Жаҳон | 00:46 / 05.09.2020
11430
2 дақиқада ўқилади

Тихановская БМТдан зудлик билан Беларусга мониторинг миссиясини юборишни сўради

Беларусь президенти лавозимига собиқ номзод ва Беларуснинг амалдаги президенти Александр Лукашенконинг сайловлардаги ғалабасини тан олмаётган Светлана Тихановская Беларусдаги жорий вазиятни мониторинг қилиш учун БМТдан миссия юборишни илтимос қилди. Тихановская БМТ Хавфсизлик кенгаши билан видеоалоқа вақтида бундай мурожаат билан чиққан.

Фото: ТВ Центр

БМТ Хавфсизлик кенгаши 4 сентябрда Беларусдаги вазият бўйича норасмий онлайн-йиғилиш ўтказган.

“Беларусь халқи Европанинг қоқ марказида инсон ҳуқуқлари бузилишини тўхтатиш учун БМТ кўмагига муҳтож. Биз БМТни намойишчиларга қарши куч қўлланишини қоралашга чақирамиз. Биз Беларусдаги вазиятни муҳокама қилиш учун БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг махсус сессияси чақиртирилишини таклиф қиламиз. Биз БМТни жойдаги вазиятни ҳужжатлаштириш учун Беларусга зудлик билан махсус комиссияни юборишга чақирамиз”, деб айтган Тихановская. У нутқи давомида Лукашенко тузумини “маънан таназзулга учраган” деб атаган.

Беларусда 9 августда ўтган президент сайловларидан бери норозилик намойишлари давом этмоқда. Сайловларда амалдаги президент Александр Лукашенко катта устунлик билан ғалаба қозонган. Бироқ АҚШ ва Европа иттифоқи сайловлар натижаларини тан олмаяпти. Тихановская 11 августдан бери Литвада қолмоқда, Беларусда эса унинг ташаббуси билан мухолифатнинг мувофиқлаштирувчи кенгаши тузилган. Кенгашдан мақсад Беларусда ҳокимиятнинг тинч йўл билан топширилиши жараёнини ўз зиммасига олувчи сиёсий органни шакллантириш ҳисобланади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид