ССВ яна бир бор ўзини ҳимоя қилиш қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар бир фуқарони ўзини ҳимоя қилиш қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди.
«Маълумки, жорий йилнинг 15 августидан бошлаб Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатилди: автотранспорт воситаларининг ҳаракати ва бозорлар фаолиятига босқичма-босқич рухсат берилди. 5 сентябрдан эса қатор фаолият турларига чекловлар бекор қилинди. Улар орасида умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона), томоша ва маданий-кўнгилочар объектлари (фақатгина театр ва кинотеатр) ҳамда парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар ҳам мавжуд.
Аммо бу юртимизда коронавирус инфекцияси чекингани ва одамлар эҳтиёт чораларини унутиб, хоҳлаган жойида ҳаракат қилишлари мумкинлигини англатмайди. Мамлакатимизда ҳали ҳам Covid-19’нинг тарқалишининг олдини олиш ва касалликка чалинганларни аниқлаш ҳамда даволаш чоралари фаол олиб борилмоқда.
Охирги бир ҳафта давомида коронавирус инфекциясига чалинганларнинг қайд этилиш кўрсаткичи сезиларли даражада пасайган бўлса-да, бу хотиржамликка берилиш, вирусга нисбатан ҳушёрликни унутиш мумкин дегани эмас», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.
Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Умидулло Рисқиевнинг маълум қилишича, сентябрь ойи бошида тез ёрдамга чақириқлар сони сезиларли даражада ошган.
«Масалага тез тиббий ёрдам хизматига қилинаётган мурожаатлар таҳлили мисолида қарайдиган бўлсак, сентябрнинг дастлабки ҳафтасида чақирувлар сони бирмунча ошганига гувоҳ бўламиз.
Жумладан, пойтахтимизда жорий йил августнинг охирги 7 кунида чақириқларнинг умумий сони 18 минг 316та бўлган бўлса, сентябрь ойининг биринчи 7 кунлигида эса 19 минг 707тани ташкил этди. Бу кўрсаткичлар охирги ҳафтада чақириқларнинг умумий сони 1391тага ортганини кўрсатади. Айтиш лозимки, 1–7 сентябрь кунлари келиб тушган чақирувлардан 6145таси (умумий чақириқларнинг 31,2 фоизи) тана ҳароратининг ошиши, 3091таси (15,7 фоизи) ўткир респиратор касалликлари билан боғлиқ бўлган бўлса, 814 таси (4,1 фоизи) эса пневмония белгилари мавжуд беморлар томонидан амалга оширилган», дейди у.
Шулардан келиб чиқиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор аҳолини ҳушёрликка ва ҳар бир фуқарони ўзини ҳимоя қилиш қоидаларига қатъий амал қилишга чақирган.
«Агар одамлар қўлларини мунтазам ювиб, жамоат ҳамда иш жойларида тиббий ниқобни тўғри ва доимий тарзда тақиб юрса, ижтимоий масофани сақлашни унутмаса, нафақат коронавирус инфекциясидан, балки бошқа мавсумий ўткир респиратор касалликларидан ҳам ўзларини асрашлари мумкин бўлади. Ўзимиз ва яқинларимизни асрайлик! Саломатлигимиз ўз қўлимизда!», дейилади хабарда.
Мавзуга оид
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024
Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
17:25 / 20.07.2024
Дунё бўйлаб вабо тарқалиш хавфи жуда юқори баҳоланмоқда
19:59 / 09.07.2024