Жамият | 18:32 / 18.08.2020
8111
2 дақиқада ўқилади

Йил охиригача 20 минг киши ташқи меҳнат миграцияси учун ўқитилиши режалаштирилган - вазирлик

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг биринчи ўринбосари Эркин Муҳиддинов мигрантларни чет эл меҳнат бозорида ўз малакалари бўйича ишга жойлаштириш бўйича режалаштирилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Вазирлик расмийси АОКАда ўтказилган брифингда хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини шакллантириш устида иш олиб борилаётганини қайд этиб ўтди. Бунда меҳнат мигрантини касбга, хорижий тилга ўқитиш, аниқ иш берувчи ва барқарор иш ўрни топиб бериш, шунингдек, кетишдан олдин моддий ёрдам бериш каби ишлар амалга оширилади.

Фуқаро хорижга кетгандан сўнг ҳам унга моддий, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдам бериб борилади. Фуқаро ватанга қайтгандан сўнг ҳам малакасига қараб, маҳаллий меҳнат бозоридан иш топиб берилади.

«Ҳозир мигрантлар учун энг катта муаммо уларда касб ва тил малакасининг йўқлиги бўлиб қолмоқда. Кўпинча хориждан иш берувчилар келиб, бўш иш ўринлари учун танлов эълон қилинади. Лекин бизнинг мигрантларнинг малакаси бу иш ўринлари учун тўғри келмайди ёки уларда малакасини тасдиқловчи ҳужжат бўлмайди.

Бу масаланинг ечими сифатида мономарказлар, касбга ўқитиш марказлари ташкил қилинмоқда. Шунингдек, нодавлат касбга ўқитиш марказлари билан ҳамкорлик кенгайтирилмоқда. Шу тизим асосида жорий йил ташқи меҳнат миграцияси учун камида 20 минг нафар, кейинги йил эса 50 минг одамни таълим билан қамраб олиш режалаштирилган», деди Эркин Муҳиддинов брифингда.  

Қўшимча қилинишича, мигрантларни чет элда ўқитиш ҳам асосий режага киритилган. Россия Федерациясининг Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Қозон ва Екатеренбург шаҳарларида ҳам ўзбек мигрантларини касбга ўқитиш йўлга қўйилади. Бу йўл билан жорий йил 500 нафар, келаси йил 2 минг нафар фуқарони ўқитиш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча давлат раҳбари бошчилигида ўтган видеоселекторда масъул ташкилотларга меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш, уларни касбга ва тилга ўқитиш топшириғи берилган эди.

Мавзуга оид