Интервью: Ўзбекистондаги энг ёш ректор коррупциясиз имтиҳонлар, мажбурий бўлмаган форма ва олий таълимдаги бюрократия ҳақида
Kun.uz’нинг ҳукумат вакиллари, турли ташкилот ва муассаса раҳбарлари билан ўтказиб келаётган суҳбатлари давом этади. Бизнинг навбатдаги суҳбатдошимиз Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ректори Музаффар Жалолов бўлди.
Маълумот учун, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетига (IUT) 2014 йилда Жанубий Корея республикасидаги ИНҲА университети билан ҳамкорликда асос солинган.
Ректор билан суҳбатимиз Ўзбекистондаги ва хорижий ОТМлардаги ўқиш сифати, маҳаллий олий таълим муассасаларимизга халқаро рейтингларда юқорилаш учун етишмаётган омиллар, ИНҲАнинг нега ҳалигача Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилмагани, коррупциясиз ҳам ташкил қилинаётган кириш имтиҳонлари ҳамда университетда ўқув жараёнларига оид бошқа мавзулар юзасидан бўлди.
Сиз суҳбат давомида шунингдек, талабалар томонидан йўллаган бир қатор муаммоли саволлар Ўзбекистондаги энг ёш ректор ҳисобланган Музаффар Жалоловни анча тер тўкишга мажбур қилганини кўришингиз мумкин.
Университет ректорига берган биринчи саволимиз пандемия даврида хусусий ва ҳамкорлик асосида очилган университетларда, жумладан, ИНҲАда қабул жараёнлари қандай ташкил қилинаётгани борасида бўлди.
Ундан шунингдек, ИНҲА университетига талабаларни одатий саралаш жараёни маҳаллий ОТМлардагидан қандай жиҳатлари билан фарқ қилиши борасида ҳам сўрадик.
Музаффар Жалоловнинг айтишича, ИНҲА университети Жанубий Кореянинг мамлакатдан ташқарида фаолият бошлаган энг биринчи университетлардан ҳисобланади.
Бу ерда ўқув тизими тўлиқ Корея дастури асосида йўлга қўйилгани учун кириш имтиҳонидан тортиб, ўқув жараёнлари ва диплом топширишга қадар тўлиқ кореялик мутахассислар назоратида туради.
«ИНҲА университетида имтиҳонга савол тайёрлаш ва имтиҳон ўтказиш жараёни тўлиқ жанубий кореялик мутахассислар томонидан амалга оширилади.
Мутахассислар имтиҳондан бир кун олдин Ўзбекистонга учиб келишади. Имтиҳонлар учун саволлар ҳам шу пайтда олиб келинади ва тест бошланиши арафасида очилади. Кореялик мутахассислар имтиҳонларни ўтказгач ўша куннинг ўзида яна қайтиб кетишади. Жавоблар ҳам Кореянинг ўзида маълум бўлади. Бу ерда жавобларга учинчи томоннинг аралашувига умуман имконият йўқ. Бу бизнинг карантингача бўлган имтиҳон жараёнлари эди.
Ўтган йилдан бошлаб эса бизда кириш имтиҳонлари уч босқичда олинадиган бўлди. Яъни, апрел ойида битта имтиҳон, иккинчиси май ойининг охирида ва учинчиси июлда.
Карантин шароитида жараёнлар қандай ташкил қилинди, деган саволни бердингиз. Биз ҳозир иккита имтиҳонни ўтказиб бўлдик.
Бунда биринчи босқич имтиҳонларининг ўзи икки шарт асосида онлайн тарзда бўлиб ўтди. Бунда абитуриентлар zoom дастури орқали ёзма имтиҳон ва суҳбат шаклида сараланди. Бу жараёнлар осон бўлмайди, чунки ҳар бир ҳолат кореялик мутахассислар томонидан кузатиб турилади.
Учинчи босқич имтиҳонларини эса август ойида ташкил қилишни режалаштиряпмиз.
Бу йил ўқишларимиз карантин чекловлари сабаб бироз кечроқ, онлайн тарзда бошланади», – деди у.
Ректорга берган навбатдаги саволимиз Жанубий Кореядаги ИНҲА университетининг Тошкентдаги филиали ва Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ўртасидаги муносабатлар қандай тартибда йўлга қўйилгани борасида бўлди.
Ундан шунингдек, хусусий ёки хорижий университет филиали ташкилий масалалар бўйича қарор қабул қилиш, ўқитувчиларни саралаш, ўқитиладиган фанлар ёки талабалар формаси масаласида қанчалик мустақил эканлиги ҳақида ҳам сўрадик.
Музаффар Жалолов эса саволга жавобан илк фикрини ИНҲА университетида Ўзбекистондаги маҳаллий ОТМларда бўлгани каби мажбурий форма кийдириш анъаналари мавжуд эмаслигидан бошлади.
«Албатта, талабаларимиз одоб-ахлоқ анъаналаридан чиқмаган ҳолда кийинишади. Аммо мажбурий форма талаб қилинмайди. Кўряпмизки, бу ўқиш сифатига умуман таъсир қилаётгани йўқ.
Мен магистратура босқичини Жанубий Кореяда тугатганман.У ерда ҳам талабалар бир хил форма кийишга мажбурланмайди. Лекин Ҳарвард, Оксфорд ёки бошқа нуфузли университетларда талабаларнинг ўзи форма кийишни хоҳлашади.
Агар бизнинг университетга ҳам ўқиш бошланган жараёнда келсангиз жуда кўп бўлмаса-да, талабаларнинг университет номи туширилган футболкаларда ўқишга келишини кўрасиз. Умид қиламанки, бошқа университетларимиз ҳам ўз брендини ривожлантириш устида ишлашади.
Энди ўқиш жараёнлари ҳақида.
Халқаро университетларга кўп жабҳаларда эркинлик берилган. Биз Жанубий Корея университети билан ҳамкорликда ташкил қилинганмиз ва шу туфайли, ўқув дастурлари, ўқитувчиларни саралаш ишлари ҳам тўлиқ Корея томонидан амалга оширилади. Агар бирор ўқитувчи бизни университетга ишга кирмоқчи бўлса, аввал ҳужжатларини Жанубий Кореяга топширади. Суҳбат ва бошқа имтиҳонлар ҳам айнан кореялик ўқитувчилар томонидан амалга оширилади.
Ўқитувчиларга ойлик маошлар ҳам халқаро даражада тўланади. Бусиз биз халқаро даражадаги ўқитувчиларни ўзимизда ушлаб қололмаймиз.
Бизда профессор ўқитувчи ва талаба ўртасида махсус ахборот тизими бор. Талаба ўзининг фанини махсус ахборот тизимига кириб ўша жойда танлайди. Бунда ҳар бир фан махсус бир оғирликка эга. Яъни, маълум бир кредит берилади. Фанларнинг қийин ва енгиллигига қараб сиздаги кредит кўп бўлиши мумкин ёки кам бўлиши мумкин. Бу тизимда энг асосийси талаба тўрт йил ичида ўша кредитни йиғиши керак.
Бизда маҳаллий университетларда энг ёмон нарса борки, талаба бирор фанни ўзлаштиролмаса ўқишдан ҳайдалади. Бизда бундай эмас, биз имконият берамиз. Талаба ўқимаган фанини кейинги йилда давом эттиради. Ёки талаба академик вақт олиб ўша фанни ўзлаштириб олиши мумкин. Бу жуда катта қулайлик», – деди ректор.
Ўзбекистондаги ОТМлар рейтинг жиҳатидан дунё миқёсида юқори ўринларда турмайди. Афсуски, бу борада маҳаллий университетларимизнинг ўрни жуда қуйида жойлашган.
Хўш, бу борада маҳаллий олий таълим муассасаларимизга қайси жиҳатлар етишмаяпти.
Музаффар Жалоловдан бу ҳақда ҳам сўрадик.
«Дунёнинг ТОП-1000 университетларини, боринг ана рейтингда 500 таликка кирадиган қўшни Қозоғистондаги университетларини олайлик. Мен ушбу университетларда бўлганман, лекин (қозоғистонлик ҳамкасбларимизни хафа қилмоқчи эмасман) уларда биздан фарқли алоҳида жиҳатларни кўрмадим. Аслида халқаро рейтингларда юқорилаш учун кўп иш қилиши шарт эмас.Маълум бир талаблар бор. Бу талабларни эса бажариш унчалик қийин эмас.
Бизда шунчаки бюрократия муаммолари бор. Яъни, университетларга эркинлик бериш борасидаги бюрократия.
Масалан, университетларга ўзини-ўзи молиялаштиришга рухсат берилди, аммо улар барибир Молия вазирлигига боғлаб қўйилган. Улар барибир университетлар сметаларни тасдиқлаши керак. Мустақил қарор қабул қилишолмайди.
Университетларимизни юқори рейтинг ўринларига чиқариш учун ўрганиб қолинган қулай ўринлар, ўзимизни солиб қўйган қолипларимиз йўл бермаяпти. Фарқ шунда.
Масалан, ИНҲА Жанубий Кореядаги хусусий университет. Кореяни ўзи топ-10 ва халқаро рейтингда 800-ўринда туради. Университетда рейтингни ушлаб туриш учун жуда қаттиқ ишлашади. Бу ерда ўқиш дастурлари, ўқитувчиларга талаблар, илмий мақолалар каби талаблар бор.
Бизнинг маҳаллий университет раҳбарлари эса ҳатто кичик ўқув дастурида ўзгариш қилмоқчи бўлса, албатта қандайдир бюрократик тўсиқларга дуч келади.
Мен маҳаллий университет раҳбарлари билан тез-тез гаплашиб тураман. Улар суҳбат пайтида мана шундай тўсиқлар, коррупция омили ҳақида кўп гапиришади.
Президент ҳар бир йиғилишда коррупцияни йўқотиш ҳақида гапиради. Ректорлар ҳам коррупцияни йўқотишни истаяпти, аммо минг афсуски, пастда турли ўйинларни қилиб юборишяпти. Шунақа ҳолатлар кўп бўляпти», – дейди ИНҲА университети ректори.
Суҳбатни тўлиқ шаклда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи Шерзод Эгамбердиев.
Мавзуга оид
11:40 / 16.08.2020
Интервью: Инҳа ректори университетларнинг бренд масаласи, стипендия тизимига қаршилиги ва контракт тўловлари ҳақида
19:26 / 05.09.2018
Инҳа Университети ректори ўзи ўқиган мактабдаги биринчи қўнғироқда иштирок этди
16:57 / 05.06.2018
Тошкентдаги ИНҲА университети Edu-Action ва IDP Australia ҳамкорлик меморандуми имзолади
15:13 / 22.10.2017