Икки йил аввалги репортажда аҳолидан пўл тўплаб эвазига турар жой биносини қураётган «Навоий қурувчи ёшлари» МЧЖ (раҳбари — Феруз Тўхтаев) банкдан кредит олгани, эвазига шу турар жой биносининг пойдевор қисмини ҳужжатлаштириб гаровга қўйгани, кредит ўз вақтида сўндирилмагани учун қурилаётган турар жой биноси аукционга чиқариб сотиб юборилгани, уйни аукционда харид қилган янги тадбиркор эса уй учун пул тўлаганларга рад жавобини бергани ҳикоя қилинганди.

Асосан кам таъминланган оилалар томонидан харид қилинган бир ва икки хонали квартиралардан иборат уй икки йил ичида амал-тақал қилиб битказилган. Бироқ ҳамон квартиралар харид қилганларга ҳужжатлаштириб берилмаган. Боз устига, МЧЖнинг қарздорлиги эвазига вақти-вақти билан МИБ одамларни безовта қилиб турибди.

МИБ Навоий вилоят бошқармаси мутасаддилари билан гаплашганимизда, уйни аввалги сафар 830 миллион сўм эвазига аукциондан харид қилган янги тадбиркорнинг арзи асосида янги иш очилгани, шунингдек, «Навоий қурувчи ёшлари» МЧЖнинг солиқ мажбуриятлари бўйича ҳам 2 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлиги вужудга келгани, бу борада иқтисодий суднинг ҳал қилув қарори борлигини билдириб ўтишди. Ундириш учун МЧЖнинг балансида мана шу уйдан бўлак ҳеч қандай мулки ёки маблағи йўқ экан.
Ушбу уйга ҳануз рақам берилмаган. Қўл учида қилинган ташқи безак ишлари 1 йилга бормасдан нурай бошлаган. Уй атрофи ободонлаштирилмасдан тупроққа ботиб ётибди. Ҳолбуки, шу атрофида қурилган бошқа турар жой биноларига туташ ҳудудлар аллақачон ободонлаштирилган.

Шу уйга ета олмасдан сиқилиб дунёни тарк этган одамлар ҳам бор экан. Айрим оилалар эса ушбу можаро туфайли пароканда ҳам бўлган.
Уй харид қилганларнинг айримлари эса яшашга бошқа жойи бўлмаганидан чала ярим квартирани бир илож қилиб таъмирлаб, яшаб келишмоқда. Ҳозирда бундай оилалар сони 20дан ортиқ.





















