Жаҳон | 11:17 / 22.08.2020
32080
14 дақиқада ўқилади

Мухолифат ва заҳарланиш. «Навальний иши» ёдга солган уч тақдир ҳикояси

Фото: ТАСС

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний 20 август куни заҳарланиш аломатлари билан Омскдаги касалхонада ётқизилди. Уч кундан буён кома ҳолатида қолаётган Навальнийга ёрдам кўрсатиш учун Германиядан мутахассислар гуруҳи етиб келди. Россиялик шифокорлар ушбу мухолифатчи заҳарланмаган деб ҳисоблашмоқда, унинг сафдошлари эса касалхона вакилларининг расмий маълумотларини рад этмоқда. Уни Германияга олиб кетиб, ўша ерда даволашга қарор қилишди. Аввалига транспортировкага қаттиқ қаршилик кўрсатган рус шифокорлари ниҳоят уни юборишга рози бўлишди ва Германиядан келган махсус самолёт ортга у билан қайтди.

Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш сафар давомида унга ҳамкорлик қилган ва унинг айтишича, сиёсатчини заҳарлашган бўлишлари мумкин.

«Интерфакс»нинг тиббиёт соҳасидаги манбаси тахминий ташхис ҳақида маълумот берган: «Тахминий ташхис қуйидагича: номаълум психодислептик (галлюцинация келтириб чиқарувчи модда) билан ўткир заҳарланиш».

Сўнгги 5 йилда Россияда мухолифатчилар ва ҳуқуқ фаолларининг заҳарланиши билан боғлиқ бир неча ҳолат содир бўлган. 2015 йилда сиёсатчи ва журналист Владимир Кара-Мурза ўткир заҳарланиш ташхиси билан касалхонага ётқизилганди. У 2017 йилда яна заҳарланади. 2016 йил антрополог Сергей Мохов заҳарланган. У ўша вақтда дафн маросимларини ўтказадиган ташкилотлар фаолиятини суриштираётганди. 2018 йилда эса «Медиазона» ижодий уйи акционери, рассом Пётр Верзилов заҳарланади. ВВС Владимир Кара-Мурза ва Пётр Верзиловдан заҳарланиши тарихи ҳақида сўради.

Петр Верзилов: «Заҳарлаш бўйича махсус операция»

Cinemaforpeace / Reuters / Scanpix / LETA

«Мени 2018 йил 11 сентябрь куни Москвадаги Басман судида заҳарлашди. Бу воқеадан олдин дўстим Ника Никулшина дугонаси билан машинада кетаётганда ғалати тарзда қўлга олинган. Улар кетаётган машинани тўхтатиб, улов ўғирланган бўлиши мумкинлигини айтиб, маҳкамага олиб кетишади. Улар қаршиликсиз маҳкамага боришса-да, полицияга қаршилик кўрсатишда айблаб, икки кун давомида мантиқсиз ушлаб туришади.

11 сентябрда суд белгиланди. У эрталаб бўлиши керак эди, аммо кеч соат 18:00ларда бошланди. Қизларни суд залидан озод қилишди. Суддан чиққанимдан уч соат ўтиб ўзимни ёмон ҳис қилдим, бошим айланди, кўз олдим  қоронғилашди, танам ўзимга бўйсунмай қолди. Охир-оқибат иситмам кўтарилиб, ҳушимни йўқотдим».

«Ғалати одамлар. Формада ва формасиз»

«Шундан кейин мени касалхонага олиб кетишди. Биринчи кун мени кўргани ҳеч кимни қўйишмади, ҳатто онамни ҳам. Ваҳоланки бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлигининг топшириғи бор эди. Биринчи кун давомида жонлантириш бўлимидаги мен ётган қават бутунлай ёпиб қўйилди. У ерда формадаги ва формасиз ғалати одамлар юрганди. Улар яқинларим менинг анализ натижаларимни билмасликлари учун шундай қилишган. Кейинги кунлари натижаларда ҳеч қандай заҳарлаш аломати кўринмаган. Анализ натижалари менинг жуда яхши ҳолатда эканимни кўрсатган, аммо мен бир ўлимдан қолгандим».

«Аниқланмаган модда»

«Дунёдаги етакчи неврологик марказлардан бўлган Берлиндаги «Шарите» клиникасида менинг танамда аниқланган модда ақл бовар қилмас даражада тез ҳолатда танадан чиқиб кетишини аниқлаган. Чунки воқеадан бир кун ўтиб бу модда танамни тарк этганди. Заҳарлаш учун ишлатилган моддани аниқлаш мураккаб бўлиши учун бу жуда муҳим бўлган. Мени олиб боришган касалхонадаги шифокорлар нима бўлганини тушунмай қолганликларини айтишди.

Улар мана анализ натижалари, деб қоғозларни кўрсатишди, ваҳоланки ҳеч қандай анализ қилишмаганди. Улар бир кун ўтгач, анализ қилишди, аммо тиббиётда ҳар кунлик анализ натижаларини солиштириб бориш муҳимлигини ҳамма билади. Мени психотроп модда билан заҳарлашганди. Германиялик шифокорларнинг айтишича, мени заҳарлашган коктейлда скополамин деган модда ҳам бўлган. Шунингдек, коктейлда одатда Жанубий Америкада турли жиноий мақсадларда ишлатиладиган модда бўлиши мумкинлигини ҳам айтишди».

«Ўлим ва ҳаёт орасида» ва узоқ вақтли тикланиш

«Бошланишига Бахрушинлар номидаги касалхонада даволандим, кейин яна икки кун Склифосовский номидаги касалхонада. Шунда худди ҳозир Навальний билан бўлганидек сездимки, Россияда ҳеч қанақасига холис анализ топшириб бўлмайди. Махсус хизматлар тиббий жараёнга ҳам аралашишади. Шифокорлар уларнинг айтганини қилишга ва улар нима деса, ўшани ёзишга мажбур. Шу сабабли, мени Берлиндаги «Шарите» клиникасига кўчиришади.

Берлинда ҳам бир ҳафта давомида ўлим билан олишдим. Бир ҳафтадан кейин ўзимга кела бошладим ва шунда ҳам шифокорлар менинг руҳий ҳолатим тикланишига шубҳа билдиришди. Чунки мен яқинларимни танимаётгандим. Мен инглизчани яхши биламан, аммо шифокорларга русча гапирардим, чунки Берлинда эканимни тушунмадим.

Бир ой давомида шундай оғир аҳволда бўлдим. Бир неча ой Берлинда даволанишга мажбур бўлдим. Кейин шифокорлар тикланиш учун бирор иссиқ мамлакатга боришимни маслаҳат беришди ва мен Исроилни танладим.

Шунча иш бўлди, аммо ҳамон иш очилгани йўқ. Ишни мендан ҳам сўрамай ёпиб юборишган. ИИВ ва Тергов қўмитасини ҳам тушуниш мумкин, ахир ишни махсус хизмат назорат қиладиган суд биносидан бошлаш керак эди. Орада бир участковой мени сўроқ қилгандек бўлди ва у ҳам йўқолиб кетди. Мана, икки йил ўтди, аммо бир иш қилингани йўқ».

«Бу Путиннинг олдидаги акция учун қасос эди»

Станислав Красильников / ТАСС / Scanpix / LETA

«Мен бошланишида буни Африкада ўлган дўстларим борасидаги суриштирувим учун деб ўйладим, аммо кейин бу ЖЧ-2018 вақтида ўтказилган норозилик акцияси учун қасос бўлганини тушуниб етдим. Чунки у акция Путин, Макрон ва бошқа раҳбарлар олдида содир бўлган, Путин уни махсус хизматлар учун уятли ҳолат деб атаганди».

Владимир Кара-Мурза: икки йил ичида икки марта заҳарлаш

Ilmar Saabas / Ekspress Meedia / Scanpix / LETA

Борис Немцов номидаги фонд раҳбари Владимир Кара-Мурза Немцов Кремль яқинида отиб кетилганидан уч ой ўтиб, 2015 йил май ойида илк марта заҳарланиш ташхиси билан касалхонага тушган. 26 май куни у «РИА Новости» таҳририяти биносида бирдан ўзини ёмон ҳис қилади.

Владимир Кара-Мурзанинг ўзи бу ҳолатни шундай эслайди:

«Бирдан нафасим қисди, қаттиқ оғриқ бошланди. Нафас олардим, лекин ҳаво ўпкамга етиб бормасди. Бу даҳшат. Мени диванга ётқизишди, кейин нима бўлганини эслолмайман».

«Ҳеч ким заҳарлаш ҳақида ўйламаганди»

«Бошида шифокорлар негадир юракни операция қилмоқчи бўлишди. Ўшанда заҳарлаш ҳақидаги саволга тайёр эмасдик. Мен бу заҳарлаш бўлмаганми, деб тушунтиришга ҳаракат қилдим. Биз операцияга тайёрланаётган вақтда бахтимизга ажойиб кардиохирург Михаил Алшибая келди ва «Дўстлар, нима қиляпсизлар? Унинг юраги космонавтникидай, бу заҳарлаш бўлгани кўриниб турибди-ку?», деганди. Шундан кейингина уни заҳарлаш ташхиси билан даволай бошлашди, аммо Владимир у вақтда комада эди», дейди журналистнинг адвокати Вадим Прохоров.

Владимир Кара-Мурзани Бакулев номидаги касалхонадан Пирогов номидаги 1-клиник касалхонанинг жонлантириш бўлимига ўтказишади. У ерда журналистни Денис Проценко даволайди. Бу шифокор кейинчалик Москвадаги илк коронавирус беморларини қабул қилган Коммунаркадаги касалхона бош шифокори сифатида танилди. Унда Путин билан учрашишидан аввал коронавирус аниқланганди.

«Буйрак, ўпка, юрак ишламай қолди»

Владимир Кара-Мурзанинг айтишича, айнан Денис Проценко унинг яшаб кетишига ёрдам берган. Комага тушган сиёсатчининг буйраги, ўпкаси ва юраги ишламай қолган. У тўлиқлигича ўлиб қолмаслиги учун аппаратларга улаб қўйилганди. Владимирнинг хотини уни Россиядан олиб кетмоқчи бўлади, аммо унга эри аппаратларсиз ўлиб қолишини айтишади.

«Бундай қийноқдан кейин сен бутунлай бошидан ҳаммасини ўрганишни бошлайсан, организм бошқатдан юришни ўрганади, бу жуда қийин», деб эслайди журналист. Унинг даволаниши ва тикланишига бир неча ой вақт кетади. Заҳарланишдан бир йил ўтиб ҳам Владимир Кара-Мурза қўлтиқтаёқсиз юра олмайди.

Кара-Мурзанинг анализ натижалари Францияда текширилганда унинг организмида оғир металлар ҳаддан ташқари кўп бўлгани аниқланган. Бироқ заҳарлашда қандай модда ишлатилганини аниқлашнинг имкони бўлмайди, фақат металлар унинг заҳарланганидан далолат беради.

«Номаълум модда»

Владимир заҳарлангани аниқ бўлади, аммо қандай модда билан заҳарлашганини аниқлай олишмайди. Заҳарлашдан уч кун ўтгачгина ундан анализ олишади. Владимир Кара-Мурза 2015 йил декабрда Тергов қўмитасига иш очишни сўраб, мурожаат қилади, аммо адвокатнинг айтишича, аризадан кейин ҳеч қандай ҳаракат сезилмайди.

Владимир Кара-Мурза иккинчи марта 2017 йил 1 февралдан 2 февралга ўтар кечаси заҳарланиш ташхиси билан касалхонага тушади. У АҚШга учишидан бир неча соат олдин яна номаълум модда билан заҳарланиб, оғир аҳволга тушиб қолади. Кара-Мурзанинг айтишича, заҳарлаш ташкилотчилари бежизга парвоз олдидан бу ишни қилишмаган. Улар самолётда керакли тиббий ёрдам кўрсатиш имкони бўлмаслигини ҳисобга олишган.

Владимирнинг адвокати у биринчи марта самолётда заҳарланганини тахмин қилган: «Тушунишимча, самолётда заҳарлаш осон, чунки у ерда ҳамма ўзининг овқатини ейди», деган адвокат Прохоров.

Иккинчи заҳарлашда ҳам Владимирнинг органлари ишламай қолган ва нафас олиши қийинлашган. Иккинчи марта унинг олдида оиласи бўлган ва улар тез ёрдам чақиришган. Бу гал ҳам уни Денис Проценко даволаган. Владимир Кара-Мурза биринчи заҳарлашда уч ҳафта комада бўлган, иккинчи заҳарланишда эса бир ҳафта. Владимирга қон қуйилгач, унинг ҳолати яхшилана бошлаган.

«Қон плазмаси янгилангач, Володя тузала бошлади ва бу заҳарлашнинг аниқ аломати», дейди адвокат Прохоров.

Маълум бўлишича, Владимир Кара-Мурза яна ўзини заҳарлашгани бўйича Тергов қўмитасига ариза топширган ва фақат 2018 йил апрелга бориб унинг аризасини кўриш бошланган. Бу вақтда Британияда Россия ГРУнинг собиқ ходими Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарланиши билан боғлиқ «Новичок» воқеаси бўлиб ўтади.

Скайп орқали кўрсатма

«Терговчи менга Владимирдан кўрсатма олиши кераклигини айтди. Аммо мен у чет элда эканини маълум қилдим. Терговчи скайп орқали кўрсатма олишни таклиф қилди. Шу тариқа Тергов қўмитаси тарихида биринчи марта скайп орқали кўрсатма берилди. Терговчи Москвада, Володя Вашингтонда эди», дейди адвокат Вадим Прохоров.

Владимир Кара-Мурза терговчи билан суҳбатда унинг заҳарланишида Россия махсус хизматларининг алоқаси борлигини айтади.

ФҚБ маълумотни сақлаб қола олмаганмиди?

2017 йилда Владимир Кара-Мурза иккинчи марта заҳарлангач, текширув натижалари АҚШ Федерал қидирув бюросига (ФҚБ) ҳам юборилади. Адвокатнинг айтишича, ФҚБ вакили Кара-Мурзага 2017 йил декабрь ойи охирида, янги йил арафасида алоқага чиқиб, анализ натижаларида «ноодатий нарса»ни пайқашганини айтган. Бундан кўп ўтмай эса Россия ташқи разведка хизмати раҳбари Сергей Наришкин, Россия Хавфсизлик хизмати раҳбари (собиқ) Александр Бортников, Россия ҳарбий кучлари бош штаби раҳбари Игорь Коробов АҚШга сафар қилишади. Бу сафар январь-февраль ойларида рўй беради. Шундан сўнг, Владимир ФҚБга бошқа ҳеч қандай маълумот бермаслигини маълум қилади.

АҚШда тарқалган миш-мишларга кўра, Россия Хавфсизлик хизмати собиқ раҳбарининг ташрифидан сўнг ФҚБ Кара-Мурзага ҳеч қандай маълумот бермаслик «топшириғини олган».

Журналист ФҚБни судга берган ва анализ натижаларини тақдим этишларини талаб қилган. Суд ФҚБга 2020 йил октябрга қадар Владимир Кара-Мурзага натижаларни тақдим этиш талабини қўйган.

Сергей Мохов: аниқланмаган модда ва полициянинг ҳаракатсизлиги

«Медуза»

2016 йил ноябрда антрополог Сергей Моховга ҳужум бўлади. Номаълум шахс унга мушт туширади ва сонига шприц билан қандайдир суюқлик юборади. Мохов бу ҳақда Алексей Навальний фондининг юристи бўлган рафиқаси Любовь Соболга хабар беришга улгуради. Мохов ҳужумдан бироз ўтиб қимирлолмай қолади. Уни Склифосовский номидаги касалхонага олиб боришади. Шифокорлар у қандайдир препаратни керагидан ортиқ истеъмол қилганини истисно қилишади, чунки Моховнинг танасида топилган модда дорихоналарда сотиладиган нарса бўлмайди. Любовь Соболнинг фикрича, эрини заҳарлашган ва бунга сабаб унинг дафн маросимларидаги коррупция мавзусидаги суриштирувлари бўлган. Шунингдек, у эрининг коррупцияга қарши фонддаги фаолияти сабаб заҳарланганини ҳам истисно қилмайди.

Моховнинг адвокати Сергей Бадамшин Хомич фамилияли полиция капитани устидан арз қилади. У полицияни иш очишдан бўйин товлашда айблайди. Бу арзномадан кейин суд полициячини ҳаракатсизликда айбдор деб топади.

Мавзуга оид