09:28 / 09.09.2020
6390

Бюрократик тўсиқларни камайтиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди

Жумладан, ишга кираётган шахсдан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатидан турар жойдан маълумотнома тақдим этиш шарти чиқариб ташланмоқда.

Қонунчилик палатасининг 2020 йил 8 сентябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида президентнинг 2019 йил 9 декабрдаги “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Парламент сайтида ёзилишича, қонун лойиҳаси билан “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ўрмон тўғрисида”ги қонунларга, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Меҳнат кодексига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, Меҳнат кодексининг 80-моддасига асосан ишга кираётган шахсдан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатидан турар жойдан маълумотнома тақдим этиш шарти чиқариб ташланмоқда. Депутатларининг сўзларига кўра, бунинг натижасида фуқаролар томонидан меҳнат шартномаларини тузишда ортиқча бюрократик тўсиқлар олиб ташланади ва сансалорликларга чек қўйилади.

“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунга маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг иш жойининг транспортда қатнаш жиҳатидан қулайлигини (йўл қўйиладиган узоқликда эканлигини) белгилаш функция ва вазифалари аҳоли бандлигига кўмаклашиш туман (шаҳар) марказларига ўтказилиши бўйича ўзгартириш киритилмоқда. Бу эса, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига хос бўлмаган ваколатлар тегишли аҳоли бандлигига кўмаклашиш туман (шаҳар) марказларига ўтказилишини англатади.

Юқорида санаб ўтилган қатор қонунлар нормаларига ҳам шу мазмундаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, жисмоний ва юридик шахслар, тадбиркорлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилишни назарда тутувчи функция ва ваколатлар чиқариб ташланмоқда ва бюрократик тўсиқларга чек қўйилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Top