кўз қуриши касаллигида одам кўзида нимадир ғалати нарсани сезади, бу “бегона тана сезгиси” дейилади. Кўзда қичиш, хиралашиш каби ҳислар кузатилиши мумкин. Уларда кўз қизариши ёки қизиш кузатилиши мумкин. Баъзилар эса ёруғликка қарашга қийналиши ёки нигоҳлари жимирлаши мумкин.

Қуруқ кўзлар синдромида баъзида кўп миқдорда кўзёшлар ишлаб чиқарилиши ҳам мумкин. Бунда тана кўздаги ноқулайликни бартараф этиш учун ҳаракат қилаётган бўлади. Афсуски, бу ҳолатда ортиқча кўзёшлар кўзни намлаб туриш вазифасини бажара олмайди.

Шифокорга мурожаат қилиш лозим

Қуруқ кўз синдроми баъзиларда кузатилса-да, ўтиб кетиши, баъзиларда каттароқ муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.

Агар уни даволашга эътибор қаратилмаса, кўз юзасида яралар ҳосил бўлишига ёки кўриш қобилияти пасайишига олиб келади.

Агар инсон ўзида кўз қуриши касаллиги асоратларини сезса, кўз шифокорига мурожаат қилиш тавсия этилади. Чунки шифокор барча жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда тўғри ташхис қўяди.

Тавсиялар

Кўз қуришини енгиллаштириш учун қуйидагилар ёрдам бериши мумкин:

  • Компьютер ёки бошқа бирор электрон қурилма ёнида муттасил ишлашга тўғри келганда кўзларни тез-тез очиб-юмиш машқларини бажариб туриш;
  • Кўзларни чанг ва шамолдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш;
  • Тамаки тутунидан қочиш;
  • Кондиционернинг ҳаво оқими остида ўтирмаслик;
  • Энг кўп вақт сарфлайдиган хонада ҳаво таркибини намлантириб турувчи намлантиргичдан (увлажнитель) фойдаланиш;
  • Контакт линзалардан тўғри фойдаланишга алоҳида эътибор бериш. 

Мавзуга оид