Ўзбекистон | 09:37 / 19.08.2020
1728
6 дақиқада ўқилади

Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси ташкил этилади

Илм-фан соҳасидаги давлат сиёсати ва инновацион ривожланишдаги давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар қабул қилинади.

Президентнинг “Илм-фан соҳасидаги давлат сиёсати ва инновацион ривожланишдаги давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қуйидагилар:

Илм-фан соҳасидаги давлат сиёсати ва инновацион ривожланишдаги давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар дастури;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигининг ташкилий тузилмаси;

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги марказий аппаратининг тузилмаси;

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази негизида ва унинг умумий штат бирликлари доирасида Инновацияларни жорий қилиш ва технологиялар трансферининг миллий офиси ташкил этилади.

Миллий офиснинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланади:

  • инновацион маҳсулотлар, шу жумладан, янги қурилмалар, материаллар ва технологияларни яратиш, жорий этиш, кўпайтириш ва тарқатиш ҳамда уларни тижоратлаштириш учун услубий ва дастурий воситаларни ишлаб чиқиш;
  • тижоратлаштириш имкониятига эга ишланмаларни танлаш, баҳолаш ва жорий этишга тайёрлаш, уларни тарғиб қилиш мақсадида маҳаллий ва халқаро ярмарка ҳамда кўргазмаларни ташкиллаштириш;
  • илмий, лойиҳа-конструкторлик ва технологик ташкилотларни ишлаб чиқариш корхоналари билан илмий ва инновацион ҳамкорлигини ривожлантириш;
  • интеллектуал мулк объектлари ва ноу-хаулар бўйича патент ҳамда маркетинг тадқиқотларини олиб бориш, улардан фойдаланиш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш;
  • хорижда ишлаб чиқилган технологиялар трансферини амалга оширишга ва маҳаллийлаштиришга кўмаклашиш;
  • инновация соҳасининг ривожланиш тенденцияларини ўрганган ҳолда ишланмаларни тижоратлаштириш ва технологиялар трансферига оид самарали механизмларни жорий қилиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Белгиланишича:

Миллий офис бош директори Инновацион ривожланиш вазирининг таклифига кўра Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Миллий офиснинг бош директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш, тиббий ва транспорт хизмат кўрсатиш шартлари бўйича вазир ўринбосарига тенглаштирилади;

Миллий офис бош директорининг биринчи ўринбосари ва ўринбосари Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазири томонидан белгиланган тартибда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Миллий офис давлат муассасаси шаклида ташкил этилади ва уни таъминлаб туриш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан молиялаштирилади;

Миллий офис таркибида робототехника, аэрокосмик тадқиқотлар, “5G” технологиялари, учувчисиз парвоз этувчи қурилмалар, “3D” прототиплаштириш ва “нарсалар интернети” ўқув-тажриба ва замонавий протиплаш лабораториялари фаолият олиб боради;

Инновацион ривожланиш вазирлиги тизимига кирувчи ва ҳудудларда ташкил этиладиган ҳамда фаолият юритаётган инновация марказлари ва технологиялар трансфери офисларининг фаолияти Миллий офис томонидан мувофиқлаштирилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари қошида ташкил этилган Инновация фаолияти ва технологиялар трансфери марказларининг фаолияти тугатилади ва уларнинг мол-мулки Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Вазирлик томонидан ташкил этиладиган инновация марказлари ва ёшлар технопарклар тасарруфига ўтказилади.

Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва тасарруфида илмий даражали кадрларни тайёрлашни амалга оширувчи ташкилотларга эга вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар Илмий даражали кадрларни тайёрлашни мувофиқлаштиришнинг ягона электрон тизими жорий қилинишини таъминлайди.

Қуйидагилар 2021 йилдан бошлаб Ягона электрон тизим орқали амалга оширилади:

стажёр-тадқиқотчилик, таянч докторантура, докторантурасида ўқиш учун қабул квоталари бўйича буюртманома шакллантириш;

илмий даражали кадрларни тайёрлаш муассасаларида ўқиш учун талабгорларни рўйхатга олиш;

стажёр-тадқиқотчи, изланувчи ва илмий даражали ходимларга доир маълумотлар банкини шакллантириш ва шахсий иш режасининг бажарилишини мониторинг қилиш;

илмий даражали кадрларни тайёрлаш муассасаларининг самарадорлигини ўрганиб бориш.

Вазирлик ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда олий таълим муассасаларининг илмий ва инновацион фаолиятини баҳолаш тизимини жорий қиладилар.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ:

Вазирлик томонидан ҳар календарь йили якуни бўйича илмий ташкилотларни ҳамда ҳар ўқув йили якуни бўйича олий таълим муассасаларининг илмий ва инновацион фаолияти баҳоланади;

Вазирлик баҳолаш натижаларига кўра олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлари раҳбарлари, шу жумладан ректор (директор) ҳамда уларнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорига (директор ўринбосари) нисбатан рағбатлантириш ёки интизомий жазоларни қўллаш ҳақида таркибида олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлари бўлган тегишли вазирлик ва идораларга тақдимнома киритади;

олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлари раҳбарларининг (ректор, директор) илмий ишлар ва инновациялар бўйича ўринбосарлари (проректор, директор ўринбосари) Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирининг тақдимномасига мувофиқ таркибида олий таълим муассасалари ва илмий ташкилотлари бўлган тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарининг буйруғига асосан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Фан ва технологиялар бўйича республика кенгаши, Вазирлик ҳамда устав фондида давлат улуши 50 ва ундан юқори фоиздан юқори бўлган йирик корхоналарнинг давлат бошқаруви органлари ҳамда корхоналарда ташкилот раҳбарининг инновацияларни жорий қилиш масалалари бўйича раҳбар ўринбосари лавозимини жорий этиш ва Инновацияларни жорий этиш тузилмаларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илмий ва илмий-техник фаолият натижаларини тижоратлаштириш Президент жамғармасига ажратилган 100 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағни Жамғармага қуйидаги тартибда босқичма-босқич ўтказилиши белгиланади:

2020 йилда – 10 млн. АҚШ доллари;

2021 йилда – 20 млн. АҚШ доллари;

2022 йилда – 20 млн. АҚШ доллари;

2023 йилда – 25 млн. АҚШ доллари;

2024 йилда – 25 млн. АҚШ доллари.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид