Ҳуқуқ органлари ходимларининг тасвирини уларни “обрўсизлантириш мақсадида” тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланиши улар устидан жамоатчилик назоратини сусайтиради, ходимларнинг ваколатидан четга чиқиши ҳолатларини кўпайтиради ва энг асосийси, уларнинг хатто энг кичик хатолари учун ҳам сиёсий жавобгарлик юқори ҳокимият зиммасига тушади.
Шу кунларда Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси бир қанча янги қонун лойиҳаларини қабул қилди ва тасдиқлаш учун юқори палатага – Сенатга юборди. Агар Сенат ҳам тасдиқласа, қонунлар президентга юборилади.
Қонунчилик палатаси қабул қилган ва Ўзбекистон жамоатчилигининг норозилигига сабаб бўлаётган қонун лойиҳаларидан бирида ҳуқуқни мухофаза қилувчи орган ходимларининг тасвирларини уларни “обрўсизлантириш мақсадида” тарқатганлик учун 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси кўзда тутилмоқда.
Бу қонун лойиҳаси ҳозирга қадар жамоатчиликка кўрсатилмасдан тасдиқланмоқда ва қабул қилиниш томон кетмоқда.
Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон қонунчилигида ҳар қандай шахсни обрўсизлантириш бўйича тегишли моддалар бор. Яъни ким бўлишидан қатьи назар, у оддий фуқаро бўладими ёки давлат мулозими, уни обрўсизлантириш жавобгарликка сабаб бўлади.
Эндиликда эса илк марта ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларини иш вазифасини ўташ вақтида расмга, аудиога, видеога олиб тарқатиш ҳолатлари уларни “обрўсизлантириш” деб талқин қилинишига имкон берувчи қонун моддаси таклиф қилинмоқда.
Агар бу қонун лойиҳаси қабул қилинса, унинг оқибатлари нима бўлиши мумкин?
Биринчидан, бу куч ишлатар тизимларининг янада ёпилишига олиб келади. 2016 йилдан бошлаб, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ниш ура бошлади. Унга қадар сўз ва ахборот ташаббуси тўлиқ Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган эди.
Кейинги йилларда эса, сўз ва ахборот ташаббуси Ўзбекистоннинг ичига қайтди, жамиятда ўз муаммоларини айтиш ва англаш имконияти пайдо бўлди. Бу – иккинчи маъмуриятнинг йирик сиёсий капитали сифатида баҳоланди.
Лекин, агар юқоридаги қонун лойиҳаси қабул қилинса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тўлиқ ёпилишига имкон беради. Улар устидан жамоатчилик назорати яратилишини блоклайди.
Иккинчидан, бутун дунёда ички ишлар тизими – милиция ёки полиция ходимлари, давлат билан жамиятнинг тўқнашадиган чизиғида фаолият олиб боришади. Давлат ва унинг қонунларини, энг қуйи поғонада, айнан милиция ходимлари амалга ошириши керак.















