Жамият | 16:47 / 14.08.2020
33495
4 дақиқада ўқилади

Россия, Украина ва Қозоғистонда тарқалган дори ҳақидаги фейк-хабар Ўзбекистонда ҳам пайдо бўлди

«Кристина Сомова» ёки «Канипа Оспанова» исм-шарифли, аслида мавжуд бўлмаган шахс номидан бир хил мазмундаги хабарлар аввалига Россия, Украина, Қозоғистон каби давлатларда тарқалди ва шу кунларда Ўзбекистонга ҳам етиб келди.

Давлатлар миллий валютаси номи ўзгарганини айтмаганда, хабардаги мазмун ўша-ўша – ўзини шу давлат «бош фармацевти ўринбосари» деб таништирувчи Сомова хоним (балки жаноб) шундай дейди:

«Тасаввур қиляпсизми, улар (кимлар экани аниқ кўрсатилмаган) жуда қиммат турувчи «Артериале» препаратини одамларга бепул тарқатишмоқчи. Яна кимларга денг, ишёқмас танбалларга, пенсионерлар ва қашшоқларга. Ахир биз бу ажойиб препаратни Европага экспорт қилиб катта пул ишлашимиз мумкин-ку. Қашшоқлар ўзларининг дориларини ичиб юраверишсин».

Ёлғон ва ростни озгина фарқлай оладиган инсон бу хабар сохта эканини дарҳол англайди. Аммо вирус сингари тарқаладиган бундай хабарлар айнан кўр-кўрона ишонувчиларга ва дориларни шифокор тавсиясига кўра эмас, шов-шувларга асосланиб харид қиладиганларга мўлжалланган.

Россия, Қозоғистон ва Украина каби давлатларда бу хабар сохталиги аллақачон исботланган ва унинг ортида ётган фирибгарликлар ҳақида батафсил маълумотлар берилган.

Аслида бу оддийгина сохта хабар эмас, ортида қинғир йўл билан дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар сотувчиларнинг катта индустрияси ётади. Яъни бундай хабарлар сохтами, тўғрими, фарқи йўқ, ижтимоий тармоқлар, турли каналлар орқали айланиб турса, одамлар онгига ўша дори ҳақида маълумот кириб турса бас.

Дастлаб унинг ниҳоятда самарадор ва қимматлиги, кейин махсус акция доирасида жуда арзон сотиб олиш имконияти борлиги, ниҳоят бу дорининг янада кучлироқ ва арзонроғи чиққани яхшилаб сингдирилади. Бунинг учун аллақандай институтлар тадқиқотлари, номдор профессорлар тавсияларига оид маълумотлар қалаштириб ташланади. Охир-оқибат харидорга нафақат самарасиз, балки кўп жиҳатдан хавфли бўлган БФҚ (БАД) сотиб кетилади.

Одатда бундай «акциялар» узоқ давом этмайди. Чунки тез орада уларнинг ёлғони ҳақида ҳамма хабар топиб бўлади. Аммо ўша қисқа муддатнинг ўзи етарли. Фирибгарлар шу оралиқда анчагина пулларни «ухлатиб» кетишга улгуришади. Вақт ўтиб, бошқа жойда, бошқа шаклда, бошқа дорилар билан янги «лойиҳа»ларни ҳаётга татбиқ этаверадилар.

Умуман олганда, Ўзбекистонда бундай фирибгарлик схемаларини юритиш ҳам қийин, ҳам осон. Қийинлиги – интернет, электрон тўловлар юқоридаги давлатлар каби ривожланмаган. Осонлиги эса, одамларимиз ҳар қандай дорини шифокор тавсиясисиз нафақат сотиб олиш, балки қабул қилиш ҳам мумкинлигига қаттиқ ишонадилар. Бундай давлатларда эса дори воситаларининг эркин савдоси билан бирга ана шундай фирибгарликларга ҳам кенг имкониятлар мавжуд.

Қиссадан ҳисса, «Сомова хоним»нинг сизга ёзган мактубини ўқиб қолсангиз, бундай «ажойиб» дорини излашга тушиб кетманг. Топганингизда ҳам пулни санашга шошманг. Энг муҳими, шифокор тавсияси ва назоратисиз ичилган дори заҳарга айланиши мумкинлигини унутманг.

«Бош фармацевт ўринбосари»нинг хабарини ошиқиб тарқатаётганлар эса реал жазога тортилишлари мумкин ва бу амалиёт аллақачон бошланган.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид