Жамият | 17:30 / 14.08.2020
4533
5 дақиқада ўқилади

Фарғонада мингдан ортиқ телефон, Нукусда вирус блокаторлари ноқонуний савдосига чек қўйилди — божхона хабарлари

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида ахборот берди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Нукус шаҳрида божхоначилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбирда фуқаро А.Н. шартли харидорга жами 99 дона сифати кафолатланмаган вирус блокатор тиббий воситалари ҳамда 100 дона сифатини кафолатловчи ҳеч қандай ҳужжатларга эга бўлмаган вирус аниқловчи тестларни жами 23,4 миллион сўмга сотаётган вақтида тадбир иштирокчилари томонидан тўхтатиб қолинди.

Тошкент шаҳар Чилонзор туманидаги автотураргоҳларнинг бирида дори воситаларининг ноқонуний савдосига чек қўйилди

Тезкор тадбир давомида фуқаро М.А. ўз бошқарувидаги «Нексия-2» русумли автотранспорт воситасида шартли харидорга 278 қути «Мидокалм», 33 қути «Тенвир», 100 қути «Урсосан» ва 71 қути «Дюфастон» номли дори воситаларини ноқонуний тарзда сотаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Қонунбузардан умумий қиймати 50 миллион сўмлик 482 қути дори воситалари ашёвий далил сифатида олинди.

Фарғонада мингдан ортиқ уяли алоқа воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

 Божхоначилар ва ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Т.Э. бошқарувида чегарадош ҳудудда ҳаракатланиб кетаётган «Дамас» кузатувга олиниб, Фарғона шаҳрида тўхтатилади.

Автомашина холислар иштирокида ва белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, унинг салонида муқаддам қўшни давлатдан божхона назоратини четлаб, айланма йўллар орқали олиб кирилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 2 турдаги 41 дона смартфонлар борлиги аниқланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу алоқа воситаларининг умумий қиймати 106 млн 500 минг сўмни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, вилоятда ўтказилган яна бир тезкор тадбир давомида чегарадош ҳудуддан ҳаракатланиб келган фуқаро Х.Д. бошқарувидаги «Нексия-3» русумли автотранспорт воситаси кузатувга олинади.

Ҳайдовчи Данғара туманида фуқаро Р.М.нинг хонадонига етиб келган вақтида кузатувга олинганини сезиб қолади ва воқеа жойидан яширинишга уринади.

Мазкур автотранспорт воситаси эса белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашина салони ва юкхонасида қиймати салкам 13 турдаги жами 580 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.

Шунингдек, фуқаро Р.М.нинг хонадони ҳам амалдаги тартибларга мувофиқ кўздан кечирилганида, бу ерда ҳам 2 турдаги 542 дона уяли алоқа воситалари ноқонуний равишда сақланаётгани аниқланди.

Ўтказилган тадбир давомида қонунбузарлардан ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган 1122 дона уяли алоқа воситалари хорижда ишлаб чиқарилган бўлиб, уларнинг божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжатлари мавжуд эмаслиги аниқланди.

Мазкур товар-моддий бойликларнинг умумий қиймати эса 200 млн. 495 минг сўмни ташкил қилмоқда.

Навоийда курьерлик жўнатмалари орасида яширинча 200 млн сўмдан ортиқ қийматдаги дори-дармонлар юборилгани фош бўлди

Навоий вилоятида дори воситаларини курьерлик жўнатмалари орқали ноқонуний равишда олиб киришга бўлган уринишларнинг олди олинди.

Тезкор тадбирда курьерлик ташкилотларидан бирининг номига четдан келтирилган жўнатмалар белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилади. Мазкур жараёнда жўнатмалар орасига яширилган ҳолда 13 турдаги сифати кафолатланмаган дори-дармонлар юборилгани аниқланди.

Сақлаш ва ташиш қоидаларига зид равишда келтирилган 300 донадан зиёд мазкур дори-дармонларнинг умумий қиймати 95 млн 210 минг сўмни ташкил қилмоқда.

Шунингдек, вилоят божхоначилари яна бир ҳолатда йўл-юк кузатув ҳужжатларида қайд этилмаган ҳолда қиймати 12,6 млн сўмлик 105 дона «Оксапар» дори воситаларини курьерлик жўнатмалари орқали олиб кирилишининг олдини олишди.

Яна бир ҳолатда эса курьерлик жўнатмаларидаги сочиқ ва чойшаблар қутилари ичига дори воситалари усталик билан яширилиб, қайта қадоқлангани маълум бўлди.

Божхона ходимларини чалғитиш орқали сохта тадбиркорлар 23 турдаги 10 минг донадан зиёд дори воситаларини яширин равишда олиб киришмоқчи бўлишган.

Мазкур дориларнинг умумий қиймати эса дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 97 млн 190 минг сўмни ташкил қилмоқда.

Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид