Жаҳон | 17:41 / 11.09.2020
7349
2 дақиқада ўқилади

Украинада Порошенкога қарши 15та янги иш очилди

Жиноят ишлари хусусан, "ҳудудий яхлитликка тажовуз қилиш", "давлат ҳокимиятини эгаллаш", "давлатга хиёнат", "ўзганинг мулкини эгаллаб олиш", "терроризмни молиялаштириш" каби моддалар билан қўзғатилган.

Фото: Reuters

Украина хавфсизлик хизмати мамлакатнинг собиқ президенти Пётр Порошенкога қарши  15та янги иш қўзғатди. Бу ҳақда унинг адвокати Игорь Головань маълум қилди.

 "Тўртинчи сентябрда мухолифат кучлари етакчиси, Украинанинг бешинчи президенти Пётр Порошенкога қарши оз эмас-кўп эмас 15та янги иш пайдо бўлди. Бу сафар  Украина хавфсизлик хизмати томонидан", - деди Головань.

Унинг сўзларига кўра, ишлар хусусан, "ҳудудий яхлитликка тажовуз қилиш", "давлат ҳокимиятини эгаллаш", "давлатга хиёнат", "ўзганинг мулкини эгаллаб олиш", "терроризмни молиялаштириш" каби моддалар билан қўзғатилган.

2019 йил октябрда давлат тергов бюросида Порошенко 12та жиноят иш бўйича гувоҳ сифатида қатнашаётгани маълум қилинганди. Декабрда эса бюро Украинанинг собиқ президентига 2015 йилда Минск келишувларини имзолаш вақтида давлатга хиёнат қилганлик бўйича жиноят иши қўзғатган.  

 2020 йил апрелда Украина бош прокуратураси Порошенкога нисбатан 2017 ва 2019 йилларда олий судга судьяларни тайинлаш ҳақидаги фармонлар бўйича бирданига 4 та модда бўйича янги жиноят иши қўзғатган. 20 май куни собиқ президентга нисбатан бир неча киши Украинанинг собиқ бош прокурори Виктор Шокинни истеъфога жўнатишни муҳокама қилаётган аудиоёзувлар сабабли давлатга хиёнат ва ваколатларини суиистеъмол қилиш моддалари бўйича яна бир иш очилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид