Бир муддат аввал Kun.uz сайтида Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ректори Музаффар Жалолов билан уюштирилган суҳбатнинг биринчи қисми эълон қилинган эди.

Унда Ўзбекистондаги ва хорижий ОТМлардаги ўқиш сифати, маҳаллий олий таълим муассасаларимизга халқаро рейтингларда юқорилаш учун етишмаётган омиллар, ИНҲАнинг нега ҳалигача Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилмагани, коррупциясиз ҳам ташкил қилинаётган кириш имтиҳонлари ҳамда университетда ўқув жараёнларига оид бошқа мавзулар муҳокама қилинганди.

Қуйида интервьюнинг иккинчи қисми билан танишишингиз мумкин. Унда университетларга тайёрловчи пулли курслар очиш масаласи, ИНҲАнинг ҳали ҳам аккредитациядан ўтмагани сабаблари, битирувчиларнинг ишга жойлашиши, университетларнинг бренд масаласи, стипендия ва контракт тўловлари ва бошқа мавзуларда сўз боради.

— ИНҲА университетининг абитуриентлар тайёрловчи ўз пулли курслари бор.

Бу курсларда ўқиган кўпчилик ёшлар эшитишимизга қараганда, жанубий кореялик мутахассислар томонидан олинган имтиҳон натижаларига кўра, ИНҲА университети талабасига айланади.

Айтинг-чи, маҳаллий ОТМларимизда ҳам шундай пулли курслар ташкил қилиш қанчалик самара беради? Шунингдек, сизнингча, бу каби пулли курсларни бизнинг ОТМларда очиш учун нима халақит бермоқда?

— Бу тайёрлов курслари нафақат ИНҲАга, балки, бу курсларда ўқиб сиз ўзингиз хоҳлаган бошқа университетларга ҳам киришингиз мумкин.

Бу курсларда асосан учта йўналиш: математика, физика ва инглиз тилида абитуриентлар тайёрланади. Бу тайёрлов курсларида ўқиган ёшлар учун биз алоҳида квоталар ажратамиз, буям бор. Чунки бу дастурни кореялик мутахассислар назорат қилиб туради. Тайёрлов курси бўлса ҳам.

Биласизми, бизда университет қошида академик лицей йўқ. Агар лицей ёки коллежимиз бўлганда эди биз шу тизимни кучайтирган бўлардик. Ҳозир биз тайёрлов курсларига 200 ёки 300тадан кўп бола ололмаймиз.

Бу тайёрлов курсларимиз 9 ойга мўлжалланган. Лицейларда шуни чуқурроқ ўргатиш мумкин.

Менимча, ОТМлар қошида пулли курслар ташкил қилишдан қочиш керак эмас. Бизда шундай муаммо бор: қайсидир лойиҳани пулли қилсангиз атрофдагилар дарров гапиради, «бу чўнтагига пул ишлаш учун қиляпти», деб.