Жамият | 12:18 / 04.09.2020
5717
2 дақиқада ўқилади

Янги туғилган чақалоқларда коронавирус инфекцияси ҳолатлари нисбатан кам қайд этилган – штаб аъзоси

Ўзбекистонда янги туғилган чақалоқни коронавирус инфекциясига текшируви туғилгандан сўнг 12-24 соат ўтгач амалга оширилади. Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова АОКАда ўтказилган брифингда шу ҳақдаги саволга жавоб берди.

«Натижаларни тасдиқлаш учун такрорий тест 24 соатдан кейин амалга оширилади. Текширув учун биоматериал сифатида бурун-ҳалқум ёки оғиз-ҳалқумдан суртма олинади. Янги туғилган чақалоқларда коронавирус инфекцияси ҳолатлари нисбатан кам қайд этилган, барча ҳолатлар енгил шаклда кечган», деди у.

Унинг таъкидлашича, тадқиқотлар натижаларига кўра, болалар ва ўсмирлар ушбу вирусни юқтириб олиш эҳтимоли худди катталарники билан ўхшаш. 

«Шунинг учун улар, катталар сингари, бир хил барча санитария гигиена ва хавфсизлик қоидаларига риоя қилишлари (қўлларини ювиш, ниқоб кийиш, гавжум жойларга ташриф буюрмаслик, ижтимоий масофани сақлаш) керак», деди штаб аъзоси.

Бундан ташқари, коронавирус касаллиги болаларда кўпинча клиник симптомсиз ёки енгил кечиши ва улар касаллик тарқатувчига айланишлари мумкинлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарилди.

«Болаларда касаллик келтириб чиқарадиган Covid-19 касаллиги кўпчилик ҳолатларда енгил ёки клиник белгиларсиз (симптомларсиз) кечса ҳам, улар ушбу вируснинг асосий тарқатувчиларидан бири бўлишлари ва улар ўз оилаларидаги катталарга, айниқса хавф остидаги гуруҳлардаги қариндошларига юқтириши ва аҳоли ўртасида касалликни кўпайишига олиб келиши мумкин.

Кўпгина давлатлар олимлари изланишлари натижаларига кўра, коронавирус симптомлари бор болалар организмларида вирус 20 кун давомида, симптомсиз кечадиган болаларда эса 14 кун давомида ишлаб чиқариб турилган. Демакки, улар шу кунлар давомида ўзлари билмаган ҳолда атрофдагилар учун хавфли бўлишган. Ушбу изланишлар натижаларига кўра Корея давлатида кўпгина ота оналар ва ўқитувчилар касалликни болаларидан юқтиргани аниқланган.

Шу сабабли пандемия тарқалиши олдини олиш учун болалар қатнайдиган ўқув муассасаларда тиббий ҳамда санитар эпидемиологик назоратни кучайтиришимиз лозим», деди Абдусаматова.

Мавзуга оид