20:39 / 11.09.2020
49256

Жомбойда 40 нафар ўқитувчида коронавирус аниқланди

Бугун, 11 сентябрь куни халқ депутатлари Жомбой туман кенгашининг навбатдаги сессияси ўтказилди.

Фото: Жомбой туман ҳокимлиги

Унда мактаб ва мактабгача таълим муассасаларини санитар талабларга мувофиқ бирламчи воситалар билан таъминлаш, дезинфекция ишларини ташкил этиш, янги ўқув мавсумига тайёргарлик ҳолатини муҳокама қилиш ва таълим муассасалари фаолиятини тиклаш масалалари кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, бугун тумандаги 56 та умумтаълим мактабида 32 349 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Янги ўқув йилида 3 568 нафар бола 1-синфга қабул қилинган.

Сессия ишида депутатларга ахборот берган Жомбой туман халқ таълими бўлими мудири З.Юсупованинг маълум қилишича, янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида 48 та мактаб жамоасидан 1 934 нафар ўқитувчи тиббий текширувлардан ўтказилган. Текширув натижасида 40 нафар педагогда коронавирус аниқланган.

Юсупованинг маълум қилишича, вирус юқтирган ходимлар таълим жараёнига жалб этилмайди, улар онлайн тарзда иш фаолиятини давом эттириши мумкин. Яна 28 та мактаб ўқитувчиларидан олинган тест натижалари кутилмоқда.

Шунингдек, ахборотда айтилишича, мактабларда оралиқ масофани сақлаш, ўқувчиларни зарур тиббий воситалар билан таъминлаш чоралари кўрилган. Ҳар бир муассасада алоҳида тиббиёт хонаси ташкил этилган. Уларда тиббиёт бирлашмасидан бириктирилган ҳамширалар фаолият юритади.

Фото: Жомбой туман ҳокимлиги

Сессияда сўнгги кунларда коронавирусга чалинганлар сонининг ортишидан келиб чиқиб, янги ўқув йилини тумандаги иккита – 34 ва 38-умумтаълим мактабларида 14 сентябрдан эмас, 16 сентябрдан тажриба-синов сифатида бошлаш таклиф қилинди.

Шунингдек, COVID-19 аниқланмаган 12 та мактабда дарсларни 21 сентябрдан тегишли кетма-кетликда бошлаш мавзуси кун тартибига қўйилди. Қолган мактаблар фаолиятини тиклаш вазиятдан келиб чиқиб ҳал қилиниши тавсия этилди.

Сессияда мактабгача таълим бўлими мудири берган ахборот депутатлар томонидан қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Туман Мактабгача таълим бўлими мудири Д.Облоқулова ҳудуддаги болалар боғчалари фаолиятини 14 сентябрдан тиклашни таклиф қилди.

Депутатлар томонидан ахборотда айнан қайси МТМлар мавсумга тайёр эканига ойдинлик киритилмагани танқид қилинди. Шунингдек, бу борада ўтказилган сўровномага кўра, 44,7 ота-оналарнинг розилик билдириши қарор қабул қилиш учун камлик қилиши айтилди.

Сессияда мактабларда янги ўқув йилини 16 сентябрдан босқичма-босқич тарзда бошлаш таклифи маъқулланди. Туман МТТ мудирининг ахбороти депутатлар томонидан рад этилди ва кейинги сессияларда қайта кўриб чиқилиши белгиланди. Яъни, Жомбойдаги боғчалар очилишига ҳозирча рухсат берилмади.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top