Жаҳон | 08:19 / 28.08.2020
11078
4 дақиқада ўқилади

Саакашвили Грузияга қайтмоқчилигини маълум қилди. Ватанида уни қамоқ кутаётгани айтилди

Фото: РИА Новости/Игорь Маслов

Грузиянинг “Грузия орзуси” партияси собиқ президент, ҳозирда Украинада Ислоҳотлар бўйича миллий кенгаш ижроия қўмитаси раҳбари лавозимини эгаллаётган Михаил Саакашвилининг Грузияга қайтмоқчилигига истеҳзоли оҳангда муносабат билдирилди.

Аввалроқ Саакашвилининг гўёки Грузияга қайтмоқчилиги ҳақида маълум қилинган. Бу ҳақда Грузия Online нашри хабар берган. Ижтимоий тармоқларда Саакашвилининг ўз тарафдорларига йўллаган видеоси жойлаштирилиб, сиёсатчи унда грузинчада ватанига қайтмоқчилиги ҳақида гапирган. Бироқ таъкидлаб ўтиш жоиз, Саакашвилининг Facebook’даги саҳифасида ва YouTube-каналида бу видео йўқ.

Сиёсатчи ўз баёнотида Грузияга қайтишини, охирги йилларда кўп нарсани бошдан ўтказгани ва “ўз давлатига яхшироқ хизмат қилиш ва бошқа хатоларга йўл қўймаслик учун” етарлича тажриба ва билим орттирганини маълум қилган. У президентлиги вақтида нотўғри ишлар қилганини тан олган. Саакашвили Украинани “иккинчи уйи” деб билишини ва у сиёсатчини “қандай бўлса шундайлигича, ҳеч қандай шарт ва талабсиз” қабул қилганини таъкидлаб ўтган.

“7 йил давомида мен Грузиядаги янгиликларга қизиқиш билдирмаган бирор кун бўлмаган. Менинг президент лавозимидаги ишим беҳуда бўлмаганини биламан ва биз яратган нарсалардан кўпи ҳали ҳам сақланиб қолган ва ишламоқда. Шу билан бирга мен Грузиядан хабарларни эшитганимда, биз анча яхшироқ яшашимиз ва ҳар бир грузин бой бўлиши мумкинлигини тушунаман. Ва биз бунга бирга эришамиз! Мен қайтмоқдаман!”, деб айтилган сиёсатчи мурожаатида. 

“Грузия орзуси” партияси Facebook’даги саҳифасида Саакашвилининг баёнотига истеҳзоли оҳангда муносабат билдириб, “Miha hamodiii” – “Миша, келавер” деб изоҳ берган.

Грузия адлия вазири Тея Цулукиани журналистларга қидирувда бўлган собиқ президентнинг қайтишини қўллаб-қувватлашини ва уни ватанига қайтгач турма кутаётганини айтган. 

“Биз Саакашвили ўзида куч топиб, Грузияга қайтса, буни қутлаймиз. Уни чегарада қўлга олиш ва турма кутмоқда”, деб айтган Цулукиани.

Адлия вазирининг таъкидлашича, собиқ президент Грузияда қидирувга берилган ва унга қарши бир нечта ҳукм чиқарилган.

Грузияда 31 октябрда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Июлда Саакашвили Грузия ҳукуматининг қонунийлигини тан олмаслигини ва кузда Грузиядаги сайловларнинг фаол иштирокчиси бўлишини айтган.

Михаил Саакашвили Грузия президенти лавозимини 2004-2013 йиллар давомида икки муддат эгаллаган. У Грузияни 2013 йилда тарк этиб, Украинада сиёсий фаолиятини бошлаган. Сиёсатчи 2015-2016 йилларда Одесса области губернатори лавозимини эгаллаган. Бироқ у кейинроқ Украина фуқаролигидан маҳрум этилиб, мамлакатдан чиқартириб юборилган.

Украинада президент Владимир Зеленский бўлгач, Саакашвили яна Украина паспортини олган ва унга мамлакатга қайтишга рухсат берилган. Апрелда Зеленский сиёсатчига бош вазир ўринбосари бўлишни ва Халқаро валюта жамғармаси билан музокаралар олиб боришни таклиф қилган. Бироқ Саакашвили Ислоҳотлар бўйича миллий кенгаш ижроия қўмитаси раҳбари бўлишни танлаган.

Мавзуга оид