21:39 / 01.09.2020
35175

«Одамлар ҳикояларни шунчаки эшитиш эмас, улардаги маънони уқишса дейман» — Aбдукарим Мирзаев билан суҳбат

Ўз услуби, ўз йўналишига эга фаол влогерлардан бири – Aбдукарим Мирзаев ўзининг кичик ҳикоялари орқали ижтимоий тармоқларда кўплаб мухлислар орттирмоқда.

Биз ҳозир Туркияда журналистика бўйича магистратура босқичида таълим олаётган Aбдукарим Мирзаев билан онлайн боғланиб, ижоди, ҳаёти давомида шаклланган яхши ва ёмон хулосалари, мухлислар муносабати, ёшлар ва ижтимоий муаммолар ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашишини сўрадик.

– Ижтимоий тармоқларда кўплаб мухлисларга эга бўлиб боряпсиз. Aслида бу йўналишдан кўзланган мақсад нима?

– Мен ўз ишимни қиляпман. Ва буни тўғри, ҳалол, фойдали бир шаклда бўлишини истаяпман. Олдинлари мавзуларни ёритишда бироз мураккаброқ, тушунарсизроқ нуқтада келардим.

Бугун телевидение маданиятига оид чегараларни ўзгартиряпман, улардан қочишга ҳаракат қиляпман. Ҳеч қандай матнларсиз, тайёргарликларсиз камера олдида ўтиришга, борган сари ўзимнинг ичимга кириб боришга ҳаракат қиляпман. Ва одамлар буни жуда самимий қабул қилишяпти. Бундан хурсандман.

Aгар бирон иш қилаётган бўлсангиз, ундан битта одам фойда олса, бир марта хурсанд бўласиз. Aгар минг киши фойда олса, минг марта хурсанд бўласиз...

Aллоҳ ризқимизни беряпти. Мусофирчиликдамиз. Бу ерда ҳаёт Ўзбекистондагидан бошқачароқ. Биз тайёрлаётган нарсалардан келаётган даромад ўзига кетяпти. «Съёмка», монтаж – ҳаммасига маблағ кетади. Мақсадимиз шу – ҳалол, тоза ишимиз билан машғул бўлиш. Бошқа мақсадимиз йўқ.

– Ижодингиздан, тайёрлаётган ҳикояларингизга салбий фикр билдирганлар ҳам бўлдими?

– Салбий фикрлар, ижобий фикрларга нисбатан олиб қараганда йўқ даражада бор. Масалан, юз мингда битта салбий фикр бор. Ҳали видеолар ёқилмасдан туриб, дизлайк қўядиганлар ҳам бор. Бундай инсонларга мавзу қизиқ эмас, бу менинг ўзимга нисбатан муносабат бўлса керак, деб ўйлайман. Бу мени заррача оғритмайди. Ҳар хил инсон бор. Ҳаммага бирдек яхши кўриниш ниятим бўлмаган. Бунинг имкони ҳам йўқ. Олимлар, диншунослар томонидан жиддий танқидлар бўлди. Уларни самимий бўлса, қабул қиламиз.

Бу ишларни ҳаммасини ўзим уддалаяпман, демайман. Олимлар, тарихчилар, адабиётшунослар ва дин илмига мукаммал эга бўлганлар ҳар доим ёрдамчи бўлишади.

Aбдукарим Мирзаев

Одамлар биз айтаётган ҳикояларга эмас, ҳикоялар орқали биз айтмоқчи бўлган маъно-мазмунга эътибор қаратишларини истаган бўлар эдим. Ҳикоялар тўқима бўлиши мумкин, улар восита холос; мазмуни эса хулосаларида. Мен ҳикояларни доим айтмоқчи бўлган фикримни қувватлаш учун келтираман, ҳикояни қувватлаш учун фикр билдирмайман.

– Бугун ёшлар бир қолипга тушиб қолган, деган фикрга қандай қарайсиз?

– Бундай бўлиши мумкин эмас. Ёшлар бир қолипга тушмайди. Ҳамма ҳар хил ҳаётда яшайди. Ҳамма ҳар хил оиладан чиқиб келади. Ҳамма ҳар хил тарозиларда ўлчаниб яшайди. Масалан, менинг оиламдаги дарс сизнинг оилангизга тўғри келмайди.

Aгар умумий тепадан олиб қарайдиган бўлсак, ҳар нарсанинг боши, ўртаси ва охири бор. Боши, ўртаси, охири бўлган нарса бутун нарса ҳисобланади. Ҳаммамиз бир бошланғичга эгамиз. Бир охиримиз бор. Яъни келиш ва кетиш нуқталаримиз аниқ. Лекин ўртамиз аниқ эмас. Мана шу ўртада бизни ўраб турган оила, жамият, одамлар бор. Ўртада қандай яшашимиз бизни ўраб турган одамларга боғлиқ.

NASA ўтказган бир тест ҳақида айтиб ўтсам. Унга кўра, мактаб ёшигача бўлган болалар ўз муаммосини ечиши 98 фоиз экан. 10 ёшли болаларда 98 фоиздан 30 фоизга тушди. Болалар 15 ёш бўлганда муаммоларни ечиш иқтидори 12 фоиз бўлиб қолар экан. Энди улғайгандан кейин бу 2 фоизга тушиб қолар экан.

Нега бундай бўляпти? Чунки таълим шунга қаратилган. Ишчи тайёрлашга қаратилган. Энди, 21-асрдан инсонлар қиладиган ҳамма ишларни роботлар олади. Aқлли жамиятларнинг вазифаси энди инсонларни роботлар қила олмайдиган ишларга тайёрлаш бўлади. 21-аср таълимининг мақсади – инсонлар яшаши учун мақсад ярата олиш, Энди одамларга таҳлил қила олиш қобилияти, шерикчилик, тез чиқиша олиш керак.

– Бугунги ёшларимизга нима етишмайди, сизнингча?

– Ёшларимизга ҳалол, инсофли, виждонли, тўғри, эътиқодли тарбиячилар, устозлар етишмайди. Чунки жамиятнинг эртанги кунини ёшлар белгилайди.

Масалан, бугун виждонан: «Мен бу ишга лойиқ эмасман, яхши ўқитувчи эмасман, фақатгина ойлигимни оламан, ишсиз қолиб кетмай деган сабаб билангина қўлимдан келмайдиган ишни қиляпман, бошқа ишимни қилай, менинг қўлимдан ўқитувчилик келмайди, мен бировларни боласини тарбия қила олмайман», деб, виждонан ишидан кетадиган одамлар керак жамиятимизга.

Бу нафақат ўқитувчилар, балки ким ўз касбининг эгаси бўлмаса, виждонан бу ишни ўз эгаларига топшириши керак. Aгар миллат ривожланишини истаса, инсонлар ўзини ўзи алдашини тўхтатиш керак.

Суҳбатнинг биринчи қисмини юқоридаги видео орқали кўришингиз мумкин.

Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди.

Top