Ўзбекистон | 16:00 / 28.05.2021
17207
2 дақиқада ўқилади

Электр қурилмалардан фойдаланилмаганда ҳам янги ҳисоблагичлар пул ёзиши ҳолатига изоҳ берилди

Электрон қурилмалардан фойдаланилмаганда ҳам электр тармоғига уланган ҳолда қолдирилса, энергия сарфловчи индикаторлар ҳисобига пул ёзилиши мумкин. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ мутасаддилари иштирокида АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази директори Равшан Мирсолиҳов маълум қилди.

“Ҳар қандай электр қурилмаси ишлатилмаса ҳам розеткага уланган ҳолда турганда бирор энергия сарфловчи индикатори ишлаб турса энергия сарфи кузатилади. Масалан, телевизор кўрилмаса ҳам электрга уланган ҳолда турса, унда қизил чироқ ёниб туради. Бу ўз-ўзидан юз бермайди, албатта энергия сарфи эвазига ёнади. Бунда кам миқдорда бўлса ҳам электр ишлатилади ва ҳисоблагич бу учун пул ёзади. Янги электр энергия ҳисоблагичлар бежизга “Ақлли ҳисоблагич” деб номланмаган. Сабаби ҳар қандай энергия сарфини ҳам ҳисобга олади. Лекин истеъмолчи қурилмадан фойдаланмагани учун энергия сарфланмади деган фикрда бўлиши тушунмовчилик ҳолатларини келтириб чиқариши мумкин”, деди Равшан Мирсолиҳов.

Унинг таъкидлашича, эски ҳисоблагичларда аниқлик даражаси 5 фоизгача хатолик билан ишлаган. Янги ҳисоблагичларда эса аниқлик даражаси 0,02 фоизни ташкил этмоқда.

Маълумот учун, ҳозиргача республикада 6 млн 900 мингдан ортиқ ҳисоблагичлар ўрнатилиб, қарийб 5 миллионга яқини биллинг тизимига уланган.

Республикада АСКУЭ тизимини жорий этиш мақсадида 587 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳа амалга оширилмоқда, илк босқичи Осиё тараққиёт банки томонидан молиялаштирган ва бунинг учун 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ ажратилган. Ушбу электрон ҳисоблагичлар Жанубий Кореянинг “KT Corporation” компанияси ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар — “Электрон ҳисоблагич” ҚК ва “Тошэлектроаппарат” МЧЖлар томонидан етказиб берилмоқда.

Мавзуга оид