Кўз қуриши, кўзда ортиқча нарса бордек ҳис қилиш, қизариш, қичишиш, хира кўришни бошлаш – булар 21-аср касаллиги рақамли кўз чарчаши белгиларидир. Экранларга узоқ термилиш сабаб бугун кўз касалликлари ёшариб боряпти. Смартфон, ноутбуклардан доимий фойдаланган ҳолда, кўз нурини асраш мумкинми ва бу учун нима қилиш керак?

Тошкент метросида эдим. Поезд қанча олдин кетганини билиш учун электрон таблога қарадим. 20 метрча масофада бўлсам ҳам таблодаги рақамларни аниқ кўра олмадим. Қизиғи, бундан бир йил олдин метронинг охири, вагони тўхтаган жойдан ҳам электрон таблодаги рақамларни ўқий олардим. Бу ҳолат жиддий хавотир уйғотиб, кўз шифокорига югурдим. Шифокорнинг айтишича, менда кўз ёш етишмаслиги бошланиб, натижада кўзим узоқни олдингидек яхши кўрмаяпти. Бу қандай пайдо бўлди, кўз қуриши, кўзда ортиқча нарса бордек ҳис қилиш, қизариш, қичишиш, хира кўриш сизда ҳам кузатилганми?

Рақамли кўз зўриқиши нима дегани?

Кўз шифокорлари cмартфон ва компютер оммалашганидан кейин digital eye strain – рақамли кўз зўриқиши атамасининг оммалаша бошлаганини айтади. Ёки буни computer vision syndrome – компютер кўриш синдроми ҳам деб аташ мумкин. Бу атамалар охирги 20 йилда кўп тилга олиняпти. Бу нима маънони англатади, белгилари қандай?

Рақамли кўз зўриқиши рақамли қурилмалардан узоқ вақт фойдаланиш натижасида пайдо бўладиган касаллик. Бундай ҳолларда кўзларнинг қуриб қолиши, қичишиш, кўзда бегона жисм кириб қолгандай ҳис қилиш, кўз ёшланиши, кўришнинг хиралашиши ва бош оғриғи каби белгилар кузатилади. Шу билан бирга бўйиннинг қотиб қолиши, бел оғриғи ҳам рақамли зўриқишнинг белгилари бўла олади. Таҳлилларга кўра, бу белгилар айниқса пандемия даврида 5 фоиздан 65 фоизгача ўсган. Хўш, Ўзбекистонда-чи, кўз шифокорларига мурожаат охирги 5 йилда кўпайганми?

Ҳа, кўпайган!

Ўзбекистонда кўз касалликлари билан боғлиқ мурожаатлар ҳақида Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов маълумот берди. Унинг айтишича, олдин кўз касалликлари, масалан катаракта операцияси 60 ёшдан бошлаб қилинган бўлса, ҳозир кўз касалликлари 35-40 ёшда ҳам ривожланяпти.

Офталмология соҳасида йилдан йилга касалликларнинг олдини олишга қаратилган диагностикалар мукаммаллашиб кетяпти. Шу билан бирга рақамли касалликларнинг ҳам ўз навбатида кўпайиши кузатилмоқда. Бу, албатта, компютер технологиялари ҳаётимизга кириб келиши ҳисобига бўляпти