Ўзбекистон | 08:03 / 11.09.2020
5873
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Покистон портларининг инфратузилмасидан фойдалана бошлайди

Ўзбекистон ва Покистон транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиради.

Жорий йилнинг 10 сентябрь куни Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг ташрифи доирасида бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов Покистон денгиз ишлари бўйича федерал вазири Али Ҳайдар Заиди билан музокаралар ўтказди.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги хабарига кўра, музокаралар чоғида ҳар икки давлат ҳудудлари орқали юк ташишни жадаллаштириш бўйича биргаликда чоралар кўриш ва транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутиб транспорт ва логистика ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича икки томонлама шериклик қилиш масалалари муҳокама қилинди. 

Томонлар Ўзбекистон ва Покистон товарларининг ҳар икки мамлакат бозорларига эркин киришининг таъминланиши ўзаро савдо айланмаси кўрсаткичларининг сезиларли даражада ўсишига хизмат қилиши тўғрисида ягона фикрга келдилар.

Шу йўналишда Покистон томони Ўзбекистон "Гвадар", "Карачи" ва "Қосим" портларининг ривожланган инфратузилмасидан фойдаланиши учун мақбул шарт-шароитларни биргаликда ишлаб чиқишда маслаҳат ва техник ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди ва бунинг учун яқин келажакда Покистонга транспорт соҳасидаги бир гуруҳ ўзбекистонлик экспертлари юборилади.

Музокаралар якунида муҳокама этилган йўналишлар бўйича амалий ҳамкорлик механизмларини ишлаб чиқиш ва келишиш мақсадида Ўзбекистон Транспорт вазирлиги, Покистон Денгиз ишлари бўйича федерал вазирлиги ва Покистон Миллий логистика корпорацияси (PNSC) раҳбарлари даражасида ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида келишувга эришилди.

Мавзуга оид