Ўзбекистон | 22:27 / 20.08.2020
25109
3 дақиқада ўқилади

«Янги тизимга ўтилгач, пул тўлаган одамнинг уйида электр узилиши бўлмайди» — Улуғбек Мустафоев

20 август куни Тошкентда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбир ташкил этилди.

Тадбир доирасида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Улуғбек Мустафоев журналистларга интервью берди.

«Ўзбекистонда янгилик эмас, қиш пайтида одамлар пул тўлаган бўлса ҳам, тўламаган бўлса ҳам, электр кўп ўчирилади. Бу тизимга ўтганимиздан кейин пул тўлаган одамнинг уйида ҳеч қандай электр узилиши бўлмайди.

Худди чўнтагингиздаги телефон сингари: алоқа компаниясига маблағ берган бўлсангиз, телефон ишлайди, пули тугади – ўчади. Бу тизим жорий этилганидан кейин «тўла, ол» бўлади.

Қарздорга электр энергия берилмайди. Қанча пул тўласингиз, ўшанга яраша истеъмол қиласиз. Дебитор қарздорлик ўз-ўзидан йўқолади.

Жанубий Корея – киберхавфсизлик бўйича дунёда етакчи. Биз ҳамкорлик учун тендер асосида шу мамлакатни танладик», – дея Улуғбек Мустафоевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Марказ «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ, Кореянинг «KT Corporation» компанияси ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида барпо этилди.

Тизимни жорий этиш учун ОТБдан 200 млн доллар миқдорида кредит олинмоқда. Улуғбек Мустафоев қарзни қайтариш ҳақида ҳам гапирди.

«Электрон ҳисоблагичларимиз аҳолига ҳам, юридик шахсларга ҳам текинга ўрнатиб бериляпти, бировдан бир сўм пул олганимиз йўқ. Қарз йўқотишларни тартибга солиш ва ундирилмаган дебитор қарздорликлар ҳисобидан қайтарилади», – деди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ раиси.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раҳбари Улуғбек Мустафоев

Унинг қўшимча қилишича, компаниянинг айни пайтдаги қарздорлиги 3,5 триллион сўмни ташкил этади.

Маълум қилинишича, бугунги кунда республикада 7,4 млн абонент электр энергиясидан фойдаланади. Ҳозир 3,6 млн хонадонга замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатиб берилди. Уларнинг 1,9 млн.таси биллинг тизимига уланган. Марказнинг дастурий таъминоти эса 8 млн. истеъмолчини қамраш имкониятига эга.

Марказ филиали раҳбари Даврбек Имомов «бундай марказлар саноқли давлатларда бор»лигини айтди.

«Бундай марказлар дунёда саноқли давлатларда бор. У ишлаб чиқаришдан тортиб истеъмолчигача бўлган ҳудуд балансини тўлиқ қамраб олади. Яъни марказнинг мониторлар жойлашган махсус хоналаридан туриб республикадаги исталган хонадондаги электрдан фойдаланишдаги ноқонуний ҳолатларни масофадан туриб кузатиш имкониятига эгамиз.

Соҳамиздаги жиддий муаммо – дебитор қарздорлик. Ўз вақтида ундирилмаган маблағ сабаб таъминот масаласи оқсаб қолган. Ушбу марказ мазкур мауммаларга ечим топишда муҳим аҳамиятга эга», – дейди Даврбек Имомов.

Даврбек Имомов

Тадбирда айтилишича, 2021 йилнинг ёзида бутун республика аҳолисини электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш тизимига ўтказиш режаланган.

Мавзуга оид