Ўзбекистон | 23:43 / 13.08.2020
10837
4 дақиқада ўқилади

Юк машиналарини божхона тўловларисиз олиб кириш учун қўлланган найранглар наф бермади

Маълумки, 6 мартдаги «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига биноан, 2022 йил 1 январга қадар ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошмаган, юк ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари божхона тўловларидан озод қилинган.

Божхоначилар томонидан аниқланган навбатдаги ҳолатларда мазкур имтиёзни суистеъмол қилишга бўлган уринишларнинг олди олинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан «Чуқурсой» ТИФ божхона постида фуқаро Нуртаев номига хориждан келтирилган «KIA BONGO III» русумли юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилди.

Натижада, автотранспорт воситасининг музлатгичли юкхонаси эски ва умуман ишламаслиги, ёқилғи қуйиш баки янги ўрнатилгани, двигател ва ёқилғи баки бир-бирига умуман уланмагани, ҳужжатларда автотранспорт дизелда ҳаракатланишиши кўрсатилган бўлса-да, ундаги двигатель бензин ва газда ҳаракатланиши аниқланди.

Божхона кўриги давомида маълум бўлишича. Фуқаро Нуртаев божхона органларига нотўғри маълумотларни тақдим этиш орқали салкам 230 млн. сўмлик божхона имтиёзларидан фойдаланишни кўзлаган.

Ҳолат юзасидан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилиб, автотранспорт воситаси вақтинча сақловга олинди.

Шу каби ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан ҳам фош этилди.

«Тўрткўл» ТИФ божхона постида тумандаги МЧЖлардан бирининг номига келтирилган 3та «Howo» русумли юк автотранспорт воситалари эксперт-криминалистика текширувларидан ўтказилганида, ушбу юк машиналари ҳужжатларда кўрсатилганидек, 2019 йилда эмас, балки 2014-2015 йилларда ишлаб чиқарилгани маълум бўлди.

Шу тариқа, ўртача бозор нархи 1 млрд. 345 млн сўмни ташкил қилувчи мазкур транспорт воситаларини божхона тўловларисиз олиб киришга бўлган уринишга чек қўйилди ҳамда уларга нисбатан салкам 650 млн. сўмлик божхона тўловлари ҳисобланди.

Ҳолат юзасидан фуқаролар Нарбаев ва Аллабергеновларга нисбатан процессуал ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан аниқланган навбатдаги «уддабуронлик» ҳам шу мавзуга доир.

Хориждан олиб келинган «HYUNDAI PORTER II» автотранспорт воситасини божхона кўригидан ўтказиш давомида «уддабурон тадбиркор» 324,3 миллион сўмлик божхона имтиёзларига эга бўлиш учун анча «тер тўккани» аниқланди.

Ҳужжатларда музлатгичли юкхонага эга транспорт воситаси сифатида қайд этилган мазкур автомашинанинг рефрижератор эшиклари аслида синган ва эски ҳолатда экани, устки қопламалари занглагани ҳамда музлатгич мотори ҳам эски экани маълум бўлди.

Ушбу автотранспорт воситаси ҳам қонуний қарор қабул қилингунга қадар вақтинча сақловга олинди.

Ҳозирги кунда юқоридаги ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид