Юз минг ўлим даҳшати. Бразилия қандай қилиб бу ҳолга тушиб қолди?
Бразилияда коронавирусдан вафот этганлар сони 100 мингдан, вирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатларнинг умумий сони эса 3 миллиондан ошган. Ушбу рақамлар билан бу давлат қурбонлар сони бўйича АҚШдан кейин иккинчи бўлиб турибди.
Тестлар етишмаслиги туфайли бу рақамлар, аслида, анча юқори бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Мамлакатда эпидемия тарқалиши секинлашаётганига оид ҳеч қандай аломатлар йўқ.
Вирусга қарши курашда мувофиқлаштирилган режанинг ўзи йўқ
Бразилияда коронавируснинг янги тури туфайли вафот этганлар сони дастлабки уч ойда 50 минг атрофида эди. Аммо кейинги 50 кун ичида ушбу рақам икки баравар кўпайди. Айни пайтга қадар аниқланган ҳолатлар сони қарийб 3 миллион 230 мингни ташкил қилмоқда.
Олимлар пандемия ҳали ўзининг чўққисига кўтарилмагани ҳақида огоҳлантирмоқда. Бироқ мамлакатда одамлар тўпланадиган жойлар, масалан, дўкон ва ресторанлар ўз фаолиятини одатий тарзда давом эттирмоқда.
Бразилиянинг ўта ўнгчи президенти Жаир Болсонаро ўз баёнотларида вирусни жиддий қабул қилмаган ва иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатадиган чоралар кўришга қаршилигини таъкидлаб келади.
Ўзи ҳам вирус юқтириб олиб, даволаниб чиққан Болсонаро штатларнинг губернаторлари томонидан вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларга қарши чиқди ва ҳатто вақти-вақти билан ниқоб тақмаган ҳолда ўз тарафдорлари томонидан ташкил этилган намойишларда қатнашди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Болсонаро ҳукуматида коронавирус билан курашиш бўйича координацияли режанинг ўзи йўқ.
Маҳаллий ҳокимиятлар иқтисодиётни қайта тиклаш мақсадида чекловларни олиб ташлаш учун бир қатор чоралар кўришга тайёрланаётган бир пайтда бу ҳолат вируснинг янада тез тарқалишига сабаб бўлиши мумкин, деган хавотирлар ортмоқда.
Бразилия инқирозга қарши қандай чоралар кўрди?
Бразилияда соғлиқни сақлаш вазири лавозимида мазкур соҳада умуман тажрибага эга бўлмаган бир генерал фаолият юритмоқда. Пандемия даврида мутахассислиги шифокор бўлган икки вазир даволаш жараёнида гидроксихлорохинни қўллаш бўйича президент билан келишмовчиликка бориб қолди ва натижада уларнинг ҳар иккиси истеъфога чиқди.
Covid-19’ни «енгил грипп» деб таърифлаган ва эпидемия билан боғлиқ муносабати туфайли ўз мамлакатида ва чет элда тинимсиз танқид қилинаётган Болсонаро безгакни даволашда ишлатиладиган гидроксихлорохин туфайли шифо топганини айтмоқда.
Юқумли касалликлар жамиятининг аъзоси, доктор Хосе Дави Урбаез Reuters ахборот агентлигига интервьюсида вазиятни қоралади.
«Биз жаҳон уруши каби фожиани бошдан кечирмоқдамиз ва, аслида, чорасизликка ғарқ бўладиган ҳолга тушмаслигимиз керак эди. Аммо бутун Бразилия худди беҳушдек яшамоқда. Ҳукуматнинг бугунги хабарини қаранг: «Ҳаммангиз вирусни юқтириб олинг, агар аҳволингиз ёмонлашса, интенсив терапиямиз бор». Амалдаги сиёсатнинг таълимоти шу», деди у.
Вирусга чалиниш ҳолатлари қаерларда кўп учрамоқда?
Сўнгги ҳафталарда ҳолатлар сони мамлакатнинг жануб ва ғарбий қисмидаги қишлоқ жойларида тез суръатлар билан ўсмоқда. Бироқ аҳолиси энг зич бўлган Сан-Паулу шаҳрида касалланиш ҳолатлари кўпайиши назорат остига олингандай таассурот уйғотмоқда.
Шимолий штатлар ҳамда барлар ва пляжлардаги гавжумлик буюк даҳшатга йўл очган Рио-де-Жанейрода янги ҳолатларнинг кўпайиши бироз секинлашди.
Rio de Paz ноҳукумат ташкилоти ўтган шанба куни эпидемия оқибатида ҳаётдан кўз юмганларни хотирлаш учун Рио шаҳридаги дунёга машҳур Копакабана пляжида қум устига хоч қўйиб чиқди ва уларга мингта қизил шарлар боғлади.
Эпидемия пайтида фарзандидан айрилган ва хотира маросимида қатнашган 56 ёшли Марсио ду Насименту Силва Associated Press агентлигига берган интервьюсида шундай деди: «Биз муҳим бир чегарага етиб келдик, аммо ҳукумат ҳам, жамоатдаги аксар одамлар ҳам бундан бехабар кўринади. Ўлим одатий ҳолга айланди».
Эпидемия, айниқса, африкаликлар ва «фавела» деб номланувчи харобаларда яшовчилар орасида кескин авж олди. Вирус маҳаллий аҳоли орасида ҳам тез тарқалиши мумкин, деган хавотирлар ҳам мавжуд. Бразилиянинг энг йирик тубжой жамоалари федерацияси – Апиб шу пайтгача маҳаллий аҳолининг 22 минг 300 нафари вирусни юқтириб олгани, 633 киши вафот этганини маълум қилди.
Бразилия Сенати раиси Деви Алколумбре Конгрессда тўрт кунлик мотам эълон қилди. Бироқ мамлакат президенти Болсонаро бу борада ҳеч қандай баёнот бермади ва ўз нутқида вафот этганларга ачинаётганини айтди. «Барча ўз ҳаётини давом эттириши лозим», деди у.
Кэти Уэйсон – Жанубий Америка мухбири
Бразилияда коронавирус туфайли 100 минг киши вафот этгани эълон қилинганда ҳам Сан-Паулу шаҳрида тантаналар ва мушакбозлик давом этаётганди. Юзлаб одамлар мамлакатнинг етакчи футбол жамоаларидан бири бўлган «Палмейрас»нинг азалий рақиби «Коринф» устидан пенальтилар сериясида ғалаба қозониб, чемпионликни қўлга киритганини нишонларди.
Мана шундай вазиятда ҳам президент Болсонаро аҳолини огоҳлантириш ўрнига ғолиб жамоага табрик йўллади. Бу эса давлат раҳбарининг эпидемияга муносабати ҳақида хулоса беради.
Якшанба куни чоп этилган Бразилия газеталарида президентга нисбатан кескин танқидлар ёғдирилди. Болсонаронинг вазиятга бефарқлиги ва унинг ҳамдардлик билдиришдан йироқ эканлиги газеталарда кенг ёритилди.
Одамлар Болсонаронинг кўплаб чекловлар бекор қилинаётган ва вирусга чалиниш ҳолатлари пасаймаётган бир вазиятда етакчилик фазилатларини намойиш эта олмаётганидан жиддий хавотир тушишмоқда.
Мавзуга оид
23:05 / 06.11.2024
Бразилиялик полициячи Интерпол раҳбарлигига сайланди
17:08 / 02.11.2024
Бразилияда катталиги чумолидай келадиган қурбақа топилди
09:30 / 21.10.2024
Бразилия президенти BRICS саммитига парвозини бекор қилди
14:10 / 09.10.2024