Туркияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик журналист Абдукарим Мирзаев «шубҳали шахслар» билан алоқадорликда гумонланиб, 11 декабрга ўтар кечаси Истанбулда қўлга олинган эди. Журналистга нисбатан гумонлар ўз тасдиғини топмагач, 33 кундан сўнг озод этилди.

Кun.uz'нинг Туркиядаги мухбири журналист билан суҳбатда бўлди.

Ҳибсда эканингизда турли гумонлар, фикр-мулоҳазалар янгради. Ўйлайманки, бугунги суҳбатимиз бу фикр-мулоҳазаларга биринчи шахс тилидан ойдинлик киритиб беради. Хўш, ўша кун аслида нима бўлганди?

– Аввало, бир нарсага ойдинлик киритиб олиш керак. Воқеа муҳимми, воқеа атрофидаги фикрлар муҳимми? Ҳар доим нисбий нарса иккинчи планга тушаверади. Бу ердаги реал нарса – бу воқеанинг содир бўлгани.

Воқеа ҳақидаги ҳар қандай фикр – хоҳ ижобий бўлсин, хоҳ салбий бўлсин – ҳаммаси нисбий фикрлардир. Масалан, кимдир мени кўкка кўтарган бўлса, «У яхши эди» деган бўлса, бу нисбий фикр. Кимдир истаганича мағзава ағдарган бўлса, бу ҳам нисбий фикр.

Лекин мен учун ҳақиқат – бу воқеанинг содир бўлгани. Нима учун содир бўлди, қандай содир бўлди? Нега бўлди? Нега мен билан бўлди? Мен бир инсон ўлароқ, ўзимга бу саволларни бердим, лекин ҳозиргача тўлиқ бир жавоб олганим йўқ.

Масалан, «Мана шунинг учун бўлди» деган гапни ҳеч ким менга айтгани йўқ. Ўзимнинг шахсий умумий хулосам шуки, «Бир текшириб кўрайлик, бу одам ким?» деган бир савол қўйилган бўлса, менинг иштирокимсиз текшириб кўришди. Нега менинг иштирокимсиз? Чунки мени сўроқ қилишгани йўқ. Сўроқ қилиш учун бир сабаб, бир жиноий иш бўлиши керак. Унақа ҳолат йўқ. Шунчаки, бир текшириб кўрайлик деб, охиригача текшириб, кўнгиллари хотиржам бўлди.

Чиқаётганимда сўрадим: «Охир-оқибат, айтарсизлар нега мен бир ойдан ортиқ бу ерда қолдим?» десам, «Нима қиласан сўраб, ҳаётингни давом эттиравер», дейишди.

Бир журналист сифатида бу ерда (Туркия – таҳр.) ҳам, Ўзбекистонда ҳам бир қадар танилдим, десам ҳаддимдан ошмаган бўлсам керак. «Буни бир текшириб кўрайлик, ўзимизнинг хавфсизлигимиз учун» дейишган бўлса, нур устига нур. Мана, текшириб кўришди. Мен ҳам мен ҳақимдаги ҳар хил гумонлардан қутулдим, деб ўйлайман.

Дўстларимиздан бири айтади: «Бундай воқеалардан кейин одам бир қадар обрўсизлашади, шубҳалар пайдо бўлади. Лекин сенда бунинг тамоман акси бўлди».