«Ҳеч кимга иймондан кейин офиятчалик яхши нарса берилмаган» – Нуриддин Холиқназаров саломатликка эътиборли бўлишнинг шаръий зарурати ҳақида
Тошкент шаҳри бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров аҳолига мурожаат қилиб, карантин чоралари юмшатилган даврда бепарволикка берилмасликка чақирди.
«Ислом динида ҳар бир инсон ўзи ва бошқаларнинг ҳаётини муҳофаза қилишга масъулдир. Аллоҳ Қуръонда «Ўзингизни ҳалокатга ташламанг» деб хитоб қилган (“Бақара” сураси, 195-оят). Яъни мусулмон киши зарарли нарсалар томон қадам босмайди, руҳини ва жисмини сақлайди.
Пайғамбаримиз «Касал одам соғлом одамнинг олдига бормасин», деганлар. Пандемия даврида ўзи, оила-аъзолари, яқинлари ва жамиятни хавф остига қўймаслик учун ҳар бир киши масъулдир ва бу айни шариат талабидир. Фиқҳий қоидада «Оммавий зарарни даф қилиш учун хос зарарга сабр қилинади», деб таъкидланган.
Бугунги вазиятда ҳеч кимнинг хотиржамликка берилишга ҳаққи йўқ. Агар бу хатарга бепарво бўлсак, минглаб одамларнинг соғлигини хавф остига қўямиз, вазият яна ҳам оғирлашади», деди имом-хатиб АОКАдаги брифингда.
Имом Исломда инсонларнинг ўз соғлигига эътиборли бўлишга чақирилгани хусусида диний манбалардан мисоллар келтирди.
«Ислом динида инсон учун дунёдаги энг катта неъматлардан бири сиҳат-саломатлик, деб белгиланган. Динимиз бешта асосни ҳимоя қилишни бош мақсад қилади, булар – жон, дин, насл, мол ва ақлдир. Муҳаммад (с.а.в) «Икки неъмат борки, кўпчилик унинг қадрига етмайди. Булар сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир», дедилар. Яна бир ҳадисда «Аллоҳдан яқийнни (мустаҳкам иймон) ва мустаҳкам соғликни сўранглар. Ҳеч бир кимсага яқийндан кейин офиятчалик яхши нарса берилмаган», дейилади.
Демак, инсонга Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг биринчи ўринда мустаҳкам иймон турса, кейинги ўринда соғлик турар экан. Уни асраб-авайлаш инсоннинг олий бурчи ҳисобланади. Аллоҳ бандаларини қийинчиликка ташлаб қўймайди, балки тезда енгиллик беради. Қуръонда «Албатта, Аллоҳ тезда тангликдан кейин енгилликни пайдо қилур», деб марҳамат қилинади (“Талоқ” сураси, 7-оят).
Ҳозирги мураккаб синовли ва оғир курашда кўп нарса ўзимизга боғлиқ. Сабр қилсак, қаноат қилсак ва кўрсатмаларга амал қилсак, бу ютуғимиз бўлади, халқимизнинг фаровонлиги бўлади. Инсон бир ўзи учун эмас, оиласи учун, бола-чақаси учун, қўни-қўшниси учун, бутун жамият учун ўзининг сабри ила катта манфаат келтиради. Бесабр бўлиб, амалда бўлиб турган карантин қоидаларига амал қилмасак, бутун жамиятга ва оиламизга катта зарар бўлади.
Аждодларимиз бундай синовларни халқимизга хос вазминлик билан, бир-бирларига кўмак бериб, эртанги кунга катта ишонч ва умид боғлаб, дуо ва илтижо билан енгиб ўтишган. Шундай экан, шу кунларда янада ҳамжиҳат бўлсак, бу касаллик Ҳақ Таолонинг изни билан чекинади», деди имом-хатиб.
Мавзуга оид
13:56 / 02.07.2024
“Болаларимизни илмга, маърифатга ўргатишимиз керак” – муфтий Нуриддин Холиқназар
22:23 / 23.04.2024
Муфтий Нуриддин Холиқназаров Ислом олами уюшмаси Олий Кенгашига қабул қилинди
16:05 / 21.04.2024
Муфтий Нуриддин Холиқназаров Исломий фиқҳ академияси аъзолигига қабул қилинди
12:44 / 14.03.2024